Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Айрим солиқ ставкалари пасайтирилади
Сенатда «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама этилди.
Қонун билан амалдаги Божхона ва Солиқ кодексларига, «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ қўшилган қиймат солиғи ставкаси (ҚҚС) 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилмоқда. Бу имтиёз натижасида тадбиркорларнинг ихтиёрида 14 триллион сўм миқдорда маблағ қолиб, ундан ўз фаолиятларини янада кенгайтиришда фойдаланишлари мумкин.
Айланмадан олинадиган солиқ ставкаларни, 4 фоизлик ягона ставкани сақлаб қолган ҳолда 14 та фаолият тури бўйича 4 фоиздан 25 фоизгача унификация қилинмоқда.
Айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларга товар айланмаси 500 миллион сўмгача бўлганда йилига 20 миллион сўм, 500 миллион сўмдан юқори бўлганда 30 миллион сўм миқдорида қатъий белгиланган солиқни ҳар ойда тенг улушларда тўлашни танлаш ҳуқуқи берилмоқда. Бунда солиқ тўловчилар бухгалтерия ҳисобини мажбурий юритиш ва айрим ҳисоботларни топшириш ҳамда соф фойдасидан дивиденд солиғини тўлашдан озод этилади.
Қонунда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган муҳим ўзгаришлар назарда тутилиб, товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган кичик бизнес тоифасига кирувчи тадбиркорлар учун 1 йил давомида фойда солиғи ставкаси 2 бараварга пасайтирилиши белгиланмоқда. Кичик бизнесдан ўрта бизнес тоифасига ўтган тадбиркорлар учун 2 йил давомида фойда солиғи ставкаси 2 бараварга пасайтирилмоқда.
Солиқ тўловчиларга қўшимча енгилликлар яратиш мақсадида 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар ўз даромадларини ипотека кредитларини қоплашга йўналтирганда солиққа тортилмайдиган даромадлар миқдори амалдаги 15 миллион сўмдан 73,6 миллион сўмгача оширилмоқда.
Экспорт қилишдан олинган даромадлар ҳажмининг улушидан қатъий назар (амалда даромаднинг 15 фоизидан кўпроғини ташкил этса), экспорт қилинган товарлар (хизматлар) қисмига нисбатан фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ солинмаслиги белгиланмоқда.
Солиқ қарзини мол-мулк ҳисобидан ундиришга қаратишнинг белгиланган муддати амалдаги 30 кундан 60 кунгача узайтирилмоқда.
Кичик ва ўрта бизнес тоифасига кирувчи тадбиркорлар учун солиқ тўловларини 6 ойга фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилмоқда.
Бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи, cув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер солиғининг базавий ставкалари, акциз солиғи, айрим солиқлар бўйича ставкалар инфляция даражаси доирасида индексация қилинмоқда.