“Док-1 Макс” иши бўйича 17 январ куни давом этган суд мажлисида “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропи истеъмоли ортидан ногирон бўлиб қолган ва боласи вафот этган жабрланувчиларнинг кўрсатмалари тингланди. Бу ҳақда судда иштирок этаётган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
4 ёшли Султон Саидмуродовнинг отаси, жабрланувчининг қонуний вакили Дилшод Турсунбоевнинг маълум қилишича, ўғли 2023 йилнинг 1 январ кунидан 12 феврал кунига қадар салкам бир ярим ой кома ҳолатида ётган.
“Ўғлим 2021 йилда туғилган. Олдин ҳам йўталганда “Амбронол” дорисини берардик, яхши бўларди, ножўя таъсири бўлмаган. 2022 йил бошларида берганимизда эса бир яхши бўлиб, кейин иситмалаб оғрий бошлади. Аёлим бир-икки кундан бери пешоб чиқармаётганини айтди. Шундан кейин 28 декабр куни тез тиббий ёрдамга олиб бордик, УЗИ қилишиб, буйраги ишламаяпти, дейишди. У ердаги болалар шифокори бизда даволаш учун шароит йўқ деб Жиззах вилояти касалхонасига йўлланма ёзиб берди. У ерда ҳам текширишиб, бирдан реанимацияга олишди. 29 декабр куни диализ қилишди. Аҳволи анча оғирлашди. 2 январ куни Тошкентга олиб кетамиз дедик, аммо бош шифокор оғир аҳволда, олиб кетиб бўлмайди, деди. Тошкентдаги танишлар билан гаплашиб, шароит қилдик, Болалар миллий марказидаги бош шифокор ўзи бориб Тошкентга олиб келди 3 январ куни.
Жиззахда 4-5 та диализ олинди. Тошкентда ҳам феврал ойи ўрталаригача диализ олишди. Палатага оламиз деб турган пайтда боши шишиб кетди, кейин операция қилишди, «шунт» қўйишди, неврожарроҳ операция қилди. Овқатланишлари фақат шланг орқали бўларди. Ҳаракат қилмасди, бир ойлар вақт ўтгач, фақат бир тарафи озроқ ҳаракатлана бошлади. Неврологияга олиб бориб текширтирдик, битта шахсий клиникага тавсия беришди. У ерда ҳам 3 кун ётгач, Болалар миллий марказига олиб бордик. Шу орада қорнининг пастки қисмидан грижа ҳам бўлган экан. Ҳозир уйда қараяпмиз, доимий бир одам қараб, назорат қилиб туради, аввалгидан яхши бўлиб қолган. Лекин ҳали ҳам бир тарафида ҳаракат кам, тана ривожланиши йўқ, ўша тарафдан юзлари тортилиб қолган. Агар судланувчиларнинг айби бўладиган бўлса, шунга яраша жазо олсин”, дея кўрсатма берди Дилшод Турсунбоев.

Жабрланувчига кўра, у бугунгача боласини даволатиш учун яқинларидан 150 млн сўмдан ортиқ қарз олган. У судда фарзандини тўлиқ даволатиш учун 5 млрд сўм компенсация сўради.
“2019 йил туғилган боламнинг томоғи оғригани сабаб дорихона ходими тавсияси билан шу дорини олиб ичиргандик. Ўғлим бу сиропни аввал ҳам ичганди. Дори тўрт кун ичилган. Бешинчи куни болам қайт қилиб, тоби қочди. Оилавий поликлиникага чиқдик. Шифокорлар дори ёзиб беришди, уйга қайтдик. Бешинчи куни ишдан келсам, боламнинг иссиғи чиқаётган экан. Дори бериб, иссиғини туширдик. Эртаси куни ишда бўлганим сабаб, дадам юқумли касалликлар шифохонасига олиб борибди. У ерда ўғлимни кўричак дейишибди. Қувасой шаҳар шифохонасининг шифокорлари эса текшириб кўриб, кўричак эмас дейишган. Ўша куни укол олиб уйга қайтишган. Эртаси куни ўзим яна укол олса яхши бўлар деган умидда шифохонага олиб бордим. У ердагилар “бизнинг касаллик эмас, у ёққа олиб бор, бу ёққа олиб бор”, дейишди. Сўнгра яхши болалар шифокорини айтишиб, кўрсатинг дейишди. Хуллас, шу тарзда ўғлимни вилоятдаги шифохонага олиб бордик. Буйрак етишмовчилиги дейишди”, — дейди 5 ёшли Нодирбек Алижонов отаси, жабрланувчининг қонуний вакили Анвар Абдуллаев.
















