Ўзбекистон | 18:48 / 20.01.2024
10269
3 дақиқада ўқилади

“Болам кўрмайдиган ва эшитмайдиган бўлиб қолди” - Док-1 Макс ишининг навбатдаги суд мажлисидан репортаж

Док-1 Макс иши бўйича навбатдаги суд мажлисида “Амбронол” сиропи истеъмолидан сўнг қулоғи эшитмай, кўзи кўрмай қолган 3 ёшли боланинг отаси кўрсатма берди. У фарзандини тўлиқ даволатиш учун 100 минг доллар компенсация сўради.

3 ёшли Мухторжон Мирраҳмонов “Амбронол” сиропидан ногиронга айланган. Унинг отаси, бухоролик Ғофуржон Раҳимовнинг маълум қилишича, фарзанди икки ойдан зиёд комада ётган.

“Фарзандим 2020 йил 28 декабрда туғилган. 2022 йилда шамоллаб қолди, йўтали қолмади. Патронаж врачимизга олиб бордик. У киши укол қиламан, деди, мен бирорта сироп ёки талблетка ёзиб беришини сўрадим. Кейин “Амброксол” сиропини айтди. Дорихонада дорихоначи аёлимга “Амброксол” йўқлиги учун ўрнига “Амбронол” тавсия қилибди. Ўшани 3 кун 2 маҳалдан ичирдик. Шундан кейин аломатлар бошланди, қайт қилди, юролмай фақат ётади, ерга урса, кўкка сапчийдиган бола овқат емай қўйди. Туман тез ёрдамга олиб бордик, у ердан реанимацияга юборишди. Аммо у ерда диализ аппарати бўлмагани учун Бухоро вилояти касалхонасига йўлланма беришди. Аммо у ерда ҳам болалар учун катетер йўқ экан, буни биз даволай олмаймиз, Тошкентдаги 16-шаҳар “балница”га олиб боринг деб, жўнатиб юборишди, — дейди жабрланувчи ота.

Бухоролик жабрланувчининг айтишича, Тошкентдаги шифохонага олиб келинган ўғли 2022 йилнинг 30 декабр кунидан 2023 йилнинг март ойигача комада ётган. 

“Ҳар куни “дўхтир”дан сўрайман. Команинг ҳам ҳар хил кўриниши бор экан. Иккига тушиб қолди, учга тушди, тўртга тушди, тайёргарлигингни кўр дейишди. Бу ҳолатни ҳеч кимга раво кўрмайман, болам комадан чиққач, кўрмайдиган, эшитмайдиган ногиронга айланди.

Қарзларим кўпайиб кетди. Итдан бир суяк қарз бўлдим. Бир амаллаб кеча давлатдан яна 350 млн сўм кредит олиб, ўғлимни Ҳиндистонга юбордим. Лекин кўзини даволаш қийин деяпти экан у ёқда ҳам, 20-30 фоиз ҳолатда тузалиши мумкин, дейишяпти. Ҳозир ногиронлик расмийлаштирганмиз. Қўлидан ушлаб етакласа юради, оёқ-қўлида асорат йўқ, фақат кўзи билан қулоғида бўлди”, дейди жабланувчи.

У судда фарзандини тўлиқ даволатиш учун 100 минг доллар компенсация сўради.

Док-1 Макс иши бўйича навбатдаги суд мажлиси 24 январ куни ўтказилади.

Олдинги суд мажлисида фарзанди ногирон бўлиб қолган икки жабрланувчи боласини даволатиш учун 5 млрд сўмдан компенсация талаб қилганди.

Мавзуга оид