Ҳуқуқ-эркинликлар, тақиқ ва истиснолар – Ахборот кодекси лойиҳасида нималар ёзилган?
Муҳокамага қўйилган Ахборот кодекси лойиҳасида цензура қилиш, ахборотни яшириш ва ОАВни жазолаш учун «лазейкалар» бор. Шунингдек, журналистларнинг нафақат парламент, балки ҳукумат йиғилишларига ҳам эркин кириши, ОАВнинг дронлардан фойдаланишига рухсат берилиши каби янгиликлар ҳам йўқ эмас.
14 декабр куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ишлаб чиққан Ахборот кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
131 моддадан иборат Ахборот кодекси соҳага доир 8 та қонунни унификация қилади. АОКАнинг тушунтиришича, лойиҳа 50 та манфаатдор вазирлик ва идора билан келишилган.
Ахборот кодекси – Ўзбекистонда ахборотдан фойдаланиш, уни эркин ва монеликсиз излаш, олиш ҳамда тарқатишга доир жараёнларни тартибга солишни мақсад қилган. Кодекс лойиҳасида соҳага оид ўнлаб тушунчаларга ҳуқуқий таъриф берилган.
Ушбу мақоламизда ҳужжат лойиҳасининг энг муҳим нуқталарига эътибор қаратиб, ўз таклифларимизни бердик.
Цензура учун «лазейка»
Лойиҳада ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш, олиш ва фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги таъкидланган бўлса-да, уни чекловчи сабаблар ҳам йўқ эмас. Масалан, кодекснинг 4-моддасида ахборот олиш фақат қонунга мувофиқ ҳамда инсон ҳуқуқ-эркинликлари, конституциявий тузум асослари, жамиятнинг ахлоқий қадриятлари, мамлакатнинг маънавий, маданий ва илмий салоҳиятини муҳофаза қилиш мақсадида чеклаш мумкинлиги айтилган.
Бизнингча, лойиҳадан чиқариб ташлаш керак бўлган жумла: «мамлакатнинг маънавий ва маданий салоҳиятини муҳофаза қилиш мақсадида ахборот олишни чеклаш». Чунки «маънавий салоҳият» ва «маданий салоҳият» тушунчаларига ҳеч қаерда, кодекснинг ўзида ҳам аниқлик киритилмаган. Амалдорлар бу нормани цензура учун қурол сифатида ишлатиши мумкин.
Ахборотни яшириш учун «лазейка»
Кодекс лойиҳасининг 6-моддасида ахборот очиқ ва ошкора бўлиши кераклиги, махфий ва конфиденциал ахборотлар бундан мустаснолиги қайд этилган. Шу билан бирга, моддада махфий бўлмаган ахборот турлари саналган, лекин махфий бўлган ахборот турлари ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бу ҳолат мансабдорлар ҳар қандай ахборот ёки қарорига махфий тамғасини қўйиб олиши учун «лазейка» бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Эслаб ўтиш лозим, Антикоррупция агентлиги ишлаб чиқиши керак бўлган «Давлат сирлари тўғрисида»ги қонун қарийб 1,5 йилдан буён қабул қилинмаяпти.
Жазолаш учун «лазейка»
Лойиҳадаги яна бир баҳсли модда – 8-модда. Унда ОАВ ва блогерлар ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққоний эмаслиги учун ахборот манбайи ва муаллифи билан биргаликда жавобгар бўлиши ёзилган.
Бу норма амалдаги қонунда ҳам бор. Бизнингча, бу банд тузатилиши лозим. Чунки энг илғор жаҳон тажрибаси ҳам шуни кўрсатадики, ҳар доим ҳам барча ахборотларни текшириш, ҳаққонийлигини аниқлашнинг имкони бўлмайди. ОАВ ҳукуматдаги ўз манбаларидан олган эксклюзив маълумотни қандай қилиб тасдиқлаши ҳам савол остида. Амалиётда эса баъзи хабарлар ОАВда тарқалгачгина давлат ташкилотлари уни тасдиқламоқда.
Ахборот бериш ва олиш тартиблари ҳақида
Кодекс лойиҳаси билан давлат ҳокимияти органларига фуқароларни – уларнинг ҳуқуқ-эркинликлари ва мажбуриятларига, уларнинг хавфсизлигига доир ҳамда жамият манфаатларига тааллуқли бошқа масалалар юзасидан ахборот билан оммавий тарзда таъминлаш мажбурияти юкланмоқда.
