Жаҳон | 13:21 / 03.12.2022
5876
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи трансчегаравий ҳамкорлик учун 533 млн евро ажратди

Иттифоқнинг 10 та аъзо давлати, Украина ва Молдова ҳам иштирок этадиган Европа Иттифоқининг янги дастурлари трансчегаравий ва трансмиллий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Фото: Reuters

Еврокомиссия (ЕК) Европа Иттифоқига аъзо 10 та давлат, шунингдек, Украина ва Молдова иштирокидаги 533 миллион евролик тўртта янги Interreg дастурини тасдиқлади. Улар трансчегаравий ва трансмиллий ҳамкорликни ривожлантириш, яшил технологияларга ўтишни жадаллаштириш ҳамда соғлиқни сақлаш ва таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилган, дейилади ЕК сайтида 2 декабрь, жума куни.

«Ушбу дастурлар комиссиянинг март ойида Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин Россия ва Беларус билан ҳамкорликни тўхтатиш ва Украина ва Молдова билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун ушбу икки давлатга дастлаб ажратилган 26,2 миллион еврони ўтказиш тўғрисидаги қарори фонида кўпроқ молиялаштирилади», - дейилади пресс-релизда.

Умумий суммадан 215 миллион евро Дунай минтақасида инновациялар ва қайта тикланадиган энергия соҳасида трансмиллий ҳамкорликка йўналтирилади. Полша ва Украина ўртасида табиатни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш ва чегараларни бошқариш соҳасидаги трансчегаравий ҳамкорлик учун 187 миллион евро ажратилган. Руминия ва Украина ўртасидаги трансчегаравий ҳамкорлик, таълим, соғлиқни сақлаш ва табиатни муҳофаза қилишни яхшилаш учун 54 миллион евро ажратилган. Яна 77 миллион евро худди шундай мақсадларда Руминия ва Молдова ўртасидаги трансчегаравий ҳамкорликка йўналтирилади.

Interreg дастури Европа Иттифоқининг трансчегаравий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашдаги асосий воситаларидан биридир. У соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит, тадқиқот, таълим, транспорт ва барқарор энергия каби соҳалардаги умумий муаммоларни ҳал қилади. 2021-2027 йилларга мўлжалланган янги Interreg NEXT ҳамкорлик дастурлари Европа Иттифоқи ва блокнинг ташқи чегараларидаги давлатлар ўртасидаги ҳамкорликка қаратилган.

ЕК маълумотларига кўра, бу даврда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан Украина ва Молдова ўртасидаги трансчегаравий ва трансмиллий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш учун умумий бюджети деярли 665 миллион евро бўлган олтита дастур кўзда тутилган. 

Мавзуга оид