16:56 / 20.12.2022
33674

Магистратура ва чет тили сертификати: Юмшатиш олий таълим ўзгаришларига ишончсизлик пайдо қилмайдими?

Бугун, 20 декабрдан илк марта магистратурага қишки қабул бошланди. Бу йил одатий йиллардагидан фарқли равишда икки марта: ёзги ва қишки қабул бўляпти. Асосий сабаб чет тилига бўлган талабнинг ўзгаргани билан боғлиқ. Ёзги қабулда қатъий қўйилган талаб қишкисига келиб юмшатилди.

Сертификатнинг аҳамияти нимада?

Президент қарорига кўра, 2022/23 йилги қабулдан магистратура ва олий таълимдан кейинги таълимда ўқиш учун талабгорда чет тилидан B2 даража, тил йўналишлари номзодларида эса С1 даражадаги сертификат бўлиши мажбурий қилиб қўйилганди.

Қарордаги янгилик анча аввалроқ эълон қилинган бўлса ҳам, бу таълим босқичларида ўқишни режалаштирган аксар киши талаб амалга киритилиши эҳтимолдан йироқ деб ўйлаб юрди. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда қабул яқинлашган сайин магистратурага чет тили сертификати мажбурий қилинаётгани тўғри эмаслиги ҳақида постлар ҳам ёзила бошланди.

Лекин олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов бу талаб қатъий бўлишини айтиб сабабларини келтириб ўтганди.

“Агар бола инглиз тилини билмаса ё ҳаминқадар билса, қандай тадқиқот олиб боради? Ҳозирги замон билан қандай беллашади? Шунинг учун ҳам биз рухсат олдик: халқаро ё маҳаллий чет тили сертификат билан ҳужжат топширган абитуриент магистратурага киришда мутахассислик фанидан имтиҳон топширмайди. Мутахассислик бўйича имтиҳон – қарийб бор бўйи билан коррупция. Дипломнинг ўртача балли ҳисобланади ва бу билан ҳужжат топширган абитуриент магистр бўлади”, деганди вазир.

Вазир тўлмай қоладиган квота учун қишки қабул бўлишини ҳам маълум қилганди.

Квоталар тўлмадими?

Вазирлик эълон қилган ёзги қабул натижаларига кўра, топширилган 10 031 та аризадан 5 219 таси қабул қилинган. Квота эса 10 688 та эди. Ёзги қабулда талабга жавоб берадиган номзодлар квотанинг ярмини ҳам ташкил қилмаган.

Вазирлик тақдим этган маълумотга кўра, ёзги қабулда хорижий тил бўйича сертификатга эга абитуриентлар сони 4 578 нафарни ташкил этган. Ундан олдинги йили магистратурага топширган абитуриентларнинг эса бор-йўғи 768 нафарида тил сертификати бўлган холос. Бир йилда сертификатлилар 6,2 баробарга ошган.

Талабгорлар фақат дипломларининг ўртача балли ва чет тили сертификатлари билан ўқишга қабул қилинган. Улар имтиҳон топширишмади.

Гарчи бир йилда чет тилини билиш даражаси магистратура абитуриентлари орасида анча ошган бўлса-да, сертификат талабининг қаттиқ бўлганини квота зўрға яримлаганидан билиш мумкин.

ОТМлар мисолида

Лекин ҳамма ОТМларда ҳам эмас. Масалан, Тошкент давлат юридик университетининг таълим ўзбек тилида олиб бориладиган йўналишларига чет тили сертификатига эга бўлган номзодлар ажратилган квоталар сонидан кам эмас. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида ҳам шунга ўхшаш: йўналишларининг аксарида чет тили сертификатлилар етарлича бўлган.

Булар – талабгорлар доимий кўп бўладиган ОТМлар. Лекин, масалан, Бухоро давлат тиббиёт институтининг қабул квотаси деярли бўм-бўш қолган: кўплаб йўналишларга чет тили сертификати бўлмагани учун ариза топширилмаган. Тошкент тиббиёт академиясида вазият сал яхшироқ. ТАТУда ҳам аҳвол ҳавас қиларли бўлмаган.

Тошкент давлат юридик университетига ёзги қабулда келиб тушган ва қабул қилинган аризалар сони.
Бухоро давлат тиббиёт институтига ёзги қабулда келиб тушган ва қабул қилинган аризалар сони.
Тошкент ахборот технологиялари университетига ёзги қабулда келиб тушган ва қабул қилинган аризалар сони.

Бу маълумотлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг magistr.edu.uz сайтида бор.

Кўриниб турибдики, чет тили сертификати сабаб баъзи талабгир йўналишлар барибир тўлган, баъзиларида эса вазият ўта суст.

Даражаси муҳим эмас, сертификатинг бўлса бўлди

Тўғрироғи, сертификат бекор бўлмади. Лекин номзодларнинг чет тилини билишига қўйилган қатъий талаб юмшатилди ҳам эмас, олиб ташланяпти дейиш мумкин.

