00:29 / 18.11.2022
11449

«Реал» - йилнинг энг яхши клуби, Бензема – йил ўйинчиси, Анчелотти – энг яхши мураббий. Globe Soccer Awards-2022 лауреатлари эълон қилинди

Фото: Getty images

«Реал», Бензема, Анчелотти – тенгсиз, Рамос – тарихдаги энг яхши ҳимоячи. Globe Soccer Awards-2022 лауреатлари эълон қилинди

Бирлашган Араб Амирликларида анъанавий Globe Soccer Awards маросими бўлиб ўтди.

Дубайда ўтган тантанали маросимда «Реал» клуби йилнинг энг яхши футбол клуби деб топилди. ЕЧЛ ва Ла Лига ғолиби саналмиш Мадрид клуби бу борада «ПСЖ», «Манчестер Сити», «Милан», «Рома», «Ливерпуль», «Палмейрас», «Фламенго», «Ал-Ҳилол» ва «Видад» клубларини ортда қолдирди.

Энг яхши мураббий сифатида эса «Реал» бош мураббийи Карло Анчелотти танланди.

Жаҳоннинг 2022 йилдаги энг яхши футболчиси дея Карим Бензема эълон қилинди. Франциялик форвард Тибо Куртуа («Реал Мадрид»), Роберт Левандовски («Барселона»), Лионель Месси, Килиан Мбаппе (иккиси ҳам – «ПСЖ»), Эрлинг Ҳоланд («Манчестер Сити»), Криштиану Роналду («Манчестер Юнайтед»), Луис Диас, Муҳаммад Салоҳ ва Садьо Мане (барчаси – «Ливерпуль») сингари ўйинчиларни ортда қолдирди.

Бензема ўтган мавсум Ла Лига ва ЕЧЛда ғолиб бўлиш билан бирга энг яхши тўпурарга айланганди.

Маросимда Tik-Tok ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари овозларига кўра ҳам йил футболчиси эълон қилинди. Унга кўра, «Ливерпул»нинг мисрлик ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ энг яхши ўйинчи деб топилди.

«ПСЖ» ҳимоячиси Серхио Рамос футбол тарихидаги энг яхши ҳимоячи сифатида соврин билан тақдирланди. Испания миллий жамоаси, «Реал» ва «Севилья» клуби собиқ футболчиси маросимда совринни қабул қилиб олди.

Шунингдек, фаолияти давомидаги ютуқлар учун Златан Ибраҳимович («Милан»), Уэйн Руни («Манчестер Юнайтед») ва Ромарио («Васко да Гама») соврин билан тақдирланди.

«Милан»даги фаолияти учун италиялик менежер Адриано Галлиани ҳамда «Астон Вилла» бош мураббийи Унаи Эмери мураббийлик фаолияти учун совринга муносиб топилди.

«Милан» клуби раҳбариятида фаолият юритаётган Паоло Мальдини ва Фредерик Массари йилнинг энг яхши спорт директорлари деб эълон қилинди. 
 

Top