17:35 / 10.02.2023
14962

Прокурорларнинг учта ваколати судларга ўтказилади

Ўзбекистонда тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколати прокурорлардан судларга ўтказилади.

Фото: Kun.uz

2022 йилги давлат дастури лойиҳасига кўра, шу орқали жиноятларни тергов қилиш жараёнида “Хабеас корпус” институтини қўллаш амалиёти кенгайтирилади.

Маълум қилинишича, сўнгги 3 йилда фуқароларга тегишли 4 мингга яқин мулклар терговда хатланган бўлиб, ишни кўриш натижаси бўйича суд томонидан уларнинг атиги 1,3 мингтасига ундирув қаратилган, 2,7 мингта мулк тергов даврида ортиқча хатлангани сабабли, кейинчалик хатлов бекор қилинган.

Шунингдек, жиноят ишини судларга айблов хулосаси (айблов далолатномаси) ва ҳимоячи фикри билан бирга тақдим этиш тартиби жорий этилади.

Изоҳланишича, ҳозирда жиноят ишлари судларга фақат айблов хулосаси билан берилади, натижада судьяларда иш билан танишиш жараёнининг ўзида айбловга мойиллик пайдо бўлади. Жиноят процессида томонлар тенглигини таъминлаш мақсадида ҳимоячи фикрини ҳам судга киритиш белгиланади.

Юқоридагиларни ўз ичига олувчи қонун лойиҳаси 2023 йил июл ойигача тайёр бўлиши керак.

Шунингдек, 2023 йил июн ойигача бошқа бир қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилади. Унга асосан, фуқаролар ўзларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органлари ва мансабдор шахсларнинг қарор ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилганда давлат божи ставкалари пасайтирилади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур таклифларни президент Шавкат Мирзиёев декабр ойида парламентга мурожаатида айтиб ўтган эди.

P.S. Олий суд матбуот хизмати Kun.uz билан боғланиб, хабарнинг дастлабки талқинидаги “ҳоким қарорлари бўйича шикоятларни бошқа ҳудудлардаги судларда кўриш амалиёти жорий қилинмаслиги мумкин”лиги ҳақиқатдан йироқ эканини маълум қилди. Маълум қилинишича, бу давлат дастурига киритилмаган бўлса-да, ўтган ойда имзоланган президент фармонида кўзда тутилган.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги "Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони билан тасдиқланган 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурининг "Одил судлов сифатини тубдан ошириш" номли II-қисми 5-бандида айнан маъмурий судлар фаолиятига ҳуқуқи бузилган фуқаро – аризачининг хоҳишига қараб экстерриториал судловга тегишлилик механизмини жорий этиш бўйича 2023 йил ноябр ойига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқиш белгиланган”, – дея маълум қилди Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов.

Top