“Лукойл”, график, тежамкорлик ва ўғриликлар — Шерзод Хўжаев свет масаласида нималарни гапирди?
Блэкаут хавфи туфайли Ўзбекистонда электр таъминотида чекловлар ўрнатишга тўғри келмоқда. Ҳали қаттиқ совуқ тушмай туриб, жойларда соатлаб “свет” ўча бошлади. Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев 16 ноябр кунги матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.
Хўжаевнинг тушунтиришича, электр таъминотидаги узилишларнинг энг асосий сабаби – газ танқислиги. Чунки электр энергиясининг 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади.
“Мен очиқ айта оламан, бугунги кунда электр таъминотидаги узилишларнинг 90 фоизининг сабаби – электр тармоқларининг эскиргани ёки қуввати камлиги эмас, балки электр станцияларимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ёқилғи етишмаслигидир”, – деди у.
Қуйида турли журналистлар берган саволлар ва уларга вазир ўринбосарининг жавоблари келтириб ўтилади.
— Аввалги ҳокимият даврида «Лукойл» компанияси билан газ қазиб чиқариш бўйича тузилган узоқ муддатли шартнома шартлари давлат ва жамият манфаатларига зид бўлгани ҳақида айтилади. Мамлакат ичидаги газ танқислиги билан боғлиқ вазиятга сабаблардан бири ҳам айнан мана шу шартнома экани тахмин қилинади. Ҳукумат шартнома шартларини ўзгартиришни ўйламаяптими?
— «Лукойл» компанияси бир кунлик режасини 101,4 фоизга бажарган. Ой бошидан қарасак ҳам ички бозорга йўналтириш бўйича барча мажбуриятларини бажаряпти. Шартнома шартларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон манфаатларига зид ёки зид эмас деб бугунги кунда баҳо беришимиз бирмунча нотўғри. Чунки шартнома тузилаётган вақтдаги шароит қайсидир шартноманинг параметрларини тақозо этган. Лекин газ тақчиллиги бу шартнома шартларига боғлиқ эмас. Бу компания ҳам ўз мажбуриятларини бажаряпти.
– Республиканинг айнан чекка ҳудудларида 10-12 соатлаб ток ўчирилиши ҳаққонийми?
– Йўқ, бир соат ўчирилиши ҳам ҳаққоний эмас. Бу бугунги кунда мажбурликдан кўрилган чора. Ҳар куни сурункали равишда 12 соатлаб ўчирилаётган ҳудудлар ҳақида маълумот берсангиз, буни ўрганиб чиқамиз. Чекловлар жадвали ишлаб чиқилган. Қайсидир ҳудудларда чеклов жадвалларига риоя қилмасдан, ярим соат ё бир соат ўрнига 12 соат ўчирилаётган бўлса, биринчи навбатда бунинг сабабини ўрганамиз, иккинчи навбатда агар инсон омили бўлаётган бўлса, ана шу ходимларга нисбатан чора кўрамиз.
— Қозоғистон, Туркманистондаги аҳвол биздан яхшилигига гувоҳ бўляпмиз. Нимага уларда аҳвол яхши-ю, бизда ачинарли?
— Очиқ айтишим мумкинки, электр энергиясига бўлган талабнинг ўсиши суръатлари борасида бизга қўшни бирорта мамлакатни Ўзбекистон билан солиштириб бўлмайди. Яъни охирги 5 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш, етказиб бериш йиллик ҳисобда энг юқориси Ўзбекистонда. Бирорта қўшнимизда йиллик 7-8 фоиз (электр энергиясига талаб ошиши) йўқ.
Бу яхшими, ёмонми? Бир томондан талаб ўсиши иқтисодиёт ўсаётганидан далолат беради. Электр энергиясидаги узилишлар 12 ой давомида учрайдиган сурункали муаммо эмас, мавсумий муаммо. Мавсумий бўлмаган даврда ҳам электр энергиясига бўлган талаб йилдан йилга ортяпти – тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш ва аҳоли турмуш даражасининг ортиши ҳисобига.
Ўзбекистонда ҳар бир хонадонга тўғри келадиган электр энергияси йиллик истеъмолини солиштирадиган бўлсак, бизда қўшнилардан бирмунча юқори. Йилига тадбиркорлик субъектлари ортиб бориши барча қўшниларимиздан кўра кўпроқ: йилига 70-75 мингта янги истеъмолчи тармоқларимизга уланади.
[…] Энергияни тежаб ишлатиш умуммиллий ғояга айланиши керак. Бу борада биз сизлардан ёрдам сўраймиз. Тарғибот-ташвиқот ишларини юритиб, иқтисод қилишни ўрганмасак, таъминотни қанча оширганимиз билан барибир бу ресурс кимгадир етиб бормайди.
