19:07 / 03.02.2023
11651

Айрим дорихоналарда Quramax компанияси олиб кирган дорилар ҳамон сотилаётгани айтилди

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати мониторинги натижасида баъзи дорихоналарда тақиқланган дорилар борлиги аниқланган.

Фото: Quramax

2023 йил 26-27 январ кунлари «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан дорихоналарда тақиқланган дори воситаларининг сотилишини ўрганиш мақсадида мониторинг ўтказилган. «Сирли мижоз» кўринишидаги мониторинг Ўзбекистон бўйлаб 308 та дорихонани қамраб олган.

Қайд қилинишича, аксарият дорихоналарда тақиқланган дори воситалари сотувдан олиб қўйилган, бироқ омборларда ҳамон сақланаётгани маълум бўлган.

«Айрим дорихоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сотуви тўхтатилган дори воситалари эркин сотувда борлиги аниқланган. Хусусан, Қашқадарё вилояти (Қарши шаҳри) ва Сурхондарё вилоятининг айрим дорихоналарида (Жарқўрғон туманидаги «Сурхон Марказий», «Дўстлик» маҳаллаларида) Ҳиндистоннинг «Marion Biotech Pvt. Ltd.» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва Quramax Medical компанияси томонидан Ўзбекистонга олиб кирилган «Нолгрипп Жуниор» йўталга қарши сиропи, «Травамакс», «Нолгрипп» ва «Цинепар» таблеткалари ва пастилларини ҳали ҳам харид қилиш мумкин. Аҳоли ушбу дори-дармонларни юз берган фожиали ҳолатлар, соғлиқ ва ҳаёт учун эҳтимолий хавфларга қарамай, аввалгидек сотиб олмоқда», дейилади хабарда.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати аҳоли орасида, айниқса, чекка қишлоқлар, поликлиникаларда кенг тушунтириш ишларини ўтказиш, тақиқланган дори воситалари рўйхатини барча дорихоналарнинг кўринадиган жойига илиб қўйиш, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан савдоси тўхтатилган ва суд томонидан тақиқланган, лекин омборларда сақланаётган барча дориларни, тадбиркорларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласини кўриб чиққан ҳолда, йўқ қилинишини таъминлашни тавсия қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда «Док-1 Макс» сиропини ичиш оқибатида болалар ўлими кузатилгани бўйича тергов давом этмоқда. Икки нафар масъул давлат хизматчиси ва дорилар импортёри бўлмиш Quramax компаниясининг икки ходими терговга тортилган. Компаниянинг лицензияси бекор қилинди, суд яроқсиз дори воситаларини муомаладан чиқариб ташлаш ва уларни йўқ қилиш тўғрисидаги талабни қаноатлантирди.

ССВ аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва бошқа дори воситаларини қўшимча текшириш мақсадида 2022 йилда Quramax Medical томонидан олиб кирилган барча дори воситалари сотуви тўхтатилганини маълум қилган. Булар 36 турдаги дорилар бўлиб, улар ичига «Док-1 Макс», «Нолгрипп» сироплари, «Травамакс» таблеткалари ва эритма учун гранулалари киради.

Top