Ўзбекистон | 14:30 / 06.01.2023
6608
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон вакили Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президентлигига сайланди

Қатар пойтахтида Осиё оғир атлетика федерацияси (ООАФ) навбатдаги ҳисобот-сайлов йиғилиши ўтказилди.

Фото: Dunyo

Унда Ўзбекистон ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари, мамлакат Оғир атлетика федерацияси раиси биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов кейинги тўрт йиллик муддатга AWF вице-президентлигига сайланди.

Йиғилиш давомида ООАФ амалдаги раҳбари Юсуф ал Мана AWF президентлиги лавозимини сақлаб қолди. Саудия Арабистонидан Муҳаммад Алхарби бош котиблик вазифасига сайланган бўлса, хитойлик Мэн Бо, Жанубий Корея вакили Сунг Йонг Чой ва ўзбекистонлик Шаҳрулло Маҳмудов ташкилот вице-президентлари этиб сайланди. 

Овоз бериш жараёнида Шаҳрулло Маҳмудов энг кўп овоз тўплашга эришди. ООАФ ҳисобот-сайлов жараёнида бевосита иштирок этган делегатларнинг 42 нафари ўзбекистонлик спорт мутахассисини ёқлаб чиқди. 

ООАФ 11 нафардан иборат янги сайланган ижроия қўмитаси таркиби тасдиқланди. Улар жорий йил Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари, «Париж-2024» Олимпиадаси ҳамда тўрт йиллик муддат давомидаги қитъа ва жаҳон чемпионатларида AWF'нинг раҳбарлари сифатида оғир атлетика мусобақаларига раҳбарлик қилади.   

Мавзуга оид