Кодексда амалдорлар ахборот олиш ҳақидаги «оғзаки сўровга, имкониятга қараб, дарҳол жавоб берилиши керак», дейилган. Бу эса имкониятга қараб жавоб бермаслик ҳам мумкин деган қоидани келтириб чиқаради. Шу сабабли моддани тузатиш, расмий шахсларга уларнинг ваколатига доир оғзаки савол берилган вақтда улар давлат хизматчисига хос равишда одоб сақлаган ҳолда шу вақтнинг ўзида саволга тўлиқ жавоб беришга ҳаракат қилиши керак, деган мазмунга ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Лойиҳага кўра, мурожаатчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ахборот унинг сўровига биноан текинга берилади. Агар ахборот бериш у махфийлиги туфайли рад этилса, 5 кун ичида маълум қилиниши керак.
Кодексда давлатнинг ахборот сиёсати асослари қаторида «халқаро ахборот тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан эркин фойдаланиш учун шароит яратиш» ҳақидаги банд ҳам бор. Агар бу лойиҳа кучга кирса, интернетдан эркин фойдаланишни таъминлаш учун Ўзкомназорат бир қанча ижтимоий тармоқлар ва хорижий ахборот ресурсларини блокдан ечиши керак бўлади.
Назоратчилар кўпайган
Кодекснинг 3-боби ахборот соҳасидаги ваколатли органларга бағишланади, булар қаторига Вазирлар Маҳкамаси, АОКА, АКТВ, Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва маҳаллий ҳокимият органлари киритилган.
Ахборот соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган АОКАга – фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда қатнашиш, ахборот соҳаси қонунчилигига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда. Шунингдек, АОКА аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича давлат органлари ва ОАВга огоҳлантириш ҳамда ижро учун мажбурий бўлган тақдимномалар киритиши мумкин.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қизиқ ваколат берилмоқда. Яъни агентлик жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларидан келиб чиқувчи давлат органлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигига оид долзарб масалаларни умумхалқ муҳокамасига чиқаради.
Кодексга кўра, АОКА, Болалар масалалари бўйича миллий ва ҳудудий комиссиялар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат бошқаруви органлари, Ёшлар ишлари агентликлари – болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишда иштирок этади.
Ахборот хавфсизлиги ва шахсий маълумотлар
Қонун билан жисмоний шахсларга тааллуқли шахсий маълумотлар конфиденциал ахборот тоифасига кириши ва шахснинг розилигисиз ундан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилмоқда. Лекин, бу ерда «қонунчиликда белгиланган ҳолларда» деган истисно мавжуд.
Кодекснинг 39-моддасига кўра, ОАВ ахборот манбасини ёки тахаллусини қўйган муаллифни уларнинг розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмас. Ахборот манбаси ёки муаллиф номи фақат суд қарори билан ошкор этилиши мумкин.
Жамиятдаги ахборот хавфсизлигига фуқаролик жамияти асослари ривожлантириш, оммавий ахборот эркинлигини таъминлаш орқали эришилади. Қонунга хилоф равишда ижтимоий онгга ахборот воситасида руҳий таъсир кўрсатишга, уни чалғитишга йўл қўйилмаслиги назарда тутилмоқда.
Ҳужжатда қайд этилишича, миллий ўзликни англашни издан чиқаришга, жамиятни тарихий, миллий анъаналаридан узоқлаштиришга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни бузишга қаратилган ахборот хуружига қарши ҳаракат тизими барпо этилади.
Интернетда ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ахборот ресурсининг эгаси ва блогерларга қуйидагилар тақиқланмоқда:
- конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга, оммавий тартибсизликларга даъват этиш;
- давлат сирларини ошкор этиш;
- адоват қўзғаш, фуқароларнинг шаънига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;
- жамиятга, давлатга, давлат рамзларига ҳурматсизликни намоён этувчи ва беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш;
- порнографияни, зўравонликни ва шафқатсизлик, бир жинслилар ўртасидаги ғайритабиий алоқаларни тарғиб қилиш, шунингдек ўз жонига қасд қилишга даъват этиш;
- шунингдек, қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ўзга ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт.
