07:57 / 18.03.2023
11955

БМТ бош котиби: Путин биз учун - персона нон грата эмас

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Путин билан мулоқотни давом эттиришга тайёр, аммо Халқаро жиноий суд уни ҳибсга олиш учун ордер берган. БМТ спикери Стефан Дюжаррикнинг айтишича, Россия президенти ташкилот учун персона нон грата эмас.

Фото: Anadolu agency

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) Россия президентини ҳибсга олишга ордер берганига қарамай, Путин билан гаплашишга тайёр. Бу ҳақда 17 март, жума куни БМТ бош котиби идораси вакили Стефан Дюжаррик маълум қилди.

«Биз бош котиб олдидаги муаммоларни ҳал қилиш учун ким билан гаплашиши керак, деган позицияда турибмиз», деди Дюжаррик. БМТ спикерининг сўзларига кўра, бундай масалалар контекстида ХЖС БМТ Котибияти билан ҳуқуқий жиҳатдан боғлиқ эмас. Шунга кўра, Путин БМТ учун персона нон грата бўлмайди.

Шу билан бирга, Дюжаррик унинг ҳаракат эркинлигидаги чекловлар Россия президенти билан эҳтимолий музокараларга халақит берадими, деган саволга жавоб беришдан бош тортди. Халқаро жиноий судда амалиётга қабул қилинган адвокат Сергей Голубок Telegram'даги «Можем объяснить» каналига тушунтиришича, агар Путин Рим статутини ратификация қилган, шунингдек, ХЖС юрисдикциясини тан олган давлатлардан бирига ташриф буюрса, маҳаллий ҳокимият органлари уни ҳибсга олишлари керак. Гап 123 та давлат, жумладан Европанинг барча мамлакатлари, Жанубий Америка, шунингдек, Тожикистон, Жанубий Африка, Афғонистон, Марказий Африка Республикаси ва Нигерия ҳақида бормоқда.

Халқаро жиноий суд Путинни ҳибсга олишга ордер бергани ҳақида 17 март, жума куни ХЖС сайтида хабар берилган. Суд Россия президентини ҳарбий жиноятларда, хусусан, Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга мажбуран депортация қилишда гумон қилмоқда. Путин «ушбу жиноятлар учун бевосита, бошқа шахслар билан биргаликда ёки бошқа шахслар орқали, шунингдек, ушбу ҳаракатларни содир этган фуқаролик ва ҳарбий хизматчилар устидан тегишли назоратни амалга оширмагани учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин», дейилади хабарда.

Худди шундай ҳибсга олиш ордери Россия президенти ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Беловага нисбатан ҳам чиқарилган. ХЖС қарорида айтилишича, Ҳаага суди «у юқоридаги жиноятлар учун шахсан жиноий жавобгарликка тортилиш учун етарли асосларга эга, чунки у бу қилмишларни бевосита, бошқа шахслар билан биргаликда ва/ёки бошқа шахслар орқали содир этган».

Москва 2022 йил 24 февралда Россия ҳарбийларининг Украинага ҳужуми ортидан Украинада содир этилган ҳарбий жиноятларга алоқадорлигини рад этади. Россия Халқаро жиноий суднинг юрисдикциясини тан олмайди ва унинг ишида иштирок этмайди. 2016 йилдан бери у суднинг ҳаракатларини белгилайдиган Рим статутининг иштирокчиси эмас. Ўз навбатида, ХЖС ҳарбий жиноятларни тергов қилиш ва жазолашда давлат раҳбарларининг дахлсизлигини тан олмайди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top