Ўзбекистон | 15:14 / 15.03.2023
9958
13 дақиқада ўқилади

Коронавирус билан уч йил: Ўзбекистоннинг пандемияга қарши кураш тажрибаси

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш хронологиясини келтирди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Сўнгги йилларда инсоният қатор глобал муаммо ва офатлар билан рўбарў келмоқда. Улардан бири бундан уч йил олдин эълон қилинган ва ҳануз асоратлари сезилиб турган коронавирус пандемиясидир.

Одамлар ҳаёти, дунё иқтисодиёти ва тиббиётига мисли кўрилмаган талафот етказган COVID-19 вируси коинотни забт этаётган бани башарнинг фақатгина микроскоп орқали кўриш мумкин бўлган зарра қошида ожиз эканини яна бир бор эслатиб қўйди.

Шу билан бирга, йиллар давомида йиғилиб борган қатор ижтимоий, тиббий, экологик муаммолар Ер шари аҳолисининг қаршисида бирлашиб бўй кўрсатди. Хитойнинг Уҳан шаҳридан бошланган «кўршапалак парвози» қисқа даврда бутун сайёрани қамраб олди. Глобал дунёнинг бир бўлаги сифатида Ўзбекистон ҳам бу офатдан четда қолмади», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Илк бемор

2020 йил 15 март.

Роппа-роса уч йил муқаддам айни шу куни Республика вирусология илмий-текшириш институти лабораториясида Ўзбекистонда коронавирус билан зарарланган илк бемор аниқланди.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова ўша кунларни шундай эслайди:

Муҳайё Асилова

«15 март куни соат учда менга қўнғироқ қилишди, фуқаролардан бирида COVID-19 аниқланди, деб. Шундан сўнг эрталаб соат олтигача ухлолмадим, «энди нима бўлади, нима қиламиз», деган саволлар тинчлик бермаган. Эрталаб, соат олтида уйдан чиқиб кетаётганимда болаларим ухлаётганди, дам олиш куни эди. Хаёлимга ҳам келмаганки, шу кетганча ишхонада беш ярим ой қолиб кетаман, деб. 2020 йил апрелида набираларимдан бири 9 ёшга кирди, бора олмадим. Нега ишга келаётган куним тўйиб бағримга босмадим, эркаламадим, деб афсусланганман. Ишхонамиз қаттиқ қўриқланарди, ташқаридан ҳеч ким киритилмасди, 5 метр наридан яқинларимни кўраман, қўл силкийман, аниқ кўра олмайман, фақат телефонда гаплашамиз.

Бошида ташкилий масалада анча қийинчиликлар бўлди. Бир кун ичида вазирлик ёрдамида керакли аппаратлар олиб келинган. Уч соат ичида клиникада даволанаётган бошқа беморларни уйига жўнатганмиз.

Ўша куннинг ўзида яна бошқаларда ҳам вирус аниқлана бошлади, яъни соат 14:00 ларда Англиядан келган икки нафар фуқарода инфекция тасдиқланди. Кейин Туркиядан қайтган беморда, сўнг бошқасида, қарабсизки, хасталик аниқланганлар сони орта бошлади».

Ўзбекистон ҳукумати, хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўша пайтда кўрилган чора-тадбирлар вазиятни ўз вақтида жиловлашга жуда катта ёрдам берди. Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди. Бунинг учун бюджетдан зарур маблағлар ажратилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон ва ковид

Коронавирус инфекциясининг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида изчил чора-тадбирлар кўрилди. Аввало, Республика махсус комиссияси тузилиб, унга халқаро экспертлар жалб этилди. Улар штаб мутахассислари билан биргаликда мамлакатда ушбу соҳага ихтисослашган даволаш муассасаларидаги тиббиёт ходимларига ҳам консультатив ёрдам кўрсатди.

Давлат чегараларидаги 53 та санитария-карантин пунктига қўшимча врачлар, тепловизор ва контактсиз термометрлар, шахсий ҳимоя воситалари ажратилди. Ушбу пунктлардан ўтаётган ҳар бир фуқаронинг яшаш жойи бўйича маълумотлар олиниб, бирламчи тиббиёт муассасалари томонидан улар устидан 14 кунлик тиббий кузатув йўлга қўйилди.

Мамлакатга кириб келаётган минглаб фуқаролар тиббий кузатувга олиниб, касаллик аломатлари йўқлигига ишонч ҳосил қилингачгина назоратдан чиқарилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан туну кун ишловчи 1003 қисқа рақамли Call-марказ ишга туширилди. У орқали коронавирус инфекцияси билан боғлиқ саволларга мутахассислардан тиббий асосланган жавоблар ва тавсиялар бериб борилди.