Веб-сайт, ахборот ресурсининг эгаси ёки блогерларнинг ахборотида юқоридаги тақиқланган материаллар бўлса, уни дарҳол ўчириб ташлаши керак. Агар тақиқланган ахборот ўчирилмаса, унинг ресурсидан фойдаланиш ҳукумат белгилаган тартибда чекланади, яъни блокланади. Шунингдек, қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Ахборотлар учун ёш таснифи
Кодекснинг 46-моддасида болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборотлар келтирилган. Улар қаторига болаларнинг ҳаётига хавф соладиган ва ноқонуний ҳаракатларни содир этишга ундайдиган, алкоголли ва гиёҳвандлик воситаларига ёки ғайриижтимоий ҳаракат билан шуғулланиш истагини пайдо қиладиган, шафқатсизлик ва зўравонликни оқлайдиган, оилавий қадриятларни инкор этадиган, оила аъзоларига ҳурматсизликни шакллантирадиган, порнография хусусиятига эга ахборот ва бошқаларни келтириш мумкин.
Ҳужжатга кўра, ахборотни Ўзбекистон ҳудудида тарқатиш бошлангунига қадар маҳсулотнинг ёшга оид таснифи қўйилади. Ёшга оид таснифлар «0+», «7+», «12+», «16+» ва «18+»га бўлинади.
Ахборот маҳсулотида болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот мавжудлиги АОКА қарорига кўра, 30 кун ичида экспертлар томонидан аниқланиб, хулоса берилади.
ОАВ фаолияти ва эркинлиги
Кодексда – Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари эркинлиги, қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ҳар кимда ОАВда чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқи борлиги мустаҳкамланган. Лекин, “қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса”, деган тушунча бошқа ҳужжатлар орқали ОАВ эркинлигини тўсиши мумкин. Буни ҳам қандайдир «лазейка» дейиш мумкин.
Давлат ОАВ фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини ва давлат органлари, мансабдорларининг ноқонуний ҳаракатларидан ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Кодексда ОАВ тарқатилаётган ахборотнинг нохолислиги ва ишончсизлиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлиши ҳақида қоида бор. Лекин, нохолислик деган мавҳум тушунчага ҳужжатда расмий изоҳ берилмаган.
ОАВ вакиллари эркинлигини суиистеъмол қилмаслиги керак ҳамда қонунбузарликлар, давлат сирлари, терроризм, адоват, бир жинслилар ўртасидаги алоқалар, гиёҳвандликни тарғиб қилиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди.
Кодексга кўра, Ўзбекистонда ОАВни цензура қилишга йўл қўйилмайди. Таклиф этилаётган лойиҳада бу сўзма-сўз шундай тушунтирилган:
«Давлат органлари, мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар томонидан оммавий ахборот воситаси маҳсулотлари, хабарлар ва материаллари ёки уларнинг қисмларини тарқатишни чеклаш, тақиқлаш, шу жумладан хабарлар ва материаллар матнини ўзгартириш мақсадида оммавий ахборот воситаси билан олдиндан келишиш (мансабдор шахснинг ўзи муаллиф бўлган материал ва унинг интервюсидан ташқари) ёхуд оммавий ахборот воситасини ўз талабини бажаришга мажбурлаш тақиқланади». (56-модда)
ОАВ «Давлат тили ҳақида»ги қонунга мувофиқ ишлайди, шунингдек бошқа расмий тилларда ҳам чиқарилиши мумкин. ОАВда уятли сўзлар ва сўкинишга йўл қўйилмайди, чиқарилаётган тилнинг илмий қоидалари ва нормаларига амал қилиниши шарт.
Дронга рухсат берилмоқда
Кодекснинг 77-моддасига кўра, ОАВ томонидан жамоат жойлари, бино ва иншоотларни фото ва видео суратга олиш ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилади. Суратга олиш тақиқлангани ҳақидаги тегишли кўрсаткичлар ўрнатилган объектлар бундан мустасно.
