Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Вазият яхшиланишига ишониш – фантастика”: фаоллар Хабаровскда ўлган мигрант воқеаси ҳақида
Kun.uz Россиянинг Хабаровск шаҳрида миллий гвардия махсус бўлинмаси (ОМОН) калтаклаб ўлдирган ўзбек мавзуси ортидан фаоллар билан суҳбат ўтказди. Сиёсатшунос Фарҳод Толипов фикрича, бу Россиянинг бугунги давлатчилик характерини тасвирлайди. Эҳтимолий ҳуқуқбузарликлар учун уларни ваҳшийларча калтаклаш, қўрқувда ушлаш саволларни кўпайтириши керак. Бирор вазир ёки элчининг одами шундай хўрланганда бутунлай бошқача реакция бўларди, дейди суҳбатда қатнашганлар.
Россиянинг Хабаровск шаҳрида кафелардан биридаги рейд чоғида калтакланган ўзбеклардан иккитаси комага тушиб қолгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон ТИВ вазият юзасидан муносабатини эълон қилган, унга кўра, Хабаровск прокуратураси ва Россия ТИВнинг Хабаровскдаги идорасига нота юборилган. Бироқ айни дам марҳумнинг жасади Россияда қолмоқда ва ўрганиш ишлари давом этяпти.
Kun.uz билан гаплашган Ўзбекистон ТИВ расмий вакилига кўра, жасаднинг ҳали-ҳануз Россияда қолишига сабаб мазкур вазият юзасидан ўрганиш ишларининг олиб борилиши. Яъни марҳум ОМОН зарбасидан ҳалок бўлганми ёки йўқ – аниқлаштирилмоқда. Бироқ воқеа 12 декабр куни содир бўлган ва яқинда 1 ой бўлади.
Суҳбатда қатнашган сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг фикрича, бу ҳолат катта сиёсатнинг бир қисми.
“Сўнгги йилларда Россиянинг иттифоқдан қолган империалистик сиёсати қайта уйғонди. Пропагандистлар, давлат сўзловчилари, миллатчилардан ташқари оддий руслар ҳам ишлашга борганларга келгинди деб қарайди ва сиғиштирмайди. Бу бугунги Россия давлатининг характерини тасвирлайди”, дейди у.
Жамиятшунос Маҳмуд Йўлдошевнинг айтишича эса ҳали-ҳануз ёши катта одамларнинг Россияга бўлган симпатияси ва бу давлатнинг иккинчи уйидек кўриши – мигрантлар оқими камаймаслигига сабаб бўлмоқда.
“Бир одам ўлиб кетяпти, иккинчиси эса ўлар ҳолатда ётибди. Нега Ўзбекистон ўз конституциясида ёзилганидек, ўз фуқаросини ҳимоя қилишга шошилмайди? Бирор адвокат юбориш шунчалик қийинмиди?” - дейди жамиятшунос.
Миграция масалалари бўйича эксперт Ботир Шермуҳаммадга кўра, ОАВда муҳокама бўлган ҳолатлар юзасидангина ТИВнинг муносабати эълон қилиниши, орадан 1 ой ўтиб ҳам жасаднинг Россияда қолиб кетиши – дипломатик корпус пассив ишлашини кўрсатади.
“Аввало статистикага тўхталсак, бу манипуляция. Негадир Россия берган ва Ўзбекистон кўрсатган рақамлар бир-бирига мос келмайди. Биз мигрантлар камайди деб кўрсатиш учун ўзимизни алдаймиз. Мен маҳалламда, атрофда Россияга борувчилар камайганини ҳис этганим йўқ. Охирги ҳолатга келсак, бу ОАВда кўрганимиз, ундан ташқари кунлик эзилаётганлар қанча? Қанча фуқаромиз бугун Россия қамоқхоналарида ўтирибди? ТИВ бу ҳақида билмаймиз деган”, дейди Ботир Шермуҳаммад.
Фаоллар фикрича, муҳожирларнинг хорижда ишлашни танлаши – тизим хатоси. Аксарият ҳолларда улар ўз юртида иш ёки қулай шарт-шароит тополмагани ортидан хорижга йўл олган. Бироқ бу юртдошларимиз давлатнинг ҳимоясини ҳис этиб туриши керак. Мигрантларга рақамлар эмас, инсон сифатида қараш бошлансагина маълум натижа бўлади, дейди фаоллар.
Суҳбатни Kun.uz’нинг YouTube даги саҳифаси, жонли эфирлар бўлимидан тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.
Мавзуга оид
09:20
Россия Венесуэланинг вақтинчалик президентини қўллаб-қувватлади
20:57 / 06.01.2026
Nestle хавфли токсин туфайли кўплаб мамлакатларда болалар озуқасини қайтариб олмоқда
15:25 / 06.01.2026
Россиянинг энг бадавлат бизнесменлари 2025 йилда 24 млрд долларга бойиди
13:58 / 06.01.2026