Ўзбекистон | 13:48 / 19.03.2023
46304
5 дақиқада ўқилади

“COVID-19 асорати – коксартроз касаллиги кескин кўпаймоқда” – мутахассис

Коронавирус инфекцияси ўпка тўқималарининг зарарланиши билан кечган бўлсада, унинг асорати бутун организмда ўз таъсирини кўрсатмоқда. COVID билан касалланиб даволанган беморлар аввалига таъм, ҳид билиш сезгиларини йўқолган бўлса, эндиликда уларнинг кўпчилиги коксартроз (сон суяги бошчаси емирилиши) касаллигидан азият чекмоқда.

Фото: dmclinic.uz

Ўпка тўқималарининг суяк-сон тўқималари билан қандай боғлиқлиги бор? Нега бошқа аъзода кечган касаллик бошқа бир аъзода асоратини кўрсатмоқда? Ушбу саволларга Kun.uz травматолог-ортопед шифокор Нуъмонжон Сидиковдан жавоб олди.

COVID’дан кейин коксартроз касаллиги кўпайиб кетмоқда. Бундай касалликлар COVID’дан аввалги йилларга нисбатан 3-4 баробарга ошди.

“Сон суяги бошчаси емирилиши касаллигининг уч тури фарқланади. Диспластик коксартроз, травматик коксартроз ҳамда идиопатик коксартроз. Диспластик тури асосан туғма чиқишлар натижасида вужудга келган бўлса, травматик тури жароҳат олиш натижасида ривожланади. Кoронавирус инфекцияси тарқалгунга қадар диспластик коксартроз кўп учрарди ва у асосан аёлларда кузатиларди.

Идиопатик коксартроз турли касалликлар фонида пайдо бўлади. COVID’дан сўнг идиопатик тури кескин ошди, унинг асосий беморлари эса эркакларни ташкил этади”, дейди Нуъмон Сидиков.

“Сон суягининг бошчасига қон айланишининг бузилиши ҳисобига қон етиб бормаслиги натижасида сон суягидаги тўқималар некрозга учрашни бошлайди. Асосий манбаа — қон яхши етиб келмаслиги ҳисобига некрозга учрайди ва емирилади.

COVIDдан кейин сон суяги емирилиши касаллиги кўпроқ эркакларда кузатиляпти. Бу касаллик ёш танламайди. Аммо ковиддан сўнг 20-60 ёш эркаклар орасида кўп учрамоқда.

Аёлларда ҳам учрайди. Аммо айнан ковиддан сўнг бундай беморларнинг асосий сонини эркаклар ташкил этмоқда”.

COVID-19 асосан пневмониянинг ўткир кўриниши билан кечган бўлса, таянч ҳаракатланиш системасига қандай таъсир кўрсатгани ҳақида доктор Сидиков асосий сабаб сифатида қуйидагиларни кўрсатди: 

“Тўғри, коронавирус натижасида кўпроқ ўпка тўқимаси зарарланади. Лекин COVID сабаб қон қуйилиш ҳолатлари кўпайди. Қон қуйилиши организмда қон айланишининг бузилишига олиб келади. Алал оқибат сон суяги бошчасига қон етиб бориш механизми ишдан чиқади.

COVID-19 да томир ўзгаришларига эндотелиолит, қон томирининг торайиши ва ёрилиши, тромботик микроангиопатия, капилляр функциясининг етишмовчилиги ва тўқималарда кислород танқислиги кабилар киради.

Гиперяллиғланиш ва гиперкоагулация комбинацияси биргаликда кенг тарқалган томир функцияси етишмовчилигига олиб келади. Узоқ томир яллиғланиш ҳолати томир девори қаттиқлигини оширади, томирларда қариш жараёнини тезлаштиради.

Сон суяги бошчасини озиқлантирувчи қон томирлардан ўтаётган қоннинг қуюқлашиб қолиши ва кам ўтиши натижасида сон суяги бошчаси озиқланиши бузилади.

Бундан ташқари, COVID-19 касаллигининг эрта даврида кортикостероид(гормон) қўллашнинг клиник афзалликлари ва ножўя таъсирлари ҳақида маълумотлар етарли эмаслигига қарамасдан, кортикостероид терапия касалликнинг енгил ёки ўрта даражаларида ҳам кенг қўлланилмоқда.

Сон суяги бошчасининг стероид сабабли ривожланган емирилиши сон суяги бошчасининг атравматик остеонекрозининг 47.4% дан ортиғини ташкил қилади. Стероид сабабли ривожланган остеонекрознинг юзага келиши кортикостероид кумулятив хусусияти, максимал дозаси ва касаллик ҳолатига боғлиқ, аммо ёндош касаллик, масалан, қандли диабет мавжуд ҳолатларда кичик дозаларда ҳам юзага келиши мумкинлигини кўриш мумкин.

Мазкур препаратлар Д витамини ва калцийнинг суякка етиб боришига тўсқинлик қилади. Натижада у мўртлашиб, емирилишга олиб келади.

Фото: dmclinic.uz
Фото: dmclinic.uz

Оғриқ асосий симптомлардан бўлиб, у аввалига юрганда, оғир юк кўтарганда, босим тушгандан кейин кузатилади. Касаллик оғирлашиб борган сари, бемор ҳатто тинч ҳолатда ҳам оғриқни ҳис қилади. Ҳатто эркин ҳолатда юролмай қолади.

Бу касалликнинг олдини олиш учун COVIDни бошдан ўтказган беморлар кўпроқ суюқлик ичиши, қонни суюқлаштирувчи препаратлар ичиб туриши керак. Калцийга бой бўлган таомлардан кўпроқ истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, калций, витамин Д препаратларини қабул қилиш, қуёшда сайр, таянч ҳаракатланиш системасига босим туширмаслиги керак. 

Оёқ бўғимларда, чаноқ соҳасида оғриқ ҳис қилганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш хасталикнинг олдини олишга, вақтида аниқлаб, даво чораларини кўришга ёрдам беради.

Коксартрозни даволаш унинг босқичига қараб электрофорез, локал баротерапия, метаболик терапия каби усуллардан фойдаланиб амалга оширилади. Сўнгги босқичларда операция қилинади”.

Чарос Маннонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид