17:14 / 01.12.2022
6317

БМТ гуманитар ёрдам учун 51,5 миллиард доллар сўрамоқда

БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилда 68 мамлакатда 339 миллион киши ёрдамга муҳтож бўлади.

Фото: AP

БМТнинг 1 декабрь, пайшанба куни эълон қилинган йиллик Глобал гуманитар шарҳига кўра, 2023 йилда дунёдаги энг заиф 230 миллион кишига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун рекорд даражадаги 51,5 миллиард доллар керак бўлади, бу жорий йил бошига нисбатан 25 фоизга кўп.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (ГММБ) ҳисоб-китобларига кўра, келаси йили қўшимча 65 миллион киши ёрдамга муҳтож бўлиб, 68 мамлакатда ёрдамга муҳтож инсонлар сони 339 миллионга етади. Бу сайёрадаги одамларнинг 4 фоизидан кўпроғини ёки тахминан АҚШ аҳолисини ташкил қилади. Ҳужжатда айтилишича, 53 мамлакатда камида 222 миллион киши 2022 йил охиригача ўткир озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келади, шундан 37 мамлакатда 45 миллион киши очликдан ўлиш хавфи остида.

«Бу йилги экстремал воқеалар 2023 йилга тўғри келиши сабабли гуманитар эҳтиёжлар ҳайратланарли даражада юқори», деди Бирлашган миллатлар ташкилоти бош котибининг гуманитар масалалар ва фавқулодда ёрдам координатори Мартин Гриффитс. «Покистондан тортиб Африкагача бўлган ҳудуддаги ҳалокатли қурғоқчилик ва сув тошқинлари. Украинадаги уруш Европанинг бир қисмини жанг майдонига айлантирди», деб тушунтирди у ва дунёда 100 миллиондан ортиқ одам қочқинга айлангани ёки давлатлар ичида бошқа жойга кўчишга мажбур бўлганини таъкидлади.

Top