Жаҳон | 14:52 / 31.12.2022
13193
2 дақиқада ўқилади

Собиқ Рим папаси Бенедикт XVI 95 ёшида вафот этди

Фото: AP

Собиқ Рим папаси Бенедикт XVI вафот этди. Папа 95 ёшда эди. У 2005 йилдан 2013 йилгача апостоллик тахтини эгаллаб турган, сўнг кутилмаганда тахтдан воз кечиш қарорини эълон қилган

Ўз ҳаётининг сўнгги йилларида у Ватикан боғларидаги Mater Ecclesiae кичик монастирида яшаган.

Бенедикт XVI'нинг папалик тахтидан воз кечиши Ватиканда бир неча асрлар давомида биринчи бўлиб содир бўлди - 1415 йилда Констанцдаги кенгаш папа Григорий XII'нинг истеъфосини қабул қилиб, бир вақтнинг ўзида антипапалар Бенедикт XIII ҳамда Иоанн XXIII'ни тахтдан ағдарди, илгари тахтдан ихтиёрий равишда воз кечган ягона папа эса Целестин V бўлган, бу 1294 йилда юз берган.

Бенедикт XVI (Йозеф Ратцингер, Мюнхеннинг собиқ архиепископи) бир неча асрлар ичида асли келиб чиқиши Германиядан бўлган биринчи папага айланганди.

Бенедикт XVI 1927 йил Германияда туғилган, Мюнхен университети ҳузуридаги Илоҳиёт институтини тугатгач, 1951 йили руҳоний рутбасини қабул қилган. 1952—77 йилларда Германиядаги олий ўқув юртларида ўқитувчи бўлган. 1977 йилдан Мюнхен ва Фрайзинг архиепископи, шунингдек, кардинал. 

1981—2005 йилларда диний таълимотлар бўйича конгрегация (бошқарув органи) префекти, айни вақтда Ватикан кардиналлари ҳайъати декани (2002—2005) бўлган. 2005 йил 19 апрелда Рим папаси ва Рим католик черкови бошлиғи этиб сайланган ҳамда Бенедикт XVI номини олган.

Мавзуга оид