18:00 / 09.03.2023
5823

Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки билан стратегик шерикликни кенгайтириш муҳимлигини қайд этди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 март куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Анна Бьерде бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ўзбекистон ва Жаҳон банки гуруҳи ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни, шунингдек, ушбу етакчи халқаро институтнинг мамлакатдаги ислоҳотлар дастурини илгари суришдаги фаол иштирокини кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида давлат раҳбари Анна Бьердени яқинда янги лавозимга тайинлангани билан қутлади ва масъулиятли фаолиятида катта муваффақиятлар тилади. Амалий ҳамкорликнинг юқори суръати ва натижадорлиги мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда қўшма лойиҳалар портфели сезиларли даражада кенгайиб, 10 миллиард доллардан ошди. Бунда, 2017 йилдан кейинги даврдаги молиялаштириш ҳажмининг ярми охирги бир неча йилда ажратилган. Бугун Ўзбекистон Банкнинг энг йирик бенефициарларидан бирига айланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Вице-президент Жаҳон банкининг мамлакатдаги ортга қайтмас ислоҳотлар стратегиясини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга интилиши қатъий эканини таъкидлади. Банк камбағалликка қарши курашиш, тадбиркорлик лойиҳаларини ривожлантириш ва молиялаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш, қишлоқ инфратузилмаси ва ўрта шаҳарларни модернизация қилиш, хотин-қизлар бандлиги ва ёшларнинг касбий таълими, 2030 йилга қадар соғлиқни сақлаш стратегиясини амалга ошириш бўйича кенг кўламли режаларга фаол кўмаклашиш ниятида.

Иқтисодиётни карбонсизлаштириш ва муқобил энергетикани ривожлантириш, электр энергияси ишлаб чиқариш ва узатиш соҳасида мастер-режалар, энергетик самарадорликни ошириш дастури ва фавқулодда вазиятларда энерготизимнинг барқарор ишлаш режимини ишлаб чиқиш, гидроэнергетика лойиҳаларига экспертлар кўмагини ва молиялаштиришни жалб қилиш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришлари ва тараққиёти бўйича мамлакат ҳисоботини муҳокама қилишга бағишланган қўшма тадбирнинг якунлари юксак баҳоланди. Бюджетни қўллаб-қувватлаш, ер ислоҳоти, қишлоқ ва сув хўжалигини молиялаштириш самарадорлигини ошириш ҳамда давлат банклари ва корхоналарини хусусийлаштириш дастурини жадаллаштириш борасидаги амалий ишларни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ислоҳотлар ва устувор лойиҳаларни илгари суриш учун Жаҳон банкининг “Мамлакат платформаси” имкониятларидан кенг фойдаланилиши таъкидланди. Банк Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қаратилган стратегик минтақавий лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиши муҳим экани кўрсатиб ўтилди. Устувор лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишни тезлаштириш юзасидан қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.

Top