23:45 / 02.02.2023
28122

Россиялик собиқ губернатор 3 та қотилликда айбдор деб топилди 

Энди у умрбод қамоқ жазосини олиши мумкин.  

Фото: Вячеслав Прокофьев / ТАСС

Москва вилояти, Красногорск шаҳрида ўтказилган суд маҳкамасида Хабаровск ўлкасининг собиқ губернатори Сергей Фургал 2000-йилларнинг бошида бизнесдаги рақобатчиларининг қотиллиги бўйича 3 та эпизодда айбдор деб топилди. 

Суддаги ҳакамлар ҳайъати тадбиркор Александр Смолскийни ўлдиришга суиқасд уюштиришда, шунингдек, тадбиркорлар Евгений Зоря ва Олег Булатов қотиллигининг ташкилотчиси сифатида Фургал айби исботланганини маълум қилди. 

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Фургал учта эпизоднинг бирортаси бўйича шафқатга лойиқ эмас.

Энди суд унга нисбатан ҳукм чиқариши лозим. Фургалга катта эҳтимол билан умрбод қамоқ жазоси таҳдид солмоқда. 

Сергей Фургал – собиқ шифокор-невролог, ўз вақтида ёғоч савдоси билан шуғулланган. 2007-2011 йилларда Давлат Думасида депутат бўлган. Россия Либерал-демократик партияси аъзоси. Фургал 2018 йилги сайловда ғалаба қозониб, Хабаровск ўлкаси губернатори бўлган эди. У ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланадиган «Единая Россия» партияси вакилини мағлуб этишга муваффақ бўлди.

Фургал 2020 йил ёзида қотилликларни ташкил қилганликда айбланиб ҳибсга олинди. У айбловларни рад қилди. Бунинг ортидан Хабаровск ўлкасида ўн минглаб кишилар оммавий норозилик намойишларини ўтказишди. Намойишчилар ўлка ҳукумати биноси яқинидаги майдонга тўпланиб, «Озодлик!», «Фургал — бизнинг танловимиз!», «Мен, биз, у — бутун мамлакат Фургал учун!» дея хитоб қилишган эди.

Top