Жаҳон | 10:37 / 21.01.2023
27108
3 дақиқада ўқилади

Москвадаги бинолар томига ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ўрнатилди

Telegram-каналларда Москванинг турли ҳудудларидаги биноларда ўрнатилган зенит-ракета тизимлари суратлари пайдо бўлди. Кремль Россия пойтахтига эҳтимолий зарбаларга тайёргарлик ҳақидаги саволга жавоб бермади.

Фото: Telegram / milinfolive

Охирги кунларда кремлпараст Telegram-каналлар Москвадаги маъмурий биноларга, шу жумладан Фрунзе кўчасидаги Россия Мудофаа вазирлиги биноси ҳамда Тетерин кўчасидаги маъмурий бино томига ўрнатилгани тахмин қилинаётган "Панцирь-С1" зенит-ракета тизимлари (ЗРТ) фотосуратларини эълон қила бошлади.

"Москвадаги Мудофаа вазирлигининг бош биносида яна бир "Панцирь-С1" ЗРК тизими пайдо бўлди. Пойтахт четида ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини жойлаштириш бўйича бундай чора-тадбирлар ҳарбийлар эҳтимолий зарбалардан хавотир олмаганида, бунчалик амалга оширилмаган бўларди", деб ёзган "Военный осведомитель" канали 19 январь куни.

Аслида, "Панцирь-С1"ни эслатувчи қурилмалар камида декабрь ойидан бери Мудофаа вазирлиги биноси фотосуратларида кўриниб келмоқда. Уларни 26 декабрда ижтимоий тармоқлардаги постларда ва 26 декабрдаги "Коммерсант" фотосуратларида кўриш мумкин. РИА "Новости" фотобанкида нисбатан аввалги, ўтган йилнинг сентябрь ойидан бошлаб олинган суратларда томдаги қурилмалар йўқ.

Бундан ташқари, бир ҳафта давомида Telegram-каналларда "Лосиный остров" миллий боғи яқинида ва Тимирязев академиясининг тажриба майдонларида жойлашган С-400 зенит-ракета комплекслари суратлари эълон қилинди.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Москвадаги бинолар томига ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ўрнатиш масаласини Мудофаа вазирлигидан сўрашни таклиф қилди. «Мана, сизни бутунлай Мудофаа вазирлигимизга йўналтирмоқчиман, улар мамлакат ва пойтахт хавфсизлигини таъминлаш учун масъулдир, шунинг учун кўрилаётган барча чора-тадбирлар ҳақида Мудофаа вазирлигидан сўраганингиз маъқул", деди у 20 январь куни журналистларнинг Кремлда Москвага ҳаво ҳужумлари уюштирилиши мумкинлигидан хавотир борми, деган саволига жавоб бераркан.

Давлат думаси эълон қилинган фотосуратлар ва видеолар ҳақиқий эмаслигини маълум қилди. «Мен бу ҳақда ҳеч нарса билмайман. Менимча, бу сохта, монтаж», - дейди Давлат думаси Мудофаа қўмитаси аъзоси Евгений Лебедев. Россия Мудофаа вазирлиги ва Москва расмийлари бу хабарларга ҳозирча изоҳ бермаган.

Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк, ўз навбатида, Twitter'да шундай ёзди: "Иккита савол: 1. Лавровнинг халқаро гуманитар ҳуқуқ ва аҳоли пунктларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳақида гаплашиш нияти йўқми? 2. Путин/Песковда яна "уч кунлик махсус ҳарбий операция" концепциясини тушунтириш ҳамда "ҳамма нарса режа бўйича кетаётганини" исботлаш нияти йўқми?".

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид