Ўзбекистон | 10:43 / 23.11.2022
7964
2 дақиқада ўқилади

«ТТЗ»дан «Машинасозлар» метросигача экспресс автобус йўналиши йўлга қўйилди

23 ноябрдан «ТТЗ» — «Машинасозлар» метросигача экспресс автобус йўналиши йўлга қўйилди. Бу автобуслар фақат ТТЗ бозори, «Буюк Ипак йўли» метроси, Шифокорлар малакасини ошириш институти, «Ашхобод» боғи бекатларида тўхтайди ва «Машинасозлар» метросигача ҳаракатланади.

Йўл ҳақи 2 500 сўмни ташкил этиб, йўловчиларга «Мерcедес-Бенз 5» русумли 5 та автобус хизмат кўрсатади.

Бу турдаги автобуслар ҳаракати йўлга қўйилиши ҳақида хабарлар 2021 йили эълон қилинганди. Ўшанда автобусларнинг йўлкира нархи 3 минг сўм этиб белгиланиши, қолаверса, 20,5 км масофалик ушбу йўналиш 4 та жадвал асосида 23 дақиқалик оралиқ интервал билан ҳаракатланиши айтилганди.

Бунда автобуслар Чилонзор буюм бозори автошоҳбекатидан Бунёдкор, Фурқат, Себзор, Аҳмад Дониш кўчалари орқали Тошкент ҳалқа автомобил йўлида жойлашган Учқаҳрамон бозори яқинидан қайрилиб, Юнусобод мавзеси 12-даҳа охирги бекатига қадар йўловчи оқими гавжум катта оралиқ бекатларда тўхтаб ўтиши қайд этилганди.