Жаҳон | 08:34 / 16.12.2023
9244
3 дақиқада ўқилади

«СБУ» патриарх Кириллни қидирувга берди

Рус православ черкови раҳбари Украина ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва уруш олиб боришда айбланмоқда.

Фото: РИА Новости

Украина хавфсизлик хизмати («СБУ») Рус православ черкови раҳбари патриарх Кириллни қидирувга берди. Бу ҳақдаги маълумотлар 15 декабр, жума куни Украина Ички ишлар вазирлигининг базасида пайдо бўлди.

Патриарх Кирилл - Украина Ички ишлар вазирлигининг картасида ўзи фуқаролик номи Гундяев Владимир Михайлович деб ёзилган - у иккита моддада айбланмоқда. Гап Украина Жиноят кодексининг 110-моддаси 3-қисми - «Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва дахлсизлигига тажовуз қилиш», шунингдек, 437-моддасининг 2-қисми - «Агрессив уруш олиб бориш» ҳақида бормоқда. Иккала модда учун жазо 30 йилгача қамоқни ташкил этиши мумкин.

Украинанинг патриарх Кириллни миллий қидирувга эълон қилиши тегишли сўровни халқаро қидирув органларига топширишдан олдин амалга оширилди.

Аввалроқ «СБУ» РПЧ раҳбарини Россия агрессиясини оқлаганликда гумонлаганди

2023 йил ноябр ойининг бошида «СБУ» Гундяев Украина Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича гумон қилинаётганини эълон қилди: мамлакат ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш, агрессив уруш олиб бориш, шунингдек, 2022 йилда Украина Жиноят кодексига киритилган алоҳида модда - Россиянинг Украинага қарши қуролли тажовузини оқлаш ва унинг иштирокчиларини мақташ.

Патриарх қидирувга берилганда охирги модда кўрсатилмаган.

«СБУ» таъкидлаганидек, РПЧ раҳбари видео ваъзлардан, расмий Россия оммавий ахборот воситаларига шарҳлардан, Патриархия веб-сайтидаги нашрлардан, шунингдек, Украинада Россиядаги диний жамоалар ва УПЧ (Москва патриархати) вакилларидан фойдаланган ҳолда Россия расмийларининг позициясини тарғиб қилмоқда. Хусусан, 2022 йил март ойида Кирилл Россия гвардияси бошлиғи Виктор Золотовни олқишлаган, 2023 йил феврал ойи охирида Украина шарқининг ишғол қилинишини оқлаган.

Патриарх Кирилл урушни қўллаб-қувватлаган

Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли урушини очиқ қўллаб-қувватлаган, давлат раҳбарининг биринчи яқин шерикларидан бири бўлган РПЧ раҳбарининг баёнотлари бошқа мамлакатлардаги черковлар вакиллари томонидан бир неча бор танқид қилинган.

Шу тариқа, 2022 йил март ойида РПЧ раҳбарининг позицияси Литва ва Эстония православ черковлари патриархлари томонидан танқид қилинди. Рим папаси Франциск ҳам Гундяевнинг позициясидан ҳайратда эканлигини айтди - понтификнинг сўзларига кўра, Франциск Zoom орқали черков раҳбарлари ўртасидаги суҳбатда бу мавзуни кўтарганида, рус патриархи «20 дақиқа давомида қоғоздан урушни оқловчи сабабларни ўқиб чиққан».

Россиянинг Украинага қарши урушини маъқуллагани учун патриарх Кирилл Буюк Британия ва Канаданинг санкциялар рўйхатига киритилган. Европа Иттифоқи ҳам РПЧ раҳбарини санкциялар рўйхатига киритиш ниятида эди, бироқ Венгрия бош вазири Виктор Орбан бунга тўсқинлик қилди.

Мавзуга оид