Жаҳон | 11:42 / 19.01.2023
22307
5 дақиқада ўқилади

"СБУ" томонидан отиб ўлдирилган банкир Киевни Россия режалари ҳақида огоҳлантирган - WSJ

Денис Киреев жосусликда гумонланиб қўлга олинаётган пайтда "СБУ" томонидан отиб ўлдирилган. Украина разведкаси раҳбарининг WSJ'га айтишича, банкир Киевни Россия томонидан босиб олинишидан ҳимоя қилишга ёрдам берган.

Денис Киреев / Фото: frontnews.eu

Март ойида ҳибсга олиш пайтида "СБУ" зобитлари томонидан отиб ўлдирилган 45 ёшли Денис Киреев Украина разведкасини Россия бостириб кириши арафасида Москванинг Киевни эгаллаш режалари ҳақида огоҳлантирган. Бу ҳақда The Wall Street Journal'нинг 18 январь, чоршанба куни чоп этилган «Россия жосуси ёки Украина қаҳрамони?» мақоласида айтилади.

WSJ маълумотларига кўра, 45 ёшли банкир Киреев Украина разведкаси бошлиғи Кирилл Будановга Киевни ҳимоя қилишга ёрдам берган рус манбалари олинган маълумотларни берган. «Агар жаноб Киреев бўлмаганида, катта эҳтимол билан Киев эгаллаб олинган бўларди», - дея Буданов сўзларини келтиради нашр. Хусусан, Киреев унга 23 февраль куни Владимир Путин Украинага бостириб киришга буйруқ берганини айтган. Бундан ташқари, у ҳужумнинг асосий мақсадини билган.

24 февраль куни эрталаб Россия жанговар вертолётлари Киев яқинидаги "Антонов" аэропортига десант туширган. Россия Украина пойтахтига бостириб кириш учун у ерга қўшин ва техникани ўтказиш мақсадида аэропортни эгаллаб олишни режалаштирган. Киреевдан олинган маълумотлар Украинага русларга қарши туриш учун қўшинларни жойлаштиришда «бир неча қимматли соат» ажратиб берди, деди Буданов. Шиддатли жангдан сўнг аэропорт вайрон бўлган ва ундан россияликлар фойдаланиши мумкин бўлмаган.

Шундан сўнг урушаётган томонлар Беларусда музокара ўтказишга келишиб олди. Кирилл Буданов Денис Киреевни уларда иштирок этишга таклиф қилган, чунки у Россия делегациясининг икки аъзоси билан таниш эди. Йиллар давомида можаронинг ҳар икки томони билан алоқа ўрнатиб келган Киреев Украина делегацияси таркибида қатнашиш унинг учун хавфли бўлишини билган ва аввалига музокараларда қатнашишни истамаган, бироқ кейин рози бўлган. «У ерда пайдо бўлганидан кейин унинг махсус хизматлар билан алоқаси ҳаммага аён бўлди. Афсуски, ўша пайтда вазият оғир эди ва биз таваккал қилишга мажбур бўлдик», - деди Буданов.

3 март куни Россия ва Украина музокараларнинг иккинчи раунди бўйича келишиб олганида, Буданов Киреев делегация таркибига қайта қўшилишини талаб қилган. Банкир хавф остида бўлиши мумкинлигини билган. Қўриқчилар ва ҳарбий разведка агентлари билан биргаликда у Киевдаги темирйўл вокзалига келган. Йўлда Киреев қўриқчиларга ҳибсга олиниши мумкинлигини айтган ва улардан аралашмасликни сўраган. Шаҳар марказида у ҳақиқатан ҳам "СБУ" агентлари томонидан қўлга олинган, улар Киреевнинг тансоқчиларидан қуролларини ташлашни талаб қилишган. Банкирни ушлаб, олиб кетишган, орадан бир ярим соат ўтиб у ўлик ҳолда топилган.

Бундай қотилликларни тергов қилувчи Украина Давлат тергов бюроси WSJ учун изоҳ беришдан бош тортди. Шунингдек, Россия учун ишлашда гумон қилинган ходимларни қўлга олишга масъул бўлган "СБУ" контрразведка бошлиғи Александр Поклад бу ҳақда изоҳ бермади. Будановнинг сўзларига кўра, Беларусдаги музокаралардан бир кун олдин Киреевга Покладнинг офисидан қўнғироқ қилишган.

Денис Киреевнинг ўлдирилишидан сўнг, Украина оммавий ахборот воситалари "СБУ"да унинг ватанга хиёнат қилгани ҳақида маълумот бўлгани, шу қаторда телефон суҳбатлари ёзиб олингани ҳақида хабар берди. Кейинроқ Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси Киреев «махсус топшириқни бажариш вақтида ҳалок бўлганини» маълум қилди. Денис Киреев қаҳрамон сифатида дафн этилди, Володимир Зеленский уни «давлат суверенитети ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилишга қўшган улкан ҳиссаси учун» вафотидан кейин медал билан тақдирлаш ҳақидаги ҳужжатларни имзолади.

Июль ойида Зеленский "СБУ" раҳбари Иван Баканов ва бош прокурор Ирина Венедиктовани «хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани» учун ишдан бўшатган эди. Украина президенти уларнинг ишдан бўшатилишини прокуратура, дастлабки тергов ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларига нисбатан давлатга хиёнат бўйича кўплаб ишлар очилгани билан изоҳлади.

Мавзуга оид