Жаҳон | 08:04 / 21.11.2022
9436
3 дақиқада ўқилади

Саакашвилининг тарафдорлари унинг хорижда даволанишини талаб қилмоқда

Грузия собиқ президентини қўллаб-қувватловчи оммавий акция ташаббускори сиёсатчининг 80 ёшли отаси Николоз Саакашвили бўлди. Тадбирда мингга яқин киши қатнашди.

Фото: EPA

20 ноябрь, якшанба куни Тбилисида Грузиянинг учинчи президенти — Михаил Саакашвилини қўллаб-қувватловчи оммавий митинг бўлиб ўтди. DW мухбирининг воқеа жойидан хабар беришича, Грузия ҳукумати идораси олдига йиғилган сиёсатчи тарафдорларининг асосий талаби Саакашвилини хорижга даволаниш учун юбориш бўлган.

Акцияни шифокорлар уюштирган, улар Михаил Саакашвилининг тарафдорларидан сиёсий талаблар билдирмасликни сўрашган. DW мухбирининг хабар беришича, тадбирда мингга яқин одам қатнашган.

2022 йил май ойи ўрталаридан Грузиянинг собиқ президенти қамоқхонадаги икки очлик эълон қилиш акцияси туфайли соғлиғи ёмонлашгани учун Тбилисидаги Vivamed клиникасида ётибди. Михаил Саакашвили деразалари панжарали палатада ва қуролланган қўриқчилар назоратида сақланяпти.

Шифокорлар фикрича, сиёсатчининг соғлиғи ёмонлашган ва ўлимга яқин. Айни пайтда, собиқ президент тарафдорлари Грузияда керакли даражадаги мутахассислар йўқлигига ишонч ҳосил қилишмоқда, шунинг учун расмийлар Михаил Саакашвилига хорижда даволаниш имкониятини бериши керак.

Сиёсатчининг отаси, таниқли грузиялик шифокор Николоз Саакашвили ҳам акцияга чақирди. 18 ноябрь куни у ижтимоий тармоқларда ўғлининг тарафдорларидан «Грузия мамлакат президентлари учун қассобхонага айланишига йўл қўймасликни» сўради.

Шу куни Грузиянинг «Эмпатия» қийноқ ва зўравонлик қурбонларини психо-реабилитация қилиш халқаро маркази раҳбари Мариам Жишкариани Михаил Саакашвилининг соғлиғи ҳолати бўйича ўз фикрлари тайёр бўлганини, унинг оиласига топширилганини ва хорижлик мутахассисларга юборилишини айтди. Шифокорлар беморга ўндан ортиқ ташхис қўйишди. Улардан баъзилари, Жишкарианининг сўзларига кўра, оғир ва қамоқдан озод қилиш мезонларига жавоб беради.

Михаил Саакашвили 29 сентябр куни яширинча ватанига қайтиб келди ва 2021 йил 1 октябрда унга сиртдан чиқарилган икки ҳукм асосида ҳибсга олинди. Саккиз йил давомида Грузияда бўлмаганида, у мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланиб, олти йилга қамалган. Бундан ташқари, унга нисбатан яна учта жиноий иш судда кўриб чиқилмоқда. Собиқ президентнинг ўзи ўзини сиёсий маҳбус деб билади ва айбловлар уйдирма эканини таъкидлаб келади.

У ҳибсга олинганидан сўнг дарҳол очлик эълон қилди, бу жараён 50 кун давом этди ва Горидаги ҳарбий госпиталга ўтказилгандан кейингина тўхтади. Бироқ 21 февраль куни қамоқхонага қайтгач, у яна 20 кун давом этган очлик эълон қилди.

19 ноябрь куни сиёсатчининг адвокати Валерий Гелбахиани Михаил Саакашвили ҳибсга олинганидан кейин заҳарланганини маълум қилди. У сиёсатчининг танасидан топилган заҳарли моддалар санаб ўтилган хорижлик экспертларнинг хулосаси асосида шундай фикрга келди. Михаил Саакашвилининг онаси Гиули Аласания журналистларга гап оғир металлар - симоб, барий ва таллий ҳақида кетаётганини айтди. Яқин кунларда Михаил Саакашвилини хорижий клиникага ўтказиш талаби судда кўриб чиқилиши керак.

Мавзуга оид