Тиббиёт ходимлари учун тарихий санага айланган 18 март

2020 йил 18 март куни президент коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халқимизга мурожаат билан чиқди.

«Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда… Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади.

Бунинг учун биринчи навбатда шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарур. Касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш унинг олдини олишда энг самарали чорадир...», деган эди ўз мурожаатида давлат раҳбари.

Ушбу мурожаатдан икки йил ўтиб, коронавирус таҳдидлари камайиб, тиббиётни янада ривожлантириш бўйича асосий масалалар кун тартибига чиққан паллада, Президент айни 18 март куни янги Ўзбекистон тарихида муҳим воқеа – илк бор тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Ушбу учрашув соғлиқни сақлаш соҳасида йиллар давомида йиғилиб қолган қатор муаммолар тилга олиниб, уларни ҳал этиш бўйича оқилона ечимлар кўрсатиб берилгани билан ҳам аҳамиятли.

Мурожаатдан бир кун ўтиб, 2020 йил 19 март куни коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган президент бошчилигидаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Шунингдек, «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори имзоланди.

Карантиндаги Ўзбекистон

Ўзбекистон ҳудудида 2020 йил 24 март соат 00:01 дан бошлаб коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб (карантин) жорий этилди.

Хорижий давлатлардан 20 та чартер рейс орқали 6 минг, темирйўл ва чегара постлари орқали 10 минг нафар фуқаромиз олиб келингани ҳақида хабар берилди.

Уларнинг барчаси 160 та манзилга жойлаштирилиб, карантинга олинди. Тажрибали шифокорлардан иборат махсус штаб тузилиб, ҳар бир беморни даволашда 24 соатлик онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилди. Хитой ва Жанубий Кореядан вирусологлар таклиф қилинди. Россия, АҚШ, Германия, Япония, Туркия каби қатор давлатлар мутахассислари билан ҳам доимий телемедицина алоқалари ўрнатилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда «COVID-19 бўйича миллий қўлланма» яратилиши ўзбек шифокорлари учун касалликка қарши курашда дастуриламал бўлиб хизмат қилди. 

Коронавируснинг «хонакилашиши»

Касалликнинг ривожланиш динамикасига қараб карантин чекловлари гоҳ юмшатилиб, гоҳ кучайтириб борилди. Шу муносабат билан моддий даромад манбаини йўқотган, ишсиз ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгиланди.

Июль ойида касалланиш ҳаддан ортиқ кучайиши сабаб шифохоналарга жуда оғир босим бўлди. Аммо вируснинг юқиш даражаси ҳаммада ҳар хил эди. Шу сабабдан ҳам айрим беморларни уй шароитида даволашга ўтказиш орқали тиббиёт муассасаларидаги юкламани анча енгиллаштириш мумкин эди.

Аммо беморларни уйда даволаш учун бирор йўриқномага эҳтиёж сезиларди. Шу сабабдан ҳам Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи асосида ковиднинг аломатсиз шакли билан касалланганларни уй шароитида даволаш ва эпидемиологик суриштирув ўтказиш тартиби белгиланди.

Республика махсус комиссияси йиғилишида уйида муолажа олаётган коронавирусга чалинган беморларни бепул дори-дармонлар билан таъминлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, уларга етказиб бериладиган препаратлар рўйхати тасдиқланди. Шунингдек, юртимизда нодавлат тиббиёт ташкилотларига пулли асосда COVID-19 инфекциясини аниқлаш ҳамда ўз шифохонасида даволашга расмий рухсат берилди.

Шу тарзда бутун Ўзбекистон тиббиёти «тождор офат»га қарши бир ёқадан бош чиқариб курашга кирди.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли тиббиёт клиникаси ходими Фотима Ҳусанова бир ой давомида узлуксиз ҳимоя комбинезонида беморларга тиббий хизмат кўрсатган. (2020 йил, май).

Қаҳрамонлик эътирофи

Президент «Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонга имзо чекди. 

Ушбу ҳужжат орқали пандемия даврида қасамёдига содиқ қолиб, миллат саломатлиги учун курашган тиббиёт ходимларининг бир гуруҳи юксак мукофотлар билан тақдирланди. Улар орасида вирусга қарши жангда қурбон бўлган фидойи шифокор ва ҳамшираларимиз ҳам бор эди. 

