Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
MIVD: Москва НАТОни мағлуб этишни эмас, бўлишни кўзлаяпти
Россия аллақачон НАТО билан эҳтимолий минтақавий можарога тайёргарлик бўйича аниқ чораларни кўрмоқда ва Москва учун энг қулай шароит юзага келса, Украинадаги уруш тугаганидан кейин бир йил ичида бундай тўқнашувга тайёр бўлиши мумкин. Бу баҳо Нидерландиянинг Ҳарбий разведка ва хавфсизлик хизмати — MIVD томонидан тайёрланган ва 21 апрель куни эълон қилинган ҳисоботда берилган.
Фото: IMAGO
Нидерландия махсус хизмати фикрича, бундай эҳтимолий можарода Россиянинг мақсади “НАТОни ҳарбий мағлубиятга учратиш эмас, балки чекланган ҳудудий ютуқлар орқали сиёсий бўлинишга олиб келиш” бўлади. Ҳисоботда қайд этилишича, Москва бу мақсадга эришиш учун зарурат туғилса, ядровий шантаждан ҳам фойдаланиши мумкин.
MIVD Россияни Европада тинчлик ва барқарорлик учун, шу жумладан Нидерландия хавфсизлиги ва манфаатлари учун энг катта ҳамда энг тўғридан тўғри таҳдид деб баҳолайди. Ҳисоботда бу, биринчи навбатда, Украинадаги уруш мисолида кўрилаётгани айтилган. Шу билан бирга, Россия қўрқув, тартибсизлик ва бўлиниш уруғини сочиш, қарор қабул қилиш жараёнларига таъсир ўтказиш учун киберҳужумлар, дезинформация кампаниялари, диверсия ва жосусликдан ҳам фойдаланаётгани таъкидланган.
Нидерландия ҳарбий разведкаси экспертлари фикрича, бундай ҳаракатлар Москвага НАТОга қарши туриш имконини беради, аммо у барибир “очиқ ҳарбий тўқнашув чегарасидан бироз пастда” қолади. Уларнинг баҳосича, Украинага босқин Россиянинг Европадаги хавфсизлик архитектураси ва халқаро ҳуқуқ-тартиботни тубдан ўзгартиришга қаратилган узоқ муддатли интилишининг бир қисми ҳисобланади. Бу орқали Москва ўзини буюк давлатлардан бири сифатида кўрадиган кўп қутбли дунёга эришмоқчи. MIVD шу билан бирга қуролларни назорат қилиш тизими ва турли маслаҳатлашув тузилмалари каби аввалги тийиб туриш механизмлари заифлашганини ҳам кўрсатади.
Ҳисоботда яна дунё сунъий интеллект, квант ҳисоблаш ва биотехнологиялар билан боғлиқ технологик инқилоб арафасида тургани, унинг оқибатлари ҳали тўлиқ баҳоланмагани айтилган. MIVDʼга кўра, Россия бундай воситалардан бошқа давлатларга босим ўтказиш, қўрқув тарқатиш, қарорларга таъсир қилиш ва эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар учун қулай шароит яратиш мақсадида фаол фойдаланмоқда.
Нидерландия разведкаси экспертлари шундай хулосага келган: бу ҳолат “ихтиёрсиз ва, шу сабабли, бошқариш қийин бўлган кескинлашув” хавфини юзага келтиради. Улар, шунингдек, АҚШнинг ҳозирги хавфсизлик сиёсатидаги ноаниқ ва башорат қилиш қийин йўналишлар ҳам Россиянинг харажат ва фойда нисбатини баҳолашига таъсир қилиши мумкинлигини қайд этган.
2025 йил ҳисоботини тақдим этар экан, MIVD директори, вице-адмирал Питер Рисинк Европани ўз хавфсизлиги учун кўпроқ масъулият олишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, ўнлаб йиллар давомида таянилган, қоидалар ва келишувларни муҳофаза қилувчи институтларга асосланган халқаро тизим босим остида қолган. Шу шароитда Европа “ўз оёғида туриши” керак, бу эса мудофаа соҳасига ҳам, разведка тузилмаларига ҳам тааллуқли.