Жаҳон | 23:41 / 29.09.2025
4211
2 дақиқада ўқилади

Суд Саакашвилига Гуржистон бюджетига уч миллион доллар тўлаши ҳақида ҳукм чиқарди

2025 йил март ойида Тбилиси суди Саакашвилини катта миқдордаги бюджет маблағларини растрата қилишда айбдор деб топган эди.

Фото: Getty images

Тбилиси шаҳар суди Гуржистоннинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ва Давлат махсус қўриқлаш хизмати собиқ раҳбари Теймураз Жанашияга мамлакат бюджетига қарийб 9 миллион лари (3,3 миллион доллар) миқдорида товон тўлаш мажбуриятини юклади. Бу ҳақда «Грузия Online» хабар берди.

2025 йил март ойида Тбилиси суди Саакашвилини катта миқдордаги бюджет маблағларини растрата қилишда айбдор деб топиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилди. Суд Жанашияни мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топди ва 300 минг лари миқдорида жаримага тортди.

Шундан сўнг, Гуржистон Адлия вазирлиги Саакашвили ва Жанашияга нисбатан 9 миллион лари миқдоридаги ўғирланган пулларни ундириш бўйича фуқаролик даъвосини қўзғатган эди.

Михаил Саакашвилининг адвокати Бека Басилай суд қарорини шарҳлар экан, суд тизими «[ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси асосчиси Бидзина] Иванишвилининг кўрсатмаларига бўйсунишини» айтди.

«Саакашвили, масалан, Гуржистонда Доналд Трампни қабул қилгани ёки Вацлав Гавел қабрига гул қўйгани учун харажатларни қоплаши кераклиги айтилмоқда. Бу нима дегани? Саакашвилининг иши бўйича танлаб олинган, сиёсий асосланган, мутлақо асоссиз қарорларни кўп кўрганмиз. Энди бунга молиявий таъқиб ҳам қўшилди - уни қарздорлар реестрига киритмоқчи. Қаерга шикоят қилсак, ўша ерда бизни ўша судялар кутиб турибди», деди у.

Растрата ҳақидаги суд қароридан кўп ўтмай, Тбилисидаги суд Саакашвилини чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбдор деб топди ва тўрт ярим йилга озодликдан маҳрум қилди.

Саакашвилига чиқарилган барча ҳукмлар ҳисобга олинса, у 12 йил-у 6 ой, яъни 2034 йил 1 апрелгача қамоқда ўтириши керак бўлади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид