18:03 / 03.03.2023
25230

Илк ролини 66 ёшида ўйнаган актёр - Абдуманнон Убайдуллаев билан суҳбат

Зулфиқор Мусоқовнинг «Ватан» филмидаги бош қаҳрамон Қурбоннинг кексалигини ўйнаган актёр қиёфаси кўпчиликнинг ёдида қолган. Бу Абдуманнон Убайдуллаевнинг кинодаги илк роли эди. Kun.uz мухбири 83 ёшни қаршилаётган киноактёр ва режиссёр хонадонида бўлиб, ижодкорнинг мухлисларга нотаниш бўлган ҳаёти ва ижоди ҳақида суҳбатлашди.

Худо хоҳласа, бу йил 83 ёшни қаршилайсиз. Талабалар билан, докторантлар билан илмий ишлар устида ишлар экансиз. Толиқтириб қўймаяптими бундай иш жараёнлари?

— Ҳозирда теледраматургия ва режиссёрлик фанини (Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида) оператор ва аниматорларга ўтяпман. Мақсад аниқ бўлса, чарчамайсиз. Бир марҳум домламиз операторларни олиш керак эмас, ўзимизга нон йўқ-ку ўзи, деган эди. Ҳаётда ҳам, илмда ҳам шундай ҳолатлар бор. Билиминг бор экан, шунча ҳаракат билан йиғдинг, кимдир олиш керак-ку шуни. Ҳозир тўртта илмий иш қилаётган шогирдим бор. Ҳаммасининг ҳаракати ҳар хил.

Сиз билан суҳбатлашар эканмиз, кўпроқ илм ҳақида гапиряпсиз. Лекин юртдошларимиз сизни Зулфиқор Мусоқовнинг 2006 йилда суратга олинган «Ватан» фильмидаги ролингиз орқали актёр сифатида танийди. Бу актёр нега шу пайтгача фильмларда кўринмаган, бунгача қаерда эди?

— Қизиғи шундаки, мен институтни битирганимдан кейин, 1967 йилда «Телефильм»га ишга боришим керак эди. Телевизион фильмлар суратга олиш энди йўлга қўйилганди. Унда ҳам фақат ўн дақиқалик ҳужжатли фильмларга рухсат беришганди. Орада қандайдир сабаблар бўлиб, мени болалар радиосига ёрдам беришга чақиришди. Режиссёр сифатида болалар таҳририятига ишга кирдим, ўзи йўналишим драма режиссёрлиги эди. Кейинчалик Қашқадарё театрига ишга борганман. У ерда бир йил ишлаб, қайтиб келдим ва мени адабиёт таҳририятига ишга олишди. Ўшанда «Табассум» радио-журналини ташкил этганмиз: Исом Зокиров, Тўлқин Содиқов, Тўлан Қўзибоев, Тўра Раҳимовлар. Актёрларимиз Наби Раҳимов, Тўлқин Тожиев, Жўра Тожиев, Ҳусан Шарипов ва бошқалар ҳар ҳафта радио-журналимизга ёзиш жараёнига таклиф этиларди. Қатралар, миниатюралар ва шунга ўхшаган нарсаларни эфирга узатардик.

Умуман, институтга киргунча сизда санъатга қизиқиш қандай пайдо бўлган?

— Биз яшайдиган жойда театр-санъатга алоқадор ҳеч нарса йўқ эди. Лекин иккита катта дарё оқиб ўтар эди, чиройли манзара эди жуда. Ўша манзараларнинг ўзи бизнинг ичимизда бор нарсаларни шакллантиришга ёрдам берган. Тошкент вилояти Оққўрғон туманидан чиққанман мен. Ота-онам Қозоғистоннинг Чимкент вилоятидаги Қорабулоқ қишлоғидан бўлган. 1933 йилги очарчилик пайтида чиқиб кетишган ва Ўшга боришган. Тошкентга эса дарё орқали қайиқларда келишган.

— Санъат институтига киргунча, роллар ижро этиб юрган экансиз, шундайми?

— Ангрен шаҳрига шофёрликка ўқишга борганимда, «Халқ театри» борлигини эшитиб, ўша ерда роллар ижро эта бошлаганман. Дастлаб эпизодик роллар ижро этганман, кейинчалик асосий роллар беришган. Шундан сўнг режиссёрлик йўналишига киришни хоҳладим. Актёр режиссёрга боғлиқ, бўйсунади, шунинг учун актёрликни хоҳламадим.

Актёрликни истамадим, дедингиз. Лекин шу ёшга етиб, рол ижро этишингизга нима мажбур қилди?

— Зулфиқор Мусоқовга ҳеч ким кўрмаган қиёфа керак эди. Шунда оператор Абдураҳим Исмоилов тавсия қилган мени. Синовлар ўтиб, ролга тасдиқланганимиздан кейин Америкага бориш керак бўлди. Элчихонада қолиб кетмайсизми, деб сўрашди. Мен уларга Америкаси ўзига буюрсин, менинг Ватаним бор, дедим. Учишимиздан олдин Каримов билан учрашиш тўғри келиб қолди, соқол қўйган эдим, олишга тўғри келди. Менинг битта гримим учун Бахтиёр тўрт марта Америкага бориб келган.

Нега «Ватан» фильмигача роллар ижро этмагансиз? Ўзи бу фильмгача таклифлар бўлганми?

— Чунки фан номзоди бўлиш учун диссертация ёзишим керак эди. Илмий ишимни қилдим, 1980 йилда ҳимоя қилдим. «Ватан» фильмигача таклифлар бўлмаган. Мен доим четда юрганман.

