Жаҳон | 14:29 / 12.12.2022
7470
2 дақиқада ўқилади

Москва вилоятида «Стройпарк» савдо маркази ёниб кетди

Москва яқинидаги Балашиха шаҳрида «Стройпарк» савдо маркази ёниб кетди. Ёнғин биринчи қаватга тарқалган, қўриқчи жароҳат олди, деб хабар беради ТАСС. Савдо марказига ташриф буюрганлар ва ходимлар эвакуация қилинган.

Фото: IMAGO

Москва яқинидаги Балашиха шаҳрида 12 декабрь, душанба куни эрталаб «Стройпарк» савдо маркази ёниб кетди, деб хабар берди Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Москва вилояти бўйича бошқармаси.

Воқеа жойига етиб борган ўт ўчирувчилар очиқ майдонда чиқинди ёнаётганини аниқлади. ТАСС хабарига кўра, ёнғин биринчи қаватга ўтган, қўриқлаш ходими жароҳатланган. Савдо маркази мижозлари ва ходимлари эвакуация қилинмоқда. Тошкент вақти билан соат 12:30 га келиб ёнғин майдони 5 минг квадрат метрга етган, кейин у 10 минг квадрат метргача ошди, ёнғинга тўртинчи мураккаблик даражаси берилди, дея хабар қилди "Москва" агентлиги.

Ёнғинни ўчиришга 35 та техника ва 110 киши жалб этилган. Прокуратура ёнғин юзасидан суриштирув ишларини бошлади. ТАСС фавқулодда хизматларнинг дастлабки маълумотларига таяниб, ёнғинга ёмғир сабаб қисқа туташув сабаб бўлганини ёзмоқда.

9 декабрь куни Москвадаги «Мега Химки» савдо марказида кучли ёнғин содир бўлди. Ёнғин OBI гипермаркети ҳудудида бошланган, унинг майдони 17 минг квадрат метрни ташкил қилган. Қўриқчи ҳалок бўлди, қурилиш гипермаркети деярли бутунлай ёниб кетди. Москвада яна бир жиддий ёнғин ноябрь ойининг охирида Комсомолская майдони яқинида содир бўлганди. Костромада ноябрь ойида тунги клубда содир бўлган ёнғинда 15 киши ҳалок бўлган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид