Ўзбекистонда олий таълим тизими доимий танқид остида. Президент ҳам ёшлар билан учрашувида ОТМ меҳнат бозоридаги талабни ҳисобга олмасдан кадрлар тайёрлаётганидан норози бўлди. Kun.uz билан суҳбатлашганлар фикрича, университетлар формани талаб қилишдан кўра, давлат иқтисодиётига қиймат қўшиш, ректорлар эса ишлаб чиқариш бозори билан ҳамкорликни ўйлаши керак.
Таълим сифати рейтинги бўйича Ўзбекистон 100-ўринда ва бу кўрсаткич билан давлат қатор Африка мамлакатларидан ҳам орқада қолмоқда. Ваҳоланки, республика ижтимоий соҳага бюджетдан энг кўп маблағ ажратади ва 2026 йилда биргина таълимнинг ўзига 92,2 трлн сўм берилиши маълум қилинган.
Ўзбекистон президенти 24 февраль куни ёшлар билан мулоқоти чоғида ҳам таълим тизими, хусусан ректорларнинг фаолиятидан жиддий норози бўлди. Айниқса, ишлаб чиқариш ҳамда меҳнат бозори билан келишмасдан туриб, кадрлар тайёрлаш давом этаётганини давлат раҳбари танқид қилди.
Kun.uz билан суҳбатлашган таълим масалалари бўйича эксперт Азамат Акбаров фикрича, ректорларнинг “оёғи ердан узилган” ва бугунги аксарият университетлар давлатдан маблағ олиб яшайди, боқимандалик ҳиссига тўйинган.
“Университетлар аслида давлатнинг ЯИМга қиймат қўшиши керак, улар бюджетдан маош олиб ўтирадиган кадрлар эмас, инновация қилувчи шахсларни етиштириб, бу орқали умумий иқтисодиётимизга фойда келтириши лозим”, дейди Акбаров.
Суҳбатда яқинда ЎзЖОКУ талабаси билан содир бўлган форма масаласидаги ҳолат ҳам муҳокама қилиб ўтилди. ЎзЖОКУ ўқув ишлари бўйича проректори Равшан Райимжоновнинг айтишича, университет талабалардан тўлиқ галстукни талаб этмайди, бироқ келажакдаги кадрлар маданиятини ҳозирдан таъминлаш мақсадида чиройли кийинишни талаб этади.
“Булар эртага президентлар, вазирлар ва давлат ходимлари билан кўришади. Ҳозирданоқ бунга тайёр бўлиб боришлари керак эмасми?”, - дейди проректор.
Азамат Акбаровнинг қўшимча қилишича, дунёда сунъий интеллект, робототехника билан шуғулланаётган давлатлар ҳар куни инновация қилаётган бир онда формани таълим стандартига айлантириш – коммунистик даврдан қолган стратегиядан бошқа нарса эмас.