Юки оғир ролни олдингиз ва узоқ вақтли танаффусдан сўнг актёр сифатида чиқдингиз. Ролни ҳис қилиш, ижро этиш жараёнлари қандай бўлган?

— Ролнинг мураккаблиги шунда эдики, аввало унинг туб моҳиятига етиб бориш керак эди. Дардини билиш керак эди. Бу образ тагида сўз билан ифодалаб бўлмайдиган нарсалар бор. Алам бор, ҳаётга муҳаббат ҳам бор, лекин «Нега мен билан шундай бўлди?» деган саволи ҳам бор ичида. Қанчалик камгап бўлса, шунчалик таъсирли бўлади. Камера қаршисида гапирганда, сўз ортиқчалиги ҳам сезилиб қолади.

Зулфиқор Мусоқов билан ишлашнинг мураккаб жойи бўлмади. Нима демоқчи бўлганини аниқ тушунтириб берган ва биз шуни янаям теранлаштиришга ҳаракат қилганмиз. Қурбон образи кўп ҳаракат қилмаса ҳам, ички ҳаракати, ифодаси кўп.

— Фильмда қайси эпизод қийин бўлган, эслайсизми? Ва айнан нимаси билан қийнаган?

— Обид Юнусов билан рўпара бўладиган жойда қийинчилик бўлган. Чунки Обид ака Ўзбекистон халқ артисти, мен эса уларнинг олдида ҳеч кимман. Албатта, ҳаяжонланиш бўлган.

Танловнинг тўғри бўлгани ўз кучини кўрсатди. «Ватан» фильми орқали танилдингиз ва бундан кейин ҳам бир қанча роллар ижро этдингиз. Масалан, «Фидойилар», «Омад», «Ҳижрон», «Сўнгги лаҳза» каби фильмларда. Аммо бу роллар «Ватан»даги каби муваффақиятли чиқмади. Нега бундай бўлди деб ўйлайсиз?

— Драматургияга боғлиқ бу. «Ватан»даги қаҳрамон дарди бошқаларида йўқ. Гап мана шунда. Уларда фақат сўзларни ижро этиш мумкин, теран кириб боришга ҳеч нарса йўқ. Драматургияда дард борми, актёрга ҳам ижро этиш учун имкон бор. Қанчалик режиссёр ҳаракат қилмасин, драматургия яхши бўлмаса, фойдаси йўқ. Шунинг учун ҳам драматургия ҳозирги кундаги асосий муаммолардан. Баъзи актёрлар яхши асар ёзилгунча ўтиб кетиши ҳам мумкин.

Бугунги ўзбек кино санъатида нима сизни кўпроқ ўйлантиради?

— Буюкларимиз ўтиб кетди... Ўртадаги авлод ҳам маълум даражада ўтиб кетяпти. Ёш авлодга келадиган бўлсак, яхши драматургия керак, йўл очиш керак. Ўз-ўзидан бўлмайди бу нарсалар.

— Ёш режиссёрлар ҳам яхши фильмлар олишяпти. Лекин кейинчалик моддий томонлама қийинчилик сабабми, бир-иккита фильмдан сўнг йўқолиб қолишяпти. Бу ҳақда нима дейсиз?

— Биласизми, кино харажатни яхши кўради. Кино шундай санъат. Театрда тўхтовсиз ҳаракат билан давом этаверади. Лекин кино сюжет талабидан келиб чиқиб, катта маблағ талаб қилади. Агар фильм ўзини оқлолмаса, қоплай олмаса, кейин унга бошқа фильм беришмайди. Бир гал ютади, бир гал ютқазади, бу — санъат. Шу томонларини ҳам ҳисобга олиш керак. Яхши фильмлар ҳар доим ҳам туғилавермайди. Орада ўртамиёналари ҳам бўлади. Буни инкор этиб бўлмайди. Лекин ўша одамларни қўлламаса, улар ҳам кейин бўлмайди.

Санъат ва маданият институти барча санъат атрофидаги соҳа мутахассисларини етиштиради. Балки, таълимда камчиликлар бордир?

— Таълимда камчиликлар бор. Фақат маърузалар эмас, амалиётлар ўтказиш керак. Амалий ишларга вақтни кўпроқ бериш лозим. Қанчалик кўп вақт берилса, эртага муаммолар шунчалик кам бўлади. Бир ойлик амалиёт деярли ҳеч нарса бермайди. Талабалар «Ўзбеккино»даги кино олиш жараёни ичида бўлиши керак. Мен шунинг учун ҳам «Халқ театри»да бошлаганман фаолиятимни. Талаба кино ичида юрмаса, қандай қилиб эртага яхши нарса қилиши мумкин? Чунки мияси тамомила бошқа нарса билан банд бўлади. Гап мана шунда. Илгари Санъат ва маданият институти Маданият вазирлигига қарарди, ҳозир эса Олий таълим вазирлигига ўтиб кетган. Бошқа институтлар билан бир хилда қараладиган бўлиб қолди.

Турмуш ўтроғингиз 1997 йилда вафот этган экан. Нега қайта оила қурмадингиз, кучли муҳаббатданми бу? Рафиқангиз билан қандай танишгансиз ўзи?

— Ҳа, кучли муҳаббатдан. Бир томондан фарзандларимнинг оёққа туриши учун ҳам ёрдам беришим керак эди. Турмуш ўртоғим билан танишиш, у билан яшаш — бутун бир катта роман. Менинг назаримда, бу нарса шундоқлигича хотираларимда туриши керак. Ҳеч кимга халақит бермайди. Ҳаёт давом этяпти, шунга кўникиш керак. Ҳозир икки фарзандим, уч неварам ва икки эварам бор.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мақсуда Абдуқаюмова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Мирвоҳид Мирраҳимов 

Top