1982 йилда полшалик киноижодкорлар томонидан «Табиб» филми суратга олинади. Кўп ўтмай филм рус тилига таржима қилиниб, СССРда ҳам намойиш этилади.

Филм совет кинотанқидчилари томонидан ҳам ижобий баҳолар олади. «Табиб»ни ўша пайтда СССРда 41 миллион киши кинотеатрларга келиб томоша қилган.

Аслида поляк ёзувчиси Тадеуш Доленга-Мостовичнинг қаламига мансуб бўлган «Табиб» романи асосида аввал ҳам, 1930-йиллар охирида филм суратга олинган. Бироқ филмнинг янги версияси томошабинлар ва кинотанқидчилар эътирофига сазовор бўлган.

«Табиб»да 1930-йилларда Полшада содир бўлган ҳодисалар тасвирланган. Филмда декорациялар, кийимлар ва бошқа деталларга жиддий эътибор берилган. Шунингдек, актёрлар жамоаси ҳам ўз ролларини маҳорат билан ижро этган.

Адиб ҳақида

«Табиб» романи муаллифи Тадеуш Доленга-Мостович ХХ асрнинг 20-йилларида Полшадаги газеталардан бирида ишларди. Ўша пайтда бу давлатга маршал Юзеф Пилсудский раҳбар эди.

Тадеуш ўз газетасида амалдаги ҳукумат ва раҳбар ҳақида ҳажвий фелетонлар ёзарди. Кўп ўтмай Пилсудский ҳокимиятдан четлаштирилади. Бироқ 1926 йилда у давлат тўнтариши уюштиради ва Полшада ҳокимиятни қайта эгаллайди.

Тадеуш ва у ишлаётган газета Пилсудский ҳокимиятни эгаллаганини ҳазм қила олмайди ва мухолифат томонга ўтади. Ана шундай кунларнинг бирида Тадеуш ишга бориш учун уйдан чиққанида унга номаълум шахслар ҳужум қилади.

Журналистни шаҳар четига олиб чиқиб, роса дўппослашади, Тадеуш ўзидан кетиб қолади. Шунда зўравонлар (улар махсус хизмат ходимлари бўлган) уни ўлди деб ўйлаб ўрмон четига ташлаб кетишади.

Тадеуш узоқ вақт даволанади. Соғайгач, журналистликни йиғиштиради ва ёзувчилик қила бошлайди. Унинг илк асари Полшадаги оммавий сиёсий ҳаёт ҳақида эди.

«Никодим Дизманинг амал пиллапояси» (бу асар ўзбекча таржимада «Муттаҳамнинг парвози» деб кетилган) деб номланган роман 1932 йилда китоб ҳолида чоп этилади.

Ўша йили адибнинг қиссалар тўпламлари эълон қилинади. 1933-1934 йилларда у яна иккита роман ёзади. Улардан бири «Табиб» романи эди.

Адиб мазкур романга бир пайтлар ўзини дўппослаб кетишганини сал бошқачароқ тарзда асос қилиб олади. Яъни машҳур врач бўлган профессорни ўғрилар дўппослашади ва пулларини олиб кетишади.