15:27 / 21.11.2022
24790

ЖЧ-2022. Мундиалда порлаши кутилаётган 10 нафар ёш футболчи

Улар ҳали 20 ёшга кирмаган, аммо ҳар бири жаҳон даражасидаги футболчига айланиши мумкин.

Фото: Спорт-Экспресс

Зено Дебаст, Бельгия

  • Ёши: 19 ёш
  • Клуби: «Андерлеҳт»
  • Амплуаси: марказий ҳимоячи

Роберто Мартинес бошқарувидаги Бельгия терма жамоасида анъанага кўра уч марказий ҳимоячи ўйнайди. Бундай схемада Тоби Алдервейрелд ва Ян Вертонгенга жой кафолатланган, Венсан Компани футболчилик фаолиятини якунлаганидан кейин эса уларнинг шериги мунтазам равишда ўзгариб туради. Катта эҳтимол билан бу сафарги жаҳон чемпионатида мудофаадаги учинчи футболчи 19 ёшли Зено Дебаст бўлади. Сентябр ойидаги ўйинларда Мартинес уни икки бор бошланғич таркибда туширди.

Дебаст — «Андерлеҳт» тарбияланувчиси ва клубнинг жорий мавсумдаги кам сонли алмаштириб бўлмас футболчиларидан бири. Эътиборли томони, Дебастнинг катта футболдаги дебюти бир ярим йил муқаддам айнан Компани клуб бош мураббийи эканида рўй берганди. Энди эса ушбу ёш футболчини Венсан билан таққослай бошлашди: Goal яқинда уни ўз мақолаларидан бирида «янги Компани» деб атади.

Зено Дебаст. Фото: Global Look Press

Антониу Силва, Португалия

  • Ёши: 19 ёш
  • Клуби: «Бенфика»
  • Амплуаси: марказий ҳимоячи

Баҳорда ушбу келишган футболчи ҳақида фақатгина «Бенфика»нинг ашаддий мухлислари билишарди, энди эса Силва жаҳон чемпионатига келмоқда. Антониу лиссабонликлар клуби асосий таркибида фақат август ойи охирига келиб дебют қилди, аммо у тезда бошланғич таркибдан мустаҳкам жой эгаллади ва Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги барча ўйинларда 90 дақиқадан ўйнади, «Бенфика» «ПСЖ» ва «Ювентус»ни (Силва туринликлар дарвозасига гол ҳам урди) ортда қолдириб, гуруҳда биринчи ўринни эгаллади.

Португалия термасида Силва дебютини фақат 17 ноябр кунига келиб амалга оширди, шу куни Нигерияга қарши ўртоқлик учрашувида (4:0) тўлиқ ҳаракат қилди, аммо Евро-2016 арафасида Ренату Саншеш ҳам шу каби ҳолатда эди, у ўшанда турнир давомида миллий жамоа асосий таркибига кирган ва чемпионатнинг энг яхши ёш футболчиси бўлиб, Португалияга олтин медалларни қўлга киритишда ёрдам берганди. Силвадаги ўсиш суръатларига қараб, у ҳам шу турнирда жамоанинг асосий футболчисига айланишини кутиш мумкин.

Антониу Силва. Фото: AFP

Юссуфа Мукоко, Германия

  • Ёши: 18 ёш
  • Клуби: «Боруссия» Дортмунд
  • Амплуаси: ҳужумчи

Жаҳон чемпионатининг энг ёш футболчиси — Мукоко турнир старти куни 18 ёшга кирди. «Боруссия» форварди ҳам Силва каби шу кунларда Германия катталар жамоасида биринчи ўйинини ўтказди - Уммонга қарши ўйинда (1:0) бир бўлим ўйнади, у Қатарга шунчаки олиб кетилмаяпти. Немислар жамоасида ҳужум чизиғида жиддий муаммолар юзага келган, қолаверса Тимо Вернер жароҳат олди. Мураббийда шунчаки танлов йўқ.

Мукоко — тезкор футболчи. У Дортмундда икки йил олдин, эндигина 16 ёшга кираётганида дебют қилган, ўшанда бирданига икки рекордни янгилаган — аввалига бундеслига тарихидаги, кейин Чемпионлар лигаси тарихидаги энг ёш футболчига айланган. Ҳозирда Мукоко «Боруссия» сафида мунтазам равишда ўйнамоқда ва бу мавсумда олти гол уриб улгурди.

