Жаҳон | 11:12 / 22.02.2023
10145
2 дақиқада ўқилади

«Шимолий оқим»даги портлашлар: БМТ асоссиз айбловлардан тийилишга чақирди

БМТ Болтиқ денгизидаги газ қувурларида портлашлар бўйича текширув натижаларини кутмоқда, деди ташкилот бош котиби ўринбосари. Асоссиз айбловлар минтақадаги вазиятни кескинлаштириш билан таҳдид қилмоқда, дейди Розмари Дикарло.

Фото: Reuters

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти барча манфаатдор томонларни «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим 2» газ қувурларидаги портлашлар масаласида вазминликка чақирди. «Биз минтақада кескинликни янада кучайтириши ва ҳақиқатни топишни қийинлаштириши мумкин бўлган ҳар қандай асоссиз айбловлардан қочишимиз керак», деди БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари Дикарло 21 февраль, сешанба куни бўлиб ўтган йиғилишда. 

Жаҳон ташкилоти воқеаларга оид ҳеч қандай даъволарни тасдиқлай олмайди ва давом этаётган миллий терговлар натижасини кутмоқда, дея қўшимча қилди Дикарло. «Биз 2022 йил сентябр ойида Болтиқ денгизи сувларида нима содир бўлганини аниқ билмасак-да, бир нарса аниқ: воқеага нима сабаб бўлганидан қатъи назар, унинг оқибатлари  Россиянинг Украинага босқини туфайли юзага келган хатарлардан бирига айланди», - деб таъкидлади БМТ Бош котиби ўринбосари. «Уруш бошланганидан бир йил ўтиб, биз халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомига мувофиқ уни тугатиш учун саъй-ҳаракатларимизни икки баробар оширишимиз керак», - дея хулоса қилди Дикарло.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя, ўз навбатида, Россия Ғарб давлатларининг портлашларни холисона тергов қилишдан манфаатдорлигини сезмаганини айтди. Аввалроқ Москва БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари ўртасида БМТ Бош котиби шафелигида Болтиқ денгизидаги «Шимолий оқим» билан боғлиқ ҳодиса юзасидан мустақил халқаро тергов ўтказиш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини тарқатган эди.

Мавзуга оид