Жаҳон | 11:22 / 28.12.2022
6071
3 дақиқада ўқилади

БМТ Хавфсизлик кенгаши "Толибон"ни аёлларни камситишни тўхтатишга чақирди

БМТ Хавфсизлик кенгаши "Толибон"ни Афғонистондаги ҳаётнинг барча жабҳаларида аёлларнинг «тўлиқ, тенг ва мазмунли» иштирокини таъминлашга чақирди. Аввалроқ "Толибон" аёлларга университетларда ўқиш ва нодавлат ташкилотларда ишлашни тақиқлаган эди.

Фото: DW

Бирлашган миллатлар ташкилоти Хавфсизлик кенгаши "Толибон" ҳаракатини Афғонистондаги ҳаётнинг барча жабҳаларида аёлларнинг «тўлиқ, тенг ва мазмунли» иштирокини таъминлашга чақирди. Шу тариқа Хавфсизлик кенгаши яқинда Афғонистонда "Толибон" томонидан аёлларнинг ноҳукумат ташкилотларда ишлашига тақиқ жорий қилинганига муносабат билдирди. Аввалроқ "Толибон" аёлларнинг университетларда ўқишини ҳам тақиқлаган эди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг барча 15 аъзоси (Россия ҳам киради) консенсус қарори билан қабул қилинган баёнотида айтилишича, "Толибон" қарорлари «инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига ҳурмат эрозиясининг кучайиб бораётганидан далолат беради». Хусусан, аёлларнинг нодавлат ташкилотларда ишлашини тақиқлаш Афғонистондаги «гуманитар операцияларга сезиларли ва дарҳол таъсир кўрсатади».

«Ушбу чекловлар «Толибон» ҳаракатининг афғон халқи олдидаги мажбуриятларига, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг кутган нарсаларига зиддир», — дея хулоса қилди Бирлашган миллатлар ташкилоти.

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган "Толибон" 24 декабрь куни маҳаллий ва хорижий нодавлат ташкилотларга аёлларга ишлашга рухсат беришни тақиқлади. Бу қарор, баъзи ходимлар гўёки "Толибон" томонидан ўрнатилган исломий кийиниш қоидаларига амал қилмагани ҳақидаги «кўплаб шикоятлар» билан изоҳланган. Афғонистон Иқтисодиёт вазирлиги талабга риоя қилмаслик ҳар қандай ноҳукумат ташкилотининг мамлакатда фаолият юритиш лицензияси бекор қилинишига олиб келишини таъкидлади. Улардан тўрт нафари аллақачон ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.

Европа Иттифоқи бу қарорни қоралаб, уни «Афғонистондаги аёлларнинг ўз ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини амалга ошириш имкониятларини яна бир қаттиқ чеклаш ҳамда инсонпарварлик тамойилларини очиқдан-очиқ бузиш» деб атади. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен эса бу тақиқ «афғон халқи учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши»ни тахмин қилди. Унинг эслатишича, аёллар «бутун дунё бўйлаб гуманитар операциялар марказида туради».

Мавзуга оид