Кодексда янгиликлардан бири – ОАВга учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиши рухсат берилиши бўлмоқда. Яъни, 79-моддага кўра, оммавий ахборот воситаларида фото-видеоматериалларни тайёрлаш мақсадида белгиланган тартибда рухсатнома олиш орқали давлат органи белгилаб берган ҳудудларда, 100 метргача бўлган баландликда, вазни 3 килограммдан зиёд бўлмаган учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиши мумкин бўлади. Рухсатномаси мавжуд дронлардан таҳририят ходими шахсий манфаатларида фойдаланиши мумкин эмас.
Таъсисчилар, монополия ва гувоҳнома
Оммавий ахборот воситалари бозорини монополлаштириш тақиқланади. Яъни бирор шахс умумий ОАВ бозорини 25 фоизидан ортиғига муассис (ҳаммуассис) бўлишга ёки бошқарувида (бевосита ёки аффилланган шахслар орқали) сақлашга ҳақли эмас.
Ҳужжатда устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши 30 фоиздан ошган юридик шахсларга ОАВ таъсис этиш тақиқи сақланиб қолган.
Кодексда ОАВга қонунчиликка мувофиқ халқаро ҳамкорликка рухсат берилган, шу билан бирга, хорижий давлатлар ва ташкилотлар, чет эл фуқаролари томонидан ОАВни қўллаб-қувватлаш учун тўғридан тўғри беғараз кўмак ажратиш тақиқланади.
АОКА ўзида ОАВни давлат рўйхатидан ўтказиш ваколатини сақлаб қолади. Шу тариқа, ОАВни хабардор қилиш орқали давлат рўйхатидан ўтиш масаласи бошқа очилмайдиган бўляпти.
Шунингдек, давлат амалдорларига хусусий ОАВ таъсис этишни тақиқлашга оид аввалроқ билдирилган фикрлар лойиҳадан жой олмаган.
Таҳририятлар ва давлат ташкилотлари билан ишлаш тартиби
Таҳририят ўз номини ошкор этмаслик шарти билан берилган ахборот, маълумотлар, фактлар ёки далиллар манбайининг номини, шунингдек тахаллусини қўйган муаллифнинг номини уларнинг ёзма розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмас. Шунингдек, таҳририят манбанинг талабига биноан унинг номидан судда иштирок этиши мумкин.
Бундан ташқари, таҳририятлар ноқонуний ҳаракатлар натижасида жабрланган вояга етмаганлар тўғрисидаги маълумотларни унинг қонуний вакили розилигисиз ошкор этиш ҳуқуқига эга эмас.
ОАВнинг давлат органлари фаолиятига доир ахборот ва мансабдорларнинг интервюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўровлари кўпи билан 5 кун муддатда кўриб чиқилиши керак. Амалдаги тартибга кўра, бу муддат 7 кун.
Кодексга кўра, ОАВ таҳририятлари Олий Мажлиснинг ёпиқ бўлмаган мажлисларида иштирок этишлари ҳамда маълумот олишлари мумкин. ОАВ вакиллари шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида ҳам иштирок этишлари ҳамда маълумот олишлари мумкин.
Қайд этиб ўтиш лозим, айни кунларда Ўзбекистонда парламент қуйи палатаси ва ҳукумат мажлислари мустақил ОАВ вакиллари энг кам киритиладиган муассасалар ҳисобланади.
Ҳужжатга кўра, ҳукумат ОАВ эркинлигини чеклайдиган ёки эркин фаолият юритишига тўсқинлик қиладиган норматив-ҳуқуқий тусга эга қарорлар қабул қилиши мумкин эмас.
Давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари йил якунидан кейин 30 кунлик муддатда, ўз фаолияти бўйича матбуот анжумани шаклида ОАВга даврий ҳисобот бериб бориши қайд этилган.
ОАВ, шунингдек ўз материалларида фуқароларни жинс бўйича бевосита ва билвосита камситиши тақиқланади.
Журналистик фаолият ва унинг дахлсизлиги
Журналист ахборотларни тўплаш, таҳрирлаш, ўзи тайёрлаган хабарлар ва материалларни ОАВ орқали имзосини ёки тахаллусини қўйиб тарқатиш, уларда ўз фикр-мулоҳазасини ифодалаш ҳуқуқига эга.
Журналист, шунингдек давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ва оммавий тадбирларида, мансабдор шахс қабулида, судларнинг очиқ мажлисларида, ҳарбий ҳаракатлар майдонларида, табиий офат юз берган ҳудудларда, оммавий тадбирларда ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.