Коронавирус билан қарши олинган илк янги йил

Ўзбекистонда пандемия бошлангандан бери коронавирусга қарши курашиш учун ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари умумий қиймати 85 049,3 минг АҚШ долларига тенг тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди. Шунингдек, беморларни даволашга ихтисослашган махсус шифохона ва карантин мажмуалари ҳамда замонавий лабораторияларни бунёд этиш учун 965 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб, қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда барча шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилиб, улар зарур дори-дармон, ҳимоя, энг замонавий диагностика ва даволаш воситалари билан таъминланди. Қайд этиш жоизки, пандемияга қарши курашиш учун 200 минг нафардан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, 150 нафар чет эллик юқори малакали мутахассис жалб қилинди.

Пандемияга қарши кураш ишлари учун 2021 йилги давлат бюджетидан 3 триллион сўмлик захира шакллантирилиб, ушбу маблағлар ҳисобидан эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилди.

Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши курашдаги тажрибаси

COVID-19’га қарши курашда тиббиёти ривожланган айрим давлатлар ҳам беморлар учун ўрин-жой етишмаслигидан бир муддат саросимада қолганини кўрдик. Ўзбекистон бу пайтда ўзига хос алоҳида муассаса қуришни бошлаб юборган эди. Зангиота туманидаги махсус шифохона лойиҳасининг умумий қиймати 504 миллиард сўм бўлиб, 33 гектарда 2 та замонавий комплекс қад кўтарди. Бунда юқумли касалликлар хусусияти ва энг сўнгги тиббиёт талаблари инобатга олинди. Муассаса 2 минг ўринга мўлжалланган бўлса-да, уни 4 минг ўрингача трансформация қилиш имконияти бор эди.

Айтиш лозимки, пандемия давомида мазкур тиббиёт муассасалари халқимиз саломатлигини асраш, хусусан, COVID-19 га чалинган оғир аҳволдаги беморларни даволаш, уларга тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, бу орқали инфекциянинг аҳоли орасида кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик бўйича юртимиздаги асосий шифо масканларига айланди, — дейди Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов. — Марказимиз тўлиқ қувватда ишга тушгач, қатор тиббиёт муассасалари ўз йўналиши бўйича одатий тартибда фаолиятини давом эттира бошлади.  
Анвар Ҳусанов

Шундай қилиб, коронавирус фақат махсус шифохоналарда даволанадиган бўлди.

Вакцинация 

Вирусга қарши курашда энг асосий омил, шубҳасиз, вакцинациядир. Пандемия авж олган даврларда Ўзбекистон аҳолиси учун вакцина етказиб берилиши катта муаммолардан бири бўлиб турган эди. Кейинчалик халқаро ташкилотлар кўмаги, ҳукуматимизнинг бу масалага жиддий эътибори натижасида юртимизга олиб келинадиган коронавирусга қарши вакциналар тури ва дозаси ортиб борди. Ҳатто Хитойда яратилган янги турдаги препарат синовларида муваффақиятли иштирок этгани учун Ўзбекистон ушбу воситанинг ҳаммуаллифига айланди.

Кейинчалик бир неча турдаги эмдорилар юртимизда ишлаб чиқарилишига ҳам эришилди.

  • Шу пайтгача мамлакатимизда COVID-19 га қарши AstraZeneca, ZF-UZ-VAC2001, Sputnik-V, Moderna, Pfizer-BioNTech, Sinovac, Sputnik Light, Johnson&Johnson вакциналаридан фойдаланилди.

Албатта, бу натижаларга осонлик билан эришилмагани аниқ. Бугунгача Ўзбекистон фуқаролари 75 миллион доза вакцина билан эмланди. Айни пайтда биринчи дозани олиш кўрсаткичи эмланиши режалаштирилган қатламга нисбатан 100 фоизни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, юртдошларимиз 24 миллиондан ортиқ бустер доза қабул қилган. 

Хулоса

«COVID-19 вируси ҳали ҳам орамизда. Бундай инфекцияларга дунёмизни топшириб қўймаслик учун инсоният табиат билан муроса қилиб яшашга, ўз саломатлигига бефарқ бўлмасликка, илм-фандан фақат одамлар саломатлигини сақлашда фойдаланишга, тиббиётни тўғри йўналишда ривожлантиришга мажбур.

Коронавирусни «бетон тўсиқлар» билан тўхтатиб бўлмаслигини аччиқ сабоқлар орқали англадик. Шунга қарамай, Президентимизнинг тиббиёт соҳасидаги оқилона сиёсати, давлат томонидан фавқулодда вазиятларда эҳтиёт чоралари самарали ташкил этилгани, шифокорлар фидойилиги, вакцинация тадбирлари ўз вақтида йўлга қўйилгани, одамларнинг соғлом турмуш тарзига амал қилиши орқалигина бундай инфекцияларга ғов бўлиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилдик!» дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид