Ўзбекистон | 12:23 / 20.01.2023
18197
3 дақиқада ўқилади

Таътил муддатларидаги мавҳумлик талабаларга қандай таъсир қилди?

“Таътил узайганини Тошкентга кетаётганимда билдим”. “Совуқ деб ётоқхонадан чиқариб юборишди. Нима қилишни билмай қолдик”. Kun.uz мухбири Тошкентдаги талабалар шаҳарчасида бўлиб, талабалар билан суҳбатлашди.

Таътил давомийлигининг тез-тез ўзгариши ва унинг кеч эълон қилиниши, айниқса, уйидан узоқда ўқийдиган талабаларнинг сарсон бўлишига олиб келди. Бу ҳақда талабаларнинг ўзи нима дейди? Қаттиқ совуқда ётоқхоналарда шароит қанақа? Kun.uz мухбири шу каби саволларга жавоб олиш учун Тошкентдаги талабалар шаҳарчасида бўлди.

Шаҳарчадаги бир нечта талабалар турар жойини кириб кўрганимизда, гувоҳи бўлдикки, асосий муаммо – иситиш тизимида. Шундай бўлса-да, талабалар қабул қилиняпти.

Масалан, Ўзбекистон Миллий университетининг физика факультетига қарашли иккинчи талабалар турар жойига шу кунгача 8 нафар талаба қабул қилинган.

“Эрта келган талабалар ётоқхоналарга жойлаштириляпти. Хоналар совуқ. Айрим талабалар шунинг учун қайтиб кетишяпти”, – дейди факультет тютери.

Университетнинг журналистика факультети декани ўринбосари Равшан Омоновнинг айтишича, асосан талаба қизлар иссиқ ётоқхонага жойлаштириляпти – ОТМнинг ётоқхоналари ичида фақат биттаси шундай имкониятга эга. У ҳам бўлса, хорижлик талабалар турадиган, алоҳида ўз қозонхонасига эга биринчи талабалар турар жойи.

“Таътил узайганини йўлга чиққанимдан кейин билдим. Мен ўзи учинчи ётоқхонада тураман, у ер совуқлиги учун бизни биринчи талабалар турар жойига жойлаштиришди. Бу ерда хоналар иссиққина”, – дейди талаба қизлардан бири.

Аммо ҳамма талабалар ҳам бундай имкониятдан фойдалана олмайди. ТТЖдаги хоналар совуқлиги ёки ётоқхонага қабул қилинмагани учун чиқиб кетаётган талабаларни ҳам учратдик.

“Ўзим хоразмликман. Поездда келдим. Тошкентга етиб келганимдан кейин ўқитувчим телефон қилиб, таътил узайтирилди, қайтиб кетавер, деди. Нима қилишимни билмай қолдим. Ҳозир совуқ деб ётоқхонадан ҳам чиқариб юборишди. Курс раҳбаримнинг ёнига кетяпман. Гаплашиб кўрай, агар қолишнинг имконини тополмасам, иложсиз уйга қайтиб кетаман”, – дейди шундай талабалардан бири.

Аксарият талабалар таътил узайтирилгани эртароқ эълон қилинмаганидан норози.

“Биз душанба куни йўлга чиққан бўлсак, таътил узайтирилгани ҳақидаги хабар сешанба куни – дарс бошланишидан бир кун аввал чиқяпти. Ғалати-да бу. Қашқадарёдан келдим. Йўллар музлаган, келиб-кетиш осонмас. Яна бир ҳафтада дарслар бошланади. Ётоқхона совуқ дейишди. Қариндошимникида турибман ҳозир”, – дейди талаба қизлардан бири

“Агар олдинроқ айтилганда эди, талабалар ўзининг ҳолатидан келиб чиқиб ҳаракат қиларди. Лекин бизда ё бир кун ёки бир соат олдин айтилади. Билмай қолдик буёғини”, – дея норозилигини ифодалайди бошқа бир талаба.

Таътил муддатларини белгилашнинг масъул вазирликлар қолиб, маҳаллий ҳокимликларга топширилиши ҳамда беқарорлик ортидан талабаларнинг сарсон бўлиши фонида доно халқимизнинг “Чўпон кўпайса...” деб бошланувчи нақли ёдга тушади.

Мақсуда Абдуқаюмова, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Ғиёс Сафаров

Мавзуга оид