15:24 / 01.02.2023
7767

Испания Украинага Leopard танклари етказиб беришни режалаштирмоқда

Испания Leopard 2А4’ни Украинага биринчилардан бўлиб етказиб беришни режалаштирмоқда - унинг таркибига тикланган тўртта-олтита танк киради, деб ёзади Испаниянинг El País газетаси Мадриддаги ҳукумат манбаларига таяниб. 

Фото: Wikipedia

Нашрнинг таъкидлашича, якуний кўрсаткич Сарагосадаги 41-логистика қўллаб-қувватлаш гуруҳида ўн йил давомида сақланган 53 та танкнинг ҳолатига боғлиқ.

Қайд этилишича, Испания Мудофаа вазирлиги уларни зудлик билан қайта тиклаш бўйича ҳарбий саноат билан музокаралар олиб бормоқда, шунингдек, бошқа мамлакатларнинг ҳиссаси бўйича қарорларни кутмоқда. 

Аввалроқ Испания Европа даражасидаги дастлабки келишувга кўра Киевга Leopard танкларини етказиб бериш жараёнига қўшилиши хабар берганди.
 
El País газетаси маълумотларига кўра, Мадрид арсеналида 347 та Leopard танки мавжуд.

Бундан олдин Нидерландия Украинага 18 та Leopard 2 танкини бериш имкониятини кўриб чиқаётгани хабар берилганди.

Нидерландия бунинг учун Германиядан ижарага олинган жанговар машиналарни сотиб олишга тайёр. Бу ҳақда бош вазир Марк Рютте Frankfurter Allgemeine Zeitung газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top