Жаҳон | 09:36 / 10.12.2022
18854
3 дақиқада ўқилади

Путин: Меркелнинг Минск келишувлари ҳақидаги сўзлари мутлақо кутилмаган бўлди

Германия собиқ канцлерининг Минск келишувлари ҳақидаги баёноти Россия президенти учун «кутилмаган бўлди ва ҳафсаласини пир қилди». Меркелнинг фикрича, Минск келишувлари Украинага вақт беришга уриниш эди.

Фото: Reuters

Россия президенти Владимир Путин Германия собиқ канцлери Ангела Меркелнинг Минск келишувлари ҳақидаги баёнотидан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди. «Тўғрисини айтсам, бу мен учун мутлақо кутилмаган бўлди, ҳафсалам пир бўлди. Мен, ростини айтсам, собиқ федерал канцлердан буни эшитишни кутмагандим, чунки доим Германия Федератив Республикаси раҳбарияти биз билан ўзини самимий тутганидан келиб чиққанман», деди Россия давлат раҳбари 9 декабрь, жума куни Бишкекдаги матбуот анжумани чоғида.

Путиннинг сўзларига кўра, собиқ канцлер сўзлари Украина билан уруш бошлаш тўғри қарор бўлганидан далолат беради, чунки «маълум бўлишича, бу Минск келишувларининг барчасини ҳеч ким бажармоқчи бўлмаган». «Афтидан, ростини айтсам, биз ўз фикримизни жуда кеч тушундик. Балки буларнинг барчаси эртароқ бошланиши керак эди», деди президент.

Шу билан бирга, Россия раҳбари «ҳозирда ишонч масаласи келиб чиқяпти», деб ҳисоблайди. «Шундай қилиб, ишонч деярли нолга тенг, аммо бундай баёнотлардан сўнг, албатта, қандай қилиб, нима ҳақида ва ким билан музокара қилиш мумкин, кафолатлар қаерда, деган савол туғилади», деди Путин. Аммо, у «охир-оқибат музокара қилиш керак» бўлишини тан олди.

Меркел 7 декабрь куни Die Zeit нашрига берган интервьюсида Россия ва Украина ўртасида 2014 йилдаги Минск келишувлари можаронинг ечими эмас, балки «музлатиб қўйиш» бўлганини ва Украинага кучайиши учун «қимматли вақт» берганини айтди.

«2014 йилдаги Минск келишувлари Украинага вақт беришга уриниш эди. У ҳам бу вақтдан кучайиш учун фойдаланган, буни бугун кўриб турибсиз. 2014/15 йилги Украина бугунги Украина эмас», - деди Меркел 2015 йилда Донецк вилоятидаги Дебальцево учун олиб борилган жангларни мисол қилиб келтирган ҳолда. «Мен ўшанда НАТО мамлакатлари Украинага ҳозиргидек кўп ёрдам бера олиши мумкин бўлганига шубҳа қиламан», - дея қўшимча қилди Меркел.

«Шимолий оқим-2» газ қувурининг ишга туширилиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Меркел уни тасдиқлаш учун ариза ҳукумат томонидан эмас, балки компаниялар томонидан берилганини таъкидлади. «Охир-оқибат, федерал ҳукумат ва мен учун «Шимолий оқим-2»ни маъқуллашни тўғридан тўғри инкор этувчи сиёсий акт сифатида янги қонун қабул қилиш-қилмасликни ҳал қилиш масаласи муҳим аҳамиятга эга бўлди», деб тушунтирди Меркел.

Мавзуга оид