Жаҳон | 22:29 / 15.02.2023
26119
2 дақиқада ўқилади

Туркия ҳукумати зилзила пайтида биноларнинг қулаши сабабларини айтди 

Маълумотларга кўра, зилзила оқибатида умумий ҳисобда 260 мингга яқин бино вайрон бўлган. 

Фото: AP

Туркияда яқинда содир бўлган зилзилада тупроқ билан боғлиқ муаммолар биноларнинг катта қисми вайрон бўлишига олиб келди. Бу ҳақда Атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазири Мурот Қурум Yeni Şafak газетасига маълум қилди. 

«Биноларнинг аксарияти тупроқ туфайли, унинг майдаланиб кетиши оқибатида ва муҳандислик хизматлари йўқлиги сабабли вайрон бўлди», деди вазир. 

Қайд этилишича, қулаган уйлар 1999 йилдан олдин, ҳалокатли зилзиладан кейин қурилган. Ўша фожиадан сўнг мамлакатда зилзила эҳтимоли бор ҳудудларда қурилиш қоидалари кучайтирилган эди. 

Қурум сўзларига кўра, жиддий шикастланган бинолар кўп ва улар бузиб ташланади. 

«Ер силкинишлари ҳали ҳам давом этмоқда. Ғозиантепдаги зарарни уч кун ичида, Туркиядаги зарарни 1 ҳафта ичида ҳисоблаб чиқишни режалаштирмоқдамиз», деди вазир. 

18 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган 1999 йилдаги ҳалокатли зилзиладан сўнг Туркия турар жой бинолари қурилишини тартибга солувчи қоидаларни қайта кўриб чиқди. Хусусан, 2007 йилда зилзиладан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган талабларни ҳисобга олган ҳолда уй-жой қуриш кодекси қабул қилинди. 

Қурумнинг айтишича, зилзила оқибатида 211 мингдан ортиқ уй-жой, 47 мингдан ортиқ маъмурий бинолар вайрон бўлган ёки жиддий зарарланган. Ҳозирги вақтда 300 мингдан ортиқ одам уй-жойга муҳтож бўлиб турибди. 

6 феврал куни Туркия жануби-шарқида ва Сурия шимолида 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзилалар тўққиз соатлик оралиқда содир бўлди. Охирги маълумотларга кўра, ҳар икки мамлакатда қурбонларнинг умумий сони 41 минг кишидан ошган.

Мавзуга оид