11:27 / 07.03.2023
11333

Сенат Қорақалпоғистон ва Хоразм мактабларидаги бепул овқат бериш тизимини ўрганди

Қорақалпоғистонда бошланғич синф ўқувчилари учун етказиб берилган сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиб олган мактаб директорлари жаримага тортилган. Хоразм вилоятида эса маҳсулотлар сифатини назорат қилиш журнали юритилмай келинаётгани, қадоғида ишлаб чиқариш муддати кўрсатилмаган маҳсулотлар қабул қилиб олингани маълум бўлди. 

Фото: Senat.uz

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти ҳудудидаги бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат бериш тизими ўрганилди.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикасидаги 716 та мактабнинг 143 688 нафар бошланғич синф ўқувчисига кейтеринг тизимида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан бепул нонушта берилиши йўлга қўйилган. Ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой, Кегейли, Тўрткўл ҳамда Қўнғирот туманларидаги 10 га яқин мактаблардаги ҳолат яқиндан ўрганилган. Озиқ-овқатлар етказиб берилиши жараёнида айрим бефарқликларга йўл қўйилаётгани аниқланган.

Фото: Senat.uz

Чимбой ва Кегейли туманларига маҳсулотлар кейтеринг ташкилоти томонидан йўловчи ташувчи “Дамас” автомашиналарида етказиб берилаётганлиги ҳолатлари кўзга ташланди. Кегейли туманидаги айрим мактабларда маҳсулотларни қабул қилиб олиш жараёнида эътиборсизликка йўл қўйилгани тасдиқланди. Мазкур мактаб директорлари сифатсиз маҳсулотларни қабул қилиб олгани учун санитария ва эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан жаримага тортилган”, — дейилади Сенат хабарида.

Фото: Senat.uz

Хоразм вилоятида 525 та мактабда 137 030 нафар ўқувчига бепул овқат берилмоқда. Вилоят халқ таълими бошқармасига 2022 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан овқатлантириш ҳаражатлари учун 47 млрд 869 млн сўм ажратилган. Ўрганишлар давомида Хоразм вилоятида ҳам камчиликлар кўзга ташланган.

Фото: Senat.uz

Жумладан, етказиб берилган маҳсулотларнинг таркиби ва сифати устидан назоратни таъминлаш мақсадида тузилган махсус комиссия вазифалари белгилаб берилмаган, маҳсулотлар сифатини назорат қилиш журнали юритилмаган, қадоғида ишлаб чиқариш муддати кўрсатилмаган маҳсулотлар қабул қилинган. 

Сенаторлар томонидан аниқланган айрим камчиликларни тезкор бартараф этиш, ишни тизимли давом эттириш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилган ҳамда мактаб директорлари ва тадбиркорлар иштирокида семинарлар ўтказилган.

Фото: Senat.uz

Олдинроқ Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманида ўқувчиларга чириган олма ҳамда сифатсиз маҳсулотлар берилаётгани аниқланганди. Шундан сўнг Kun.uz ушбу сифатсиз маҳсулотларни болаларга едирган “Tabassum Nukus” МЧЖ Қорақалпоғистондаги қарийб 350 та мактабга нонушта тарқатишига эътибор қаратганди.Мазкур фирма ўтказилган тендерларда жами 64 лотдан 25 тасини ютган ҳамда миллиардлаб сўмлик шартномаларни қўлга киритган.

Фото: Senat.uz

Шунингдек, мазкур йўналишда ўтказилган танловларда 12 та лот бўйича ғолиб деб топилиб, 100 дан ортиқ мактабнинг бошланғич синф ўқувчиларига нонушта етказиб бераётган “Alliance Aral-S” МЧЖнинг фаолият тури аслида турар жой бинолари қуриш экани маълум бўлганди.

2022 йилнинг декабр ойида Тўрткўл ва Беруний туманларида ҳам болаларга сифатсиз егуликлар берилган ва бу ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлган. Эътиборлиси, мазкур ҳолатда кейтеринг хизмати асосида озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчи корхона раҳбари ота-оналарга камчиликни бартараф этишини айтиб, узр сўраш билан қутулиб қолган.

Top