— Биздаги мавжуд эҳтиёжга нисбатан ишлаб чиқариш 15 млн киловаттга кам дедингиз. Нима учун бу камомад чекка ҳудудлар ҳисобига қопланиши керак? Чекка ҳудудлардаги аҳоли ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилолмайди, уларни узсак бўлаверади, деган тушунча борми?
— Вилоят марказлари ва пойтахтда электр энергияси, очиғини айтиш керак, энг кўп исроф қилинади. Кўчадаги иллюминация бўлсин, кераксиз чироқлар бўлсин… Мана шу йўналишда янги иш тартибини жорий этдик – маълум бир соатдан кейин беҳуда ёниб турган чироқларни 100 фоиз ўчириш, маълум соатлар оралиғида реклама иллюминациясига сарфланаётган электр энергиясини тўлиқ тўхтатиш ва мана шу иқтисод қилинган электрни сиз айтган чекка ҳудудларга етказиш…
Исроф қилиш масаласи электр энергияси мунтазам етказиб берилаётган ҳудудларда жуда долзарб, булар – Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказлари. Чекка ҳудудларда электрнинг қадрига етишгани учун одамлар исроф қилишмайди.
Бизни энг кўп қийнайдиган масала – биноларни иситиш. Қаердадир табиий газ билан, қаердадир электр энергияси билан беҳуда иситиш ҳолатлари ҳам жуда кўп, шунга қарши курашиш керак. Бу қўшимча электр ишлаб чиқариш борасида ўйламаслик керак дегани эмас. Шу 8-10 фоизгача ишлаб чиқаришни орттириб боришимиз шарт. Масаланинг бир томони тежаш бўлса, иккинчиси – ишлаб чиқаришни ва энергосамарадорликни ошириш.
— График ҳақида гапирдингиз, чекловлар қаерларга қандай жорий қилинмоқда?
— Ягона энергетика тизимида қувват танқислиги юзага келган ҳолларда электр энергияси юкламасини чеклаш бўйича графиклар ишлаб чиқилган. Меъёрдан ортиқча вақт давомида ўчирилаётган ҳудудлар аниқланса, чора кўрамиз. Лекин бугунги кундаги бор тақчиллик 8-10 соат ўчиришни тақозо этмайди.
— Яқинда Президент администрацияси раҳбари газ қуйиш шохобчаларида газ ўғриликлари ҳақида гапириб, чоралар кўрилишини айтди. Бу борада тадбирлар ўтказилдими? Ўғри шохобчалар кимлар ва уларга қандай чоралар кўриляпти?
— Тадбирлар давом этяпти. Тўғри қабул қилишимиз керак, республикада мингдан ошиқ метан-шохобчалар бор. Бу ердаги тадбирлар ҳали ҳам давом этяпти. Ишонтириб айтаманки, тадбирлар якунлари бўйича қаерда қандай ўғрилик аниқланди, қайси шохобча қанча ўғирлаган, унга бу ишни қилишда қайси ходимимиз ёрдам берган – ҳаммасини очиқлаб, кенг оммага етказамиз.
— Ҳозиргина 1 соатдан ошиқ ток ўчса, ўша ҳудуд мутасаддиларига чора кўрилиши айтилди. Шу пайтгача бу борада қанча мансабдорга чора кўрилди?
— Бугунги кунга қадар киритилган чекловлар мажбурий равишда, қувват танқислиги чекловлари учун қуйидаги ходимларимизни жавобгарликка тортишимиз нотўғри бўлади. Етарли миқдорда ишлаб чиқарилмаганидан кейин токни етказиб беролмайди. Шундай бўлса-да, чеклов графигида 1 соат кўрсатилган бўлса-ю, амалда 7-8 соат ўчирилаётган бўлса, албатта чоралар кўрамиз.
— Қанақадир ишонч телефони ёки бот ташкил қилинса, яхши бўлармиди?
— Электр таъминотидаги узилишлар учун 1154 қисқа рақами, газ таъминотидаги узилишлар учун 1104 рақами бор. Telegram-бот орқали мулоқот қилишни ҳам йўлга қўямиз.
Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор ва монтаж устаси Абдусалим Абдувоҳидов.
Мавзуга оид
18:47 / 11.07.2024
Декабр ойида иккита энергия сақлаш мажмуаси ишга тушади — Шерзод Хўжаев
18:27 / 10.07.2024
Энергорегулятор раҳбари бозорга ўтишнинг биринчи босқичи қандай бўлишини тушунтирди
17:11 / 10.07.2024
Шерзод Хўжаев энергорегуляторга табиий газ соҳаси бўйича ваколат берилмаганини изоҳлади
10:21 / 07.06.2024