16:32 / 14.03.2023
11543

“Star Med” фаолиятини давом эттираётгани маълум бўлди. ССВ клиника вақтинча ёпилганини айтганди

Вазирлик клиника фаолиятини тўхтатмагани, фақатгина бу ҳақда огоҳлантириш хати чиқаргани маълум бўлди. Клиника юристи лицензияни фақат суд бекор қила олишга ҳақли эканини билдирди. Иккита ўлим ҳолати кузатилгани айтилаётган хусусий шифохона фаолиятини одатдаги тартибда давом эттирмоқда.

Фото: Kun.uz

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Жалолиддин Асомиддинов 11 март куни Kun.uz'га вайнер Фарҳод Манноповнинг вафоти юзасидан текширувлар олиб борилаётгани сабабли Star Med клиникаси фаолияти “вақтинча тўхтатилгани”ни айтганди. Лекин Star Med клиникаси 12 март куни бу хабарни рад этиб чиқди.

Star Med'нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинган баёнотда клиника ёпилгани ҳақидаги маълумот асоссиз экани таъкидланиб, мижозлардан бу гап-сўзларга ишонмаслик сўралади.

“Star Med клиникаси ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ.️ Клиника мутахассислари, стационар ва барча диагностик бўлимларимиз ўз ишларини ҳар доимги иш тартиби бўйича давом эттиришмоқда”, дейилади хабарда.

Клиника бир кун ҳам фаолиятини тўхтатмаган

13 март куни ҳолатга аниқлик киритиш учун Star Med'га борган Qalampir.uz нашри мухбири клиника одатдаги тартибда иш фаолиятини давом эттираётганига гувоҳ бўлган. Журналист билан суҳбатда ўзини клиника адвокати деб таништирган шахс лицензия фақат суд орқали бекор бўлиши, экспертиза натижаси чиқмай туриб Star Med фаолиятига тўсқинлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги, шу боис клиника бир кун ҳам фаолиятини тўхтатмаганини айтган.

Star Med клиникаси директори журналистлар гувоҳлигида ССВ бошқарма бошлиғи Жалолиддин Асомиддинов билан телефонда гаплашган. Вазирлик мулозими клиниканинг лицензиясини вақтинчалик тўхтатиб туриш ҳақида Адлия вазирлиги тизими орқали огоҳлантириш хати чиқарилганини маълум қилган. Бироқ клиника раҳбари бу хат уларга етиб бормаганини билдирган.

Топилмаётган хат қаерда?

Адлия вазирлиги Kun.uz саволига жавобан чиндан ҳам электрон тизими орқали хат киритилганини тасдиқлади.

“ССВ “Лицензия” тизими орқали Star Med клиникасини вақтинча ёпиш ҳақидаги огоҳлантириш хатини киритган”, дейилади Kun.uz'га тақдим этилган адлия ахборотида.

Маълум бўлишича, бу хат Star Med клиникасига анъанавий почта тизими орқали юборилмайди. Хат билан юридик шахснинг лицензия ахборот тизимидаги кабинетида танишиш мумкин.

Kun.uz ССВ томонидан огоҳлантириш хати юборилганига қарамай нима учун Star Med клиникаси ҳалигача фаолиятини давом эттираётгани юзасидан изоҳ олиш мақсадида Жалолиддин Асомиддинов билан боғланди. ССВ бошқарма бошлиғи тез орада вазият юзасидан вазирликнинг расмий муносабати эълон қилинишини билдирди.

Юқоридагилардан маълум бўладики, клиника фаолияти тўхтатилгани ҳақида хабар берган мутасаддилар бу маълумот қанчалик ҳақиқатга тўғри келиши ёки огоҳлантириш хати ўз вақтида етиб борган-бормагани билан қизиқмаган. Огоҳлантириш хати чиқарилган, хусусий клиника фаолиятини давом эттирмоқда, Star Med ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи шахс лицензия фақат суд қарори билан бекор қилинишини айтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Асомиддинов 5 март куни вафот этган машҳур блогерга риносептопластика амалиёти учун эндотрахеал наркоз берилгани, бироқ операция даврида марҳумнинг аҳволи тўсатдан ёмонлашиб, олиб борилган интенсив ва реанимацион даво чораларига қарамай вафот этганини маълум қилганди.

Mittivine тахаллуси билан ижод қилган Фарҳод Маннопов ўлимидан бир неча кун аввал чўмилаётганда бошини бассейн деворига қаттиқ уриб олиб, бурни синган, шундан сўнг операция столига ётган вайнер комага тушиб қолиб, вафот этганди.

6 март куни вайнернинг вафоти юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши очилгани маълум қилинди.

Чилонзор тумани прокуратураси катта терговчиси Отабек Бекиевга кўра, иш касб ёки хизмат вазифасини лозим даражада бажарилмаганига ойдинлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига шифокорларнинг ҳаракати юзасидан хизмат текширувлари, бундан ташқари, марҳумнинг вафоти юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Ҳолатни тергов қилаётган терговчи Kun.uz'га Фарҳод Маннопов операция қилинган клиникада бошқа ўлим ҳолатлари ҳам кузатилганини инкор этмаганди.

Хорижда фаолият юритаётган анестезиолог-реаниматолог Жаҳонгир Жўраев Kun.uz билан суҳбатда ўлимга наркознинг кўп миқдорда берилиши сабаб бўлгани ҳақидаги гап-сўзларни рад этиб, ўлим анезтезияда ишлатиладиган айрим дорилар натижасида кузатиладиган «Malignant hyperthermia» ҳолати туфайли юз берган бўлиши мумкинлигини тахмин қилганди.

Top