13:49 / 10.01.2023
23439

Тозаланмаган йўллар. Синган дарахтлар. Узун тирбандликлар – Тошкент аномал совуқни қандай қарши олмоқда?

9 январдан Ўзбекистон ҳудудига аномал совуқ об-ҳаво кириб келди. Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида, жумладан, пойтахтда қор ёғди, кучли шамол кузатилди. 10 январ эрта тонгдан тошкентликлар тозаланмаган кўчалар, ёғингарчилик натижасида қулаб тушган дарахтлар, йўллардаги узундан узоқ тирбандликлар билан тўқнашишди.

Аномал совуққа қандай тайёргарлик кўрилди?

Тошкент шаҳар ҳокими совуқ об-ҳаво туфайли 9-18 январ кунларида марказий ва ички йўлларни тезкорлик билан қор ва музламалардан тозалаш ташкил қилиниши, шаҳар жамоат транспортининг тизимли ишлаши чоралари кўрилиши, озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг узлуксиз ишлаши таъминланишини ваъда қилганди. Бундан ташқари, шу кунлари шаҳар ва туман ҳокимликларида, бошқармаларда ҳар қандай мажлислар тақиқланди.

Шу билан бирга, Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошқарув сервис компаниялари томонидан кўп қаватли уйлар йўлакларини қор ва музламалардан ўз вақтида тозалаш таъминланиши,  электр тизимидаги авариялар тезкор бартараф этилиши, туғуруқхоналар, шифохоналар, мурувват ва меҳрибонлик уйларидаги электр генераторлари тўхтовсиз ишлаши учун етарли ёқилғи билан таъминланиши, навбатчилик, штаблар ва call-марказлар фаолиятидаги алоқа телефонларининг узлуксиз ишлаши назоратга олиниши, кўчада хизмат қилаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва ободонлаштириш ходимлари иссиқ чой ва егулик, ихчам термос идишлари билан таъминланишини таъкидлаганди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Ижтимоий тармоқларда кўп қаватли уйларнинг йўлаклари олдига қумли, тузли қоришмалар қопга солиб қўйиб кетилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Улардан йўлакларда яхмалак ҳосил бўлганда музларни эритиш, сирпанчиқликларнинг олдини олиш мақсадида фойдаланиш кўзда тутилган.

Айтишларича, 7 январь куни бўлиб ўтган мажлисда Бош вазир Абдулла Арипов подъездларда қордан кейин муз пайдо бўлса, уни эритиш учун тезкор чора кўриш мақсадида шундай топшириқ берган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Эсингизда бўлса, президент Шавкат Мирзиёев Учтепа туманидаги ўзгаришлар билан танишиш чоғида кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш, кириш йўлакларида яхмалак ҳосил бўлишига йўл қўймаслик ҳақида масъулларга топшириқ берганди.

Тошкент шаҳар ҳокимли матбуот хизмати аномал совуқ об-ҳаво шароитида пойтахтдаги шифохоналарнинг электр таъминотида узилишлар бўлмаслиги учун уларга ССВ томонидан харид қилинган дизель генераторлари ҳокимлик масъуллари ҳамкорлигида ўрнатилаётгани, шунингдек, ободонлаштириш бош бошқармаси ходимлари ҳам қўшимча воситалар билан таъминланаётгани ҳақида хабар берганди.

Gazeta.uz нашрининг хабар беришича, Тошкентда қор тозалаш ишларига 200 дан ортиқ техника, жумладан, қор тозалаш машиналари (60 дона), цилиндрсимон чўтка ва роликлар билан жиҳозланган самосваллар (80 дона), кўчаларни қум-туз аралашмаси билан тозалаш ва сепиш учун махсус автомашиналар (53), аралашма юклагичлар (10 дан ортиқ) жалб қилинган.

Фото: Gazeta.uz

Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Рустам Юсуповга кўра, аёзли кунларда туман ободонлаштириш бўлимларининг 4000 дан 6000 нафаргача ходимлари йўлакларни тозаламоқда. Музлаган юзаларда сирпаниб кетмаслик ва уни эритиш учун қум ва туз аралашмаси ишлатилмоқда.

Фото: Gazeta.uz

Шаҳарда кучли ёғингарчилик бўлса, кунига тахминан 2500 тонна, қорли кунларда — 1000−1500 тонна аралашма ишлатилади. Омборхоналарда 13 минг тонна аралашма бўлиб, улар туман ободонлаштириш бўлимлари ўртасида тақсимланган.

Чоралар иш беряптими?

Пойтахт аҳолисининг сўзларига кўра, кўрилаётган чора-тадбирлар кутилган натижани беришига кучли ёғингарчилик йўл қўймаяпти. Тошкентликлар аномал совуқ шароитида кўчаларни тозалаш учун ажратилган техника одатдаги қиш кунидагидан фарқли бўлмаётганини тахмин қилиб, бунинг оқибатида йўллар қордан тозаланмай қолаётганини айтишмоқда.

Бунёдкор кўчаси Фото: Kun.uz 
Бунёдкор кўчаси Фото: Kun.uz 

Kun.uz кузатувчиси Чилонзор туманидаги марказий йўлларга қум ва туз аралашмаси сепилгани, бироқ бу чора-тадбирлар етарли бўлмаётганини айтади. Унинг сўзларига кўра, тинимсиз ёғаётган қор натижасида йўлларда автомобиллар ҳаракати секинлашган, бу эса тирбандликларга сабаб бўлмоқда.

Аввалроқ пойтахт ҳокимлиги ҳайдовчиларга имкон қадар шахсий транспорт воситасидан фойдаланмасликни тавсия этганди.

Муқимий кўчаси Фото: Kun.uz
Муқимий кўчаси Фото: Kun.uz

9 январ куни Тошкентда кун бўйи ёғган ёмғир қорга айланган, бунинг натижасида дарахтлар қордан оғирлашган шохларини кўтара олмай қулай бошлаган. Интернетда дарахтлар қулашидан автомобиллар зарар кўргани акс этган видеолар тарқалмоқда. Мутасаддилар ҳайдовчиларни транспорт воситаларини дарахтлар ва мўрт конструкциялар остига қўймаслик ҳақида огоҳлантиришмоқда.

Top