09:13 / 18.03.2023
7081

Туркия Финландиянинг НАТОга аъзолигини ратификация қилишга рози

Финландиянинг иши Швецияникидан фарқ қилади, деди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған. Унга кўра, Стокҳолм Анқара сўраган «террорчилар»ни экстрадиция қилишга рози бўлмаган.

Фото: Getty Images

Туркия Финландиянинг НАТОга аъзо бўлиш аризасини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда 17 март, жума куни Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Финландия президенти Саули Ниинистё билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, унинг мамлакати парламенти Финландиянинг Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш ҳақидаги аризасини ратификация қилиш жараёнини бошлайди.Бу масала бўйича овоз бериш 14 майга белгиланган сайловлардан олдин ўтказилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, у Финландия иши Туркиянинг «террорчилар»ни экстрадиция қилиш ҳақидаги илтимосини рад этган Швеция билан боғлиқ вазиятдан фарқ қилишини таъкидлади. «Террорчилар» деганда Анқара биринчи навбатда курд фаоллари ва 2016 йилги давлат тўнтаришига уринишда гумон қилинаётган туркларни назарда тутади. Эрдўған унинг мамлакати Стокҳолмга экстрадиция қилишни талаб қилган 120 нафар «террорчи» рўйхатини топширганини, бироқ Скандинавия қироллиги расмийлари бу қадамга бормаганини эслатди.

Ўз навбатида, Саули Ниинистё НАТОга қўшилиш Финландия учун муҳим қадам эканлигини таъкидлади.

НАТОга аъзо бўлиш аризаси маъқулланиши учун у Шимолий Атлантика альянсининг барча 30 та давлати томонидан ратификация қилиниши керак. Туркия ва Венгрия НАТОга аъзо давлатлар орасида ҳали буни қилмаган. Финландиянинг аъзолиги масаласи бўйича Венгрия парламенти 27 март куни овоз беради ва Швеция бўйича қарор кейинроқ қабул қилинади.

Саули Ниинистё Туркиянинг Финландиянинг НАТОга аъзолик аризасини ратификация қилиш қарорини олқишлади, бироқ Швеция иттифоққа аъзо бўлмаса, бу «тўлиқ бўлмаслигини» қўшимча қилди. Финландия бош вазири Санна Марин ҳам шундай фикр билдирди. «Финландия Швецияни имкон қадар тезроқ НАТОга аъзо бўлиши учун ҳамма нарсани қилади. Биз биргаликда кучлироқмиз», деб таъкидлади у Twitter саҳифасида.

Ўз навбатида, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Туркия парламенти Ҳелсинки аризасини имкон қадар тезроқ ратификация қилишига умид билдирди. «Энг муҳими, Финландия ҳам, Швеция ҳам тез орада НАТО аъзоларига айланади, бу бир кунда содир бўлиши у қадар муҳим нарса эмас», деди Столтенберг.

Шу билан бирга, Швеция расмийлари Туркия Стокҳолм аризасини ратификация қилишга ҳали тайёр эмаслигидан афсусда эканини билдирди. Швеция ташқи ишлар вазири Тобиас Биллстрём журналистларга берган интервьюсида: «Бу биз истамаган, аммо бунга тайёр бўлган воқеалар ривожидир» деди.

Top