Юссуф Мукоко. Фото: Global Look Press

Жамал Мусиала, Германия

  • Ёши: 19 ёш
  • Клуби: «Бавария»
  • Амплуаси: ҳужумкор яримҳимоячи

Германиялик яна бир истеъдодли футболчи, аммо у аллақачон терма жамоанинг асосий футболчиси. Евро-2020 турнирида Мусиала икки бор захирадан майдонга тушганди, аммо бир ярим йил ўтиб, сезиларли ўсишга эришди ва эндиликда «Бавария»нинг ҳам, бундестимнинг ҳам ҳужумлари унинг иштирокисиз кечмаяпти. Германия гегемони таркибида Жамал алмаштириб бўлмас футболчига айланган — у ҳали 20 ёшга кирмаган бўлишига қарамай, мундиал арафасида мюнхенликлар клубидаги 100-ўйинини ўтказди.

Мусиаланинг отаси — келиб чиқишига кўра нигериялик бўлган Британия фуқароси, унинг ўзи ҳам «Челси» тарбияланувчиси бўлган ва Англиянинг кичик ёшдаги жамоаларида ўйнаган. Аммо 16 ёшида «Бавария»га ўтгач, Жамал Германия шарафини ҳимоя қила бошлади, бунда унинг германиялик онаси муҳим рол ўйнади.

Жамал Мусиала. Фото: Global Look Press

Юнус Муса, АҚШ

  • Ёши: 19 ёш
  • Клуби: «Валенсия»
  • Амплуаси: марказий яримҳимоячи

Мусиала каби Муса ҳам Англиянинг ўсмирлар жамоасида ўйнаган ва Британия топ-клубида («Арсенал») тарбияланган, аммо катта ёшлилар даражасида ўз ватани учун ўйнашга қарор қилди. АҚШ термасидагилар бундан фақат мамнун бўлишди — Муса аллақачон юлдуз-йўлли футболкада ўнлаб ўйинларда майдонга тушган ва Қатарга асосий таркиб футболчиси сифатида ташриф буюрган.

Юнуснинг клуб даражасидаги фаолияти ҳам ёмон кечмаяпти — у «Валенсия» сафида доимий ўйин амалиётига эга, лекин ҳозирча самарадорлик кўрсаткичлари билан мақтана олмайди.

Юнус Муса. Фото: Global Look Press

Гави, Испания

  • Ёши: 18 ёш
  • Клуби: «Барселона»
  • Амплуаси: марказий яримҳимоячи

«Барселона» ҳавбеки Гави ҳозирча жамоавий соврин қўлга киритмаган бўлса-да, 18 ёшигача кўплаб шахсий мукофотлар ва эътирофларга сазовор бўлган. У иккита индивидуал соврини билан мақтаниши мумкин — Golden Boy мукофоти ва Раймон Копа соврини (иккиси ҳам Европа ва дунёнинг энг яхши ёш футболчиларига берилади).

Гавининг исми «Барселона»нинг ҳозирги бош мураббийи бўлган клуб афсонасиники билан ўхшаш. Позицияси ҳам, майдонда бажарадиган функциялари ҳам, танасининг шаклий кўриниши (антропометрия) ҳам — барчаси кўк-анорранглилар сафида янги Хави ўсиб келаётганини кўрсатади.

Гави. Фото Global Look Press

Педри, Испания

  • Ёши: 19 ёш
  • Клуби: «Барселона»
  • Амплуаси: марказий/ҳужумкор яримҳимоячи

Агар Гави — янги Хави бўлса, Педри — янги Иньестадир. Ўринларни алмаштириш ҳам мумкин, бу унча муҳим эмас. Муҳими шуки, «Барселона» ва Испания термасида чиндан ҳам сайёра миқёсидаги юлдузга айланиши мумкин бўлган истеъдодли футболчилар пайдо бўлган.

Педри ҳам Гави каби Golden Boy ва Раймон Копа совринларига эга. У Евро-2020 чемпионатининг энг яхши ёш футболчиси сифатида ҳам тақдирланганди, ўшанда у Испания термаси билан олти ўйинда тўлиқ ҳаракат қилган. Жароҳатлар Педрининг ўтган мавсумдаги ўсишини секинлаштириб қўйди, аммо у ҳозирда соппа-соғ ва Гави билан бирга жамоасини жаҳон чемпионати финалига олиб чиқишга бел боғлаган.

