19:40 / 18.11.2022
14410

Икки кунлик чақалоғини 35 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл 5 йилга қамалди

У ҳомиладорлик вақтида ҳали туғилмаган фарзандини танишига 35 минг долларга сотишга келишади. Аёл шу йил 15 июнь куни дунёга келган ўғлини сотаётган вақтида ушланган.

Фото: AP

Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида одам савдоси жиноятида айбланган 28 яшар аёлга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Судда аёл моддий томондан қийналиб қолгани учун ҳомиладорлик вақтида туғилажак фарзандини танишига сотмоқчи бўлганини таъкидлаб, айбига тўлиқ иқрор бўлган.

“Ҳомилам 7 ойлик бўлган вақтида Сирғали туманида, аммамнинг уйида яшаётгандим. Ўша ерда танишим билан учрашиб қолдим. Уни бир неча йиллардан бери болали бўлолмаётганлигини билганман. Шунда унга кўчадан 600 доллар қарзим борлигини, 600 долларни берса, ҳозироқ болани кесарча кесиш усулида туғиб уларга беришимни айтдим. Танишим бола 9 ойлик бўлиб туғилиши кераклигини, ҳозирда пули йўқлигини маълум қилди.

Орадан бир неча ҳафта ўтгандан сўнг, унга бир неча бор қўнғироқ қилиб, пул кераклигини, 100-200 доллар бериб туришини сўрадим. У менга ишонмаслиги, шу пайтгача бир неча бор алдангани, бола унга керакмаслигини, ҳозир пул бермаслигини айтди. Сўнгра у менга қайтиб қўнғироқ қилиб, кўришишни сўради. Кўришдик. У 2 та шериги билан бирга келиб болани қанчага сотишимни сўради.

Улар болани сотгандан сўнг қайтариб олмаслик учун хоҳлаган суммамни айтишимни сўрашди. Уларга қарзларим борлиги, шуларни ёпишга етадиган пул етарли эканини айтдим. Танишим менга болани сотишим эвазига уй олишим мумкинлигини айтди. Уйим бўлмагани учун бу таклиф маъқул келди ва танишимга бола учун 35 минг доллар беришини айтдим”, дейди судланувчи.

Шу йил аёл 15 июнь куни ўғил фарзанд кўради. 17 июнь куни уни 35 минг долларга сотаётган вақтида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбир пайтида ушланган.

Суд ҳукмига кўра, 28 яшар аёл Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

2021 йилда 20 нафар ўғил ва 27 нафар қиз бола чақалоқлар савдоси объектига айланган.

Ўзбекистонда одам савдоси жиноятлари охирги 5 йилда 6 бараварга камайган, лекин унинг таркибида чақалоқ ва болалар савдоси салмоғи ҳар йили сурункали равишда ошиб бормоқда. Чақалоқ савдоси қурбонларининг деярли 90 фоизи – 1 ёшгача бўлган болалардир.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти масъул ходими Наргиза Ҳожибоева боланинг онаси ижтимоий ҳимояланмагани чақалоқ савдоси кўпайиб бораётганининг асосий сабаблардан бири эканини таъкидлаганди.

Top