Журналист ўз касбига доир ахборотдан шахсий мақсадларда фойдаланиши, ахборот манбасининг розилигисиз жисмоний шахснинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни эълон қилиши, шунингдек аудио ва видео ёзиш воситаларидан фойдаланиши мумкин эмас.
Журналист ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади. Танқидий материаллар эълон қилгани учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди. Журналист текшируви даврида у қўлга киритган материаллар ва ҳужжатлар олиб қўйилиши ёки кўздан кечирилиши мумкин эмас. Журналистнинг журналистлик фаолиятига аралашиш, ундан ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида олган бирор бир маълумотни талаб этиш тақиқланади.
Шу жойда эслатиб ўтиш ўринлики, гарчи журналистик фаолиятга тўсқинлик қилиш тақиқланган бўлса ҳам бундай ҳаракат учун бир неча йиллардан буён жавобгарлик белгиланмай келмоқда. Шу сабабли кўп холларда журналистга қаршилик қилган мансабдорлар ҳайфсан ёки оғзаки узр билан «сувдан қуруқ чиқмоқда».
Кодекснинг 103-моддасига кўра, давлат органлари, ташкилотлари ва бошқа мансабдор шахслар қуйидагилар учун жавобгарликка тортилади:
- цензура қилиш;
- журналист ўз касбига доир қонуний фаолиятни амалга оширишига аккредитация қилишни асоссиз равишда рад этиш ёки аккредитацияни ноўрин бекор қилиш йўли билан тўсқинлик қилиш;
- журналистнинг сўров билан мурожаат қилиш ва зарур ахборотни олиш ҳуқуқини бузиш;
- журналистга тазйиқ ўтказиш, унинг журналистлик фаолиятига аралашиш;
- журналистнинг материаллари ва зарур техника воситаларини ғайриқонуний равишда олиб қўйиш;
- ахборот манбаини ёки муаллиф номини унинг розилигисиз ошкор этиш.
Бундан ташқари, журналистнинг ушбу ҳуқуқларини бузганлик, касбига доир фаолияти билан боғлиқ ҳолда шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланмоқда. Умид қиламизки, ушбу кодекснинг қабул қилиниши юқорида қайд этилган журналист фаолиятга тўсқинлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланишига олиб келади.
Журналист расмий хабардан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ёки ахборот агентликлари, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматларидан, уларнинг расмий веб-сайтларидан олинган ҳақиқатга мос келмайдиган материалларни тарқатганлик учун жавобгар бўлмайди.
Давлат ташкилотлари очиқлиги ва ҳуқуқий ахборот
Давлат органлари ва ташкилотлари очиқ бўлиб, ўз фаолияти тўғрисидаги – ишлаб чиқилаётган ҳужжатлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиши, бюджет маблағларини сарфланиши, ўтказадиган оммавий тадбирлари, халқаро ва миллий доирада ҳамкорлиги, расмий ташрифлари, фаолияти соҳасига тааллуқли бўлган тармоқнинг, ҳудуднинг ҳолати, статистик маълумотлар ва бошқалар ҳақидаги ахборот бериб бориши керак.
Ҳужжатда барча давлат органлари ва ташкилотлари таркибида ахборот хизматларининг мавжудлиги мажбурий ҳисобланиши қайд этилган.
Таъкидлаш керакки, Ахборот кодекси лойиҳасида келтирилган кўплаб ҳуқуқ ва эркинликлар амалдаги (унификация қилинаётган) қонунларда ҳам бор. Гап уларнинг ижроси, давлат томонидан сўз эркинлиги ва сиёсий ҳуқуқларнинг кафолатланишида қолмоқда.
Кодекс лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 29 декабрда якунланади. Ҳужжат парламентга киритилиб, ундан ўтгач, президент имзолаб эълон қилганидан кейин 6 ой ўтиб кучга киради.
Фаррух Абсаттаров
Мавзуга оид
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
10:40 / 07.09.2024
Песков Россиядаги цензурани уруш билан изоҳлади
22:36 / 06.09.2024
АҚШ IT-компанияларини Россиядаги интернет цензурани четлаб ўтишга ёрдам беришга чақирди
16:46 / 26.08.2024