Жаҳон | 09:26
596
2 дақиқада ўқилади

Германия Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқини ислоҳ қилиш режасини таклиф этди

Германия ташқи ишлар вазири Европа Иттифоқи сиёсий қарорлар қабул қилишда якдиллик тамойилидан воз кечиши керак, деб ҳисоблайди.

Фото: Getty Images

Германия ташқи ишлар вазири Йоҳанн Вадефул Европа Иттифоқини ислоҳ қилиш режасини тақдим этди, унда ташқи сиёсат, хавфсизлик ва бирлашмани кенгайтириш соҳаларида ўзгаришлар кўзда тутилган.

«Мен олтита аниқ бандни айтиб ўтмоқчиман. Биринчидан, биз Брюсселдаги «кучайтирилган ҳамкорлик» механизмидан тез-тез фойдаланишни хоҳлаймиз. Бу шуни англатадики, яқин келажакда барча 27 аъзо давлатнинг биргаликдаги тараққиёти эришиб бўлмайдиган сиёсат соҳаларида биз кичик бир гуруҳ мамлакатлар билан олдинга силжиймиз», деди Вадефул.

Унинг сўзларига кўра, асосий ташаббуслардан бири «кучайтирилган ҳамкорлик» механизмидан фаолроқ фойдаланиш бўлиши керак. Унинг тушунтиришича, Европа Иттифоқининг барча 27 мамлакати ўртасида консенсусга эришиш имконсиз бўлган ҳолларда, алоҳида давлатлар чекланган гуруҳ доирасида олдинга силжиш имкониятига эга бўлиши керак.

Германия ТИВ раҳбари, шунингдек, ташқи сиёсий қарорларни қабул қилишда якдиллик тамойилидан воз кечишни ва «кўпчилик овоз» усулидан фойдаланишни таклиф қилди. Унинг фикрича, бу айрим давлатлар томонидан қарорларни блокировка қилишдан қутулиш имконини беради.

Бундан ташқари, Вадефул янги давлатларни босқичма-босқич қўшиш механизми орқали Европа Иттифоқининг кенгайишини тезлаштириш тарафдори бўлди.

Европа Иттифоқи 2025 йил ёзи охирида бир овоздан қарор қабул қилиш тамойилини «малакали кўпчилик»ка ўзгартириш имкониятини ўрганишни бошлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид