Владимир Путинга очиқ мактуб йўллаб, унда Украина Россия учун уруш нархини кескин оширишга қодирлигини айтди ва уни ҳарбий ҳаракатларни тугатиш учун шахсан учрашишга чақирди.

Володимир Зеленский Владимир Путинга очиқ хат ёзди. Украина президенти урушни якунлаш бўйича келишиб олиш учун ўзаро учрашишни таклиф қилган. Украина ТИВ раҳбари Андрей Сибига ушбу нома матни дипломатик каналлар орқали Путинга етказилишини маълум қилди. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремлдагилар хатни «кўришгани» ва бу ҳақда Путинга хабар берилишини айтган, шунингдек, Зеленский «агар гаплашишни истаса, исталган вақтда Москвага келиши мумкинлиги»ни айтган. Украина президенти расмий сайтида хат матни украин ва инглиз тилларида эълон қилинган. Қуйида унинг таржимаси тўлиқ келтирилади.

26 йил олдин Россияда ҳокимият тепасига келганингизда, Украинадаги одамларнинг кўпчилиги буни ижобий қабул қилган эди. Шундай бўлган. Аммо бу энди ўтмишда қолди.

Энди украинларнинг кўпчилиги бизнинг узоқ масофали дронларимиз минг километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, сизнинг Санкт-Петербургдаги форумингизга ташриф буюрганини ижобий қабул қилмоқда. Сизга яхши маълумки, бу масофа – бизнинг имкониятларимиз чегараси эмас.

Сиз ҳокимиятда бўлган 26 йил давомида Украина ва Россия ўртасидаги муносабатлар кун тартиби бутунлай ўзгарди. Мамлакатларимиз савдо ва бошқа фуқаролик масалаларини муҳокама қилишдан амалда фақат зарбалар ва йўқотишлар ҳақида гапиришга ўтди.

Россия ҳокимиятидаги шу 26 йилдан қарийб ярмини сиз Украинага қарши уруш олиб боришга сарфладингиз.

НАТО, геосиёсат ёки рус тили ҳақида нималар дейишингиздан қатъи назар, бу уруш – сизнинг шахсий танловингиз, ҳақиқий сабабсиз урушдир. Уни тарихда худди шундай эслаб қолишади.

Бу йиллар мутлақо бошқача кечиши мумкин эди.

Биз тез-тез бу урушнинг бориши сизни қониқтираётгани ҳақида эшитамиз. Албатта, гап Валдайдаги қароргоҳингиз ёки Москвадаги парадингиз хавфсизлиги ҳақида кетадиган ҳоллар бундан истисно. Ўз ҳаётингиз сиз учун қадрли.

Аммо энди барчамиз кўриб турибмизки, уруш Россияга тобора кўпроқ салбий таъсир кўрсатаётгани сабабли, россияликлар учун бу реалликда яшаш тобора ноқулай бўлиб бормоқда.

Уларга бизнинг дронларимиз ва ракеталаримиз ёқмаяпти.

Уларга бензин тақчиллиги ва нархлар мунтазам равишда кўтарилиши ёқмаяпти.