21:31 / 03.02.2023
16314

«Ғарб Марказий Осиё давлатларини Россия билан муносабатларни узишга мажбурламоқда» - Лавров

Россия ташқи ишлар вазири Ғарб постсовет ҳудудининг қаерида пайдо бўлса, ҳар доим Россияга қарши иш олиб бораётганини айтди. 

Фото: Россия ТИВ

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «Россия 24» телеканалига берган интервюсида Марказий Осиё давлатларини Россия билан муносабатларни узишга мажбурламоқчи бўлаётган «Ғарб уринишлари» ҳақида гапирди. 

«Марказий Осиё давлатлари масаласига келсак. Аслида, биз буни Ташқи ишлар вазирлиги ва хавфсизлик хизматлари доирасида дўстларимиз билан очиқчасига муҳокама қилмоқдамиз. Бу бевосита мамлакатлар хавфсизлиги билан боғлиқ. Ғарблик ҳамкасбларимиз кўп йиллар давомида бизга америкапараст, Европапараст, НАТО тарафдори бўлган ноҳукумат ташкилотларини тиқиштиришяпти. Масалан, АҚШ Давлат департаменти қошида фаолият юритувчи ва вақти-вақти билан «юмшоқ» эмас, балки «қаттиқ» кучга айланишга мойил бўлган АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги каби тузилмалар. Менимча бу борада баҳслашишга ҳожат йўқ», деди у. 

Лавровнинг сўзларига кўра, Ғарб «юмшоқ куч»нинг ушбу воситаларидан ҳеч бўлмаганда Россия ва унинг қўшнилари, жумладан, Марказий Осиёнинг айрим давлатлари ўртасидаги иттифоқчилик дўстона муносабатларининг янада ривожланишига шубҳа уйғотиш учун фойдаланмоқчи. 

«Аммо мен Ғарбнинг бу «уринишлари» қандайдир жиддий ижобий реакцияга сабаб бўлаётганига шубҳа қилиш учун ҳеч қандай асос кўрмаяпман», деди у. 

Унинг қўшимча қилишича, «Ғарб бизнинг умумий маконимизда қандай мақсадларни кўзлаётганини дўстлар яхши тушунади. Шунинг учун улар Ғарб таъсирига бўйсунмайдиган, ноқонуний таъсирлардан ҳимояланган шаклларда интеграция режаларини янада ривожлантиришни таъминлаш учун мўлжалланган қўшимча механизмларни қуриш ва яратишни истайди». 

«Ғарб постсовет ҳудудининг қаерида пайдо бўлса, ҳар доим Россияга қарши иш олиб борилади», деди у. 

Top