Педри. Фото: Reuters

Чави Симонс, Нидерландия

  • Ёши: 19 ёш
  • Клуби: ПСВ
  • Амплуаси: ҳужумкор яримҳимоячи

Симонс — аллақачон жаҳон юлдузига айланган дейиш мумкин. Аммо ҳозирча футболда эмас, балки ижтимоий тармоқларда. Нидерландиялик яримҳимоячининг инстаграм саҳифасига 4,2 миллион киши обуна бўлган.

Чави фанатлар базасини тўплашни бошлаганига анча вақт бўлди. 14 ёшида, яъни тўрт ярим йил муқаддам унга миллиондан ортиқ киши обуна бўлганди. Ўшанда Симонс «Барселона» академиясида ўйнарди ва шунчаки турли трюклари, голлари ва челленжлардаги видеоларини ижтимоий тармоққа жойларди, унинг ташқи кўриниши эса эффектни кучайтирарди. 2019 йилда Симонс «Барселона»дан «ПСЖ»га кўчиб ўтди — бу французлар клубининг янги аудиторияни жалб этишга қаратилган ҳаракати бўлганди.

Аммо Симонс ўйнашни истарди, шу туфайли ёзда ПСВ аъзосига айланди. Бу ерда эса дарҳол ёрқин ўйин намойиш эта бошлади — у мавсумнинг биринчи қисмида жамоаси учун ўн гол уриб, уч голга узатма берди. Луи ван Гаал бундай статистикани эътиборсиз қолдира олмасди ва у Чавини терма жамоага у билан селфи тушиш учун чақирмагани аниқ.

Чави Симонс. Фото: Twitter / xavisimons

Аннибал Межбри, Тунис

  • Ёши: 19 ёш
  • Клуби: «Бирмингем Сити» («Манчестер Юнайтед»дан ижарага олинган)
  • Амплуаси: ҳужумкор яримҳимоячи

Экзотик соч турмаги ва улкан талантга эга бўлган яна футболчи. Межбрида ҳозирча Чави Симонсдаги каби кўп мухлислар йўқ, лекин у аллақачон миллий жамоа сафида йигирмага яқин ўйин ўтказиб улгурган. Тунис учун Межбри — ҳақиқий юлдуз, у «Манчестер Юнайтед» аъзоси, гарчи бу мавсумда «Бирмингем» сафида чемпионшипда ўйнаётган бўлса-да.

Аннибал (ёки арабча айтилса, Ҳаннибал) Францияда туғилган ва ушбу мамлакат ёшлар жамоаларида ўйнаган. 16 ёшида у «Монако» академиясидан «Манчестер Юнайтед»га кўчиб ўтган, кейин эса тарихий ватани шарафини ҳимоя қилишга қарор қилган.

Аннибал Межбри. Фото: Global Look Press

Жуд Беллингем, Англия

  • Ёши: 19 ёш
  • Клуби: «Боруссия» Дортмунд
  • Амплуаси: марказий яримҳимоячи

Беллингем — аллақачон профессионал футболчи сифатида шаклланган. Дортмундда 19 ёшли яримҳимоячининг аҳамияти шу даражадаки, октябр ойида унга сардорлик боғичини ишониб топширишди. Жуднинг ҳаракатланиш спектри чегара билмайди — у майдон марказида ўйнайди ва улкан ҳажмдаги қора ишларни бажаради, шу билан бирга, Чемпионлар лигасининг жорий мавсумида гуруҳ босқичининг дастлабки тўрт турида қаторасига гол урди.

Евро-2020 кумуш медал совриндори бўлган Беллингем ўшанда фақат уч ўйинда захирадан ўйинга қўшилганди, аммо Қатарда ушбу ҳавбек асосий таркибда ўйнаши аниқ — ҳозир унинг Англия миллий жамоаси ўйинига таъсири жуда катта. Ёш ҳавбек кейинги ёзда топ-клуб сафига ўтиши ойдинлашган — Беллингем учун «Ливерпул», «МЮ», «Реал», «Челси» ва «Манчестер Сити» каби грандлар кураш бошлаган.

Жуд Беллингем. Фото Global Look Press
Мавзу
Қатар-2022
20 ноябр куни Қатарда футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланди.
Барчаси
Top