Ўзбекистон | 09:17 / 29.12.2022
8474
3 дақиқада ўқилади

Халқ депутатлари кенгаши томонидан ҳоким ҳужжатларини бекор қилиш тартиби белгиланяпти

“Маҳаллий вакиллик органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Халқ депутатлари Кенгаши томонидан ҳокимнинг ҳужжатларини бекор қилиш тартиби белгиланмоқда, жумладан:

  • қонунчиликка зид бўлган ҳокимнинг ҳужжатлари халқ депутатлари Кенгаши ташаббуси билан, ваколатли органларнинг тақдимномасига ёки прокурорнинг протестига асосан бекор қилиниши мумкинлиги;
  • ҳокимнинг қонунчиликка зид бўлган ҳужжатларини бекор қилиш бўйича тегишли идораларнинг тақдимномалари (кўрсатмаси, протести) халқ депутатлари Кенгашлари томонидан 15 кун ичида кўриб чиқилиши;
  • масаланинг муҳокамасида ҳокимнинг ҳужжатни қабул қилиш асослари ва унинг қонунийлиги бўйича фикри эшитилиши;
  • ҳокимнинг ҳужжатини бекор қилиш халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг 2/3 қисмидан кўпроғининг овози билан ҳал этилиши назарда тутилмоқда.

Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўз фаолиятини халқ депутатлари Кенгашидан мустақил равишда олиб бориши мустаҳкамланмоқда.

Халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятининг очиқлигига оид талаблар белгиланмоқда, хусусан камида 8 турдаги маълумотлар Кенгашларнинг расмий веб-сайтларида доимий жойлаштириб борилиши таклиф этилмоқда, масалан:

  • Кенгаш назорати натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар тўғрисидаги маълумотлар;
  • халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари, сайлов округлари ҳамда уларнинг электрон почта манзиллари ҳақидаги маълумотлар;
  • ўтказиладиган барча оммавий тадбирлар (сессиялар, мажлислар, кенгашлар, учрашувлар ва бошқалар) тўғрисидаги маълумотлар;
  • раис, унинг ўринбосари, доимий асосда ишловчи депутатлари, Кенгашнинг котибияти ходимларининг яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми);
  • раис, унинг ўринбосари, доимий асосда ишловчи депутатларининг ҳар ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ва бошқалар;
  • халқ депутатлари Кенгашининг оммавий тадбирлари, жумладан сессиялари очиқ ҳолда ўтказилиши ва унда оммавий ахборот воситалари вакиллари тўсиқларсиз иштирок этиш ҳуқуқи, ушбу тадбирларда аудио, видео ва бошқа овоз ёзиш воситаларидан фойдаланишга ҳақли эканлиги белгиланмоқда.

Халқ депутатлари Кенгашларининг барча қарорлари ва ҳужжатлари “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилиниши белгиланмоқда, бунда “E-qaror” электрон тизимини четлаб ўтган ҳолда қарорлар ва ҳужжатларни қабул қилишга йўл қўйилмаслиги, ушбу тизимни четлаб ўтиб қабул қилинган ҳужжатлар ўз ўзидан ҳақиқий эмаслиги ва ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармаслигини белгилаш таклиф этилмоқда.

Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари 9 та масалалар бўйича, туман ва шаҳар Кенгашлари 4 та масалалар бўйича норматив тусдаги қарорларни қабул қилиш ваколатлари Қонун даражасида белгиланмоқда.

Мавзуга оид