Ўзбекистон | 17:42 / 27.09.2023
30328
1 дақиқада ўқилади

Фарҳод Манноповнинг вафоти билан боғлиқ жиноят иши судга оширилди

Блогер Фарҳод Маннопов (Mittivine) вафот этгани билан боғлиқ жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилди. Тергов органи 2 кишига нисбатан айблов эълон қилди.

Фарҳод Маннопов

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, жиноят иши доирасида 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодекснинг 116- (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ва 117- (Хавф остида қолдириш) моддалари билан айб эълон қилинган.

Таниқли блогер Фарҳод Маннопов 2023 йил 5 мартга ўтар кечаси 27 ёшида Star Med клиникасида вафот этганди. Шундан кейин унда бурун операциясини амалга оширган Star Med клиникаси фаолияти вақтинча тўхтатилганди. Июл ойига келиб, шифохонанинг лицензияси суд томонидан бекор қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Star Med клиникасида ўтказилган текширув натижаларига кўра, беморга тиббий хизмат кўрсатган анестезиолог ва реаниматолог, пластик жарроҳ, лаборант шифокор ҳамда ультратовуш текширувлари шифокорида малакавий тоифа бўлмаган.

Мавзуга оид