13:06 / 06.01.2023
19740

«Док-1 МАКС» ва «Амбронол» дори воситалари лаборатория синовларидан белгиланган тартибда ўтказилмаган – ДХХ

«Quramax Medikal» МЧЖ ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ масъул шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича қўшимча маълумот берилди.

Фото: Kun.uz

Давлат хавфсизлик хизматига кўра, «Док-1 МАКС» ва «Амбронол» дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмаган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан «Quramax Medikal» МЧЖ ҳамда «Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази» МЧЖ масъул шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 1863-моддаси 4-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, Ҳиндистон давлатида ишлаб чиқарилган «Док-1 МАКС» ва «Амбронол» дори воситаларининг ножўя таъсири оқибатида, ҳозирга қадар «ўткир буйрак етишмовчилиги» ташхиси билан даволанган бемор болалар ҳаётдан кўз юмган.

«Quramax Medikal» МЧЖ томонидан мамлакатимизга импорт қилинган ушбу препаратлар «Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази» МЧЖ томонидан лаборатория синовларидан ўтказилган ҳамда уларга мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ масъул ходимлари томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат талаблари қўпол равишда бузилиб, ушбу дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмаганлиги натижасида, сифатсиз препаратларнинг сотувга чиқарилишига йўл қўйилган”, — дейилади ДХХ хабарида.

Қўшимча қилинишича, жиноят иши доирасида «Quramax Medikal» МЧЖнинг 2 нафар раҳбар ходими ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖнинг 2 нафар масъул ходими гумонланувчи шахслар сифатида ДХХ Тергов ҳибсхонасига тегишли тартибда жойлаштирилган. Шунингдек, «Quramax Medikal» МЧЖ томонидан Ҳиндистон давлатидан Ўзбекистонга импорт қилинаётган дори воситаларининг божхона назоратидан ўтказилиши тўхтатилган ҳамда дорихоналардаги бундай препаратлар йиғиб олинган.  

Шунингдек, «Quramax Medikal» МЧЖга тегишли дори воситалари Ўзбекистонда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилгани ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги мутасадди ходимларнинг ушбу ҳолат бўйича амалга оширган ҳаракатларини текшириш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Top