Ноябр ойида вазирлик шу йилги қишки қабулда (20 декабрдан 10 январгача) чет тили сертификатининг мос даражаси бўлиши (тилга оид йўналишлар учун С1, бошқа йўналишлар учун B2) талаби бекор бўлаётгани, ундан пастроқ даража билан ҳам A2, ҳатто A1 даражадаги сертификат билан ҳам ҳужжат топшириш мумкинлигини, лекин, муҳими, ўқишни битиргунча мос даражадаги сертификатни олиш мажбурий экани ҳақидаги хабарни эълон қилди. Сертификат бўлса, бўлди хуллас.

Чет тилидан исталган даражадаги сертификат дейилган экан, агар талабгор A1 билан магистратурага кирса, у сертификат олган тилидаги ўта базавий бўлган сўзларни билиши, кундалик ишлатиладиган луғатларни тушуниши мумкин. A2 ҳам тилни бошланғич даражада билувчиларнинг даражаси.

Докторантурада ҳам худди шундай: қабулда сертификат бўлса бўлди, деган талаб қўйилганидан сўнг бундан мақсад сертификат орқали пул ишлаш бўлиши мумкин деган фараз ҳам пайдо бўлди. Бунда миллий сертификат учун имтиҳонларни Давлат тест маркази ўтказади ва бунда биринчи нишон ДТМ бўлди.

Айни шу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ДТМ билан боғландик.

Ташкилот матбуот хизматининг маълумот беришича, магистратура ва ундан кейинги таълим учун сертификат даражаси бекор қилингач, марказга A1 ёки A2 сертификат олиш учун имтиҳон топширишни сўраб мурожаат қилувчилар кўпайган.

“ДТМ A1, A2 даражадаги сертификатларни бермайди. Бизда сертификатлар даражаси B1 дан бошланади. Яъни бу дегани пулини тўлаб исталган одам сертификат ололмаслигини англатади. Ўқиган, ҳақиқатан тилни маълум даражада биладиганлар сертификат олиши мумкин”, деб маълумот берди ДТМ матбуот хизмати.

Нега сертификатларнинг белгиланган даражаси олиб ташланди?

Вазирлик матбуот хизматининг жавобига кўра, ҳозирча талаб юмшатилишидан асосий мақсад етарли даражада билмаса ҳам, тил ўрганаётган ёшларга имкон бериш ва бу орқали олий таълим муассасаларида ҳам талабгорлар орасидан юқори ўзлаштиришга эга, хорижий тилни биладиган абитуриентларни танлаш имкониятини ошириш ҳамда ёзги қабулда қабул параметрининг вакант бўлиб қолган ўринларини тўлдиришдан иборат.

Лекин шундай бўлса-да, қишки танловда ҳам аввалгидек юқори даражали (С1, В2) сертификати бор абитуриентнинг ўқишга киришида устуворлик сақланиб қолади.

Ишончсизлик шаклланиши мумкин

Эслатма: сертификат талабининг бекор бўлиши фақат ва фақат шу йилги қишки қабулга амал қилади. Кейинги йилдаги қабулда тил даражаси яна қатъийлашади.

Бироқ фақат қишки қабулда талаб юмшатилиши ҳам саволларни пайдо қилади.

Биринчидан, агар вақтинча бекор қилинадиган бўлса, нега қатъий талаб шу йилдан қўйилди? Ахир чет тили сертификати (мос даража билан) сўралиши билан ҳужжат топширувчилар сони камайиб квоталар тўлмай қолиши олдиндан прогноз қилинган-ку (вазир ёзги қабул бошланишидан олдин бу йил 2 марта қабул бўлишини маълум қилганди.) Талабда қатъий турмаслик кейинги йил ҳужжат топширувчиларни ҳам аросатда қолдириши, “ўтган йили бекор бўлганди, бу йил ҳам барибир шундай бўлади” деган ишончсизлик кайфияти шаклланишига ва охир-оқибат келаси йил ҳам камроқ одам магистратурага ҳужжат топширишига сабаб бўлмайдими?

Иккинчидан, қишки қабулда паст даражали инглиз тили сертификати билан магистратурага кирган одам диплом олиш учун тил ўрганишни бошласа, унинг асосий мақсади шу бўлиб қолиб, ўз соҳасини ўзлаштира олмай қолмайдими? Қолаверса, сертификат билан кадрлар сифати ошишига умид қилинганини ҳисобга олсак, шу қишки қабулдаёқ сертификатнинг мос даражасисиз ўқишга кирадиган яна мингдан ошадиган талабгорлар бу сифатга таъсир қилмайдими?

Учинчиси ва энг муҳими, талабларнинг айрим пайтлари юмшатилиши одамларда олий таълим тизимидаги ислоҳотлар қатъийлик билан олиб борилишига шубҳа уйғотиб қўймайдими?

Зилола Ғайбуллаева, журналист

Top