01:18 / 23.03.2023
127174

Ўзбекистонда яна зилзила рўй берди

6 балл магнитудали зилзила Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳудудида рўй берган. Ўзбекистон вилоятларида зилзила кучи 4-5 баллни ташкил этди.

23 мартга ўтар кечаси Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида яна ер силкиниши кузатилди.

ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази хабар қилишича, Тошкент вақти билан соат 01:07 да Тожикистонда зилзила содир бўлди. Зилзила координаталари: 39,39 градус шимолий кенглик; 69,93 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=6. Чуқурлик 15 км. Зилзила эпимаркази Тошкентдан 217 км жанубий-шарқда.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сезилиш кучи:

  • Сирдарё вилоятида 5 балл, 157 км
  • Фарғона вилоятида 5 балл, 192 км
  • Жиззах вилоятида 5 балл, 198 км
  • Тошкент шаҳрида 5 балл, 217 км
  • Наманган вилоятида 4-5 балл, 232 км
  • Самарқанд вилоятида 4-5 балл, 256 км
  • Андижон вилоятида 4-5 балл, 257 км
  • Сурхандарё вилоятида 4 балл, 335 км
  • Қашқадарё вилоятида 4 балл, 363 км
  • Навоий вилоятида 4 балл, 398 км
  • Бухоро вилоятида 4 балл, 474 км.

UPD: Тошкент вақти билан соат 01:36 да Тожикистонда 3,9 балли иккинчи зилзила (афтершок) содир бўлди. Зилзила эпимаркази Тошкентдан 215 км жанубий-шарқда.

Эслатиб ўтамиз, 21 март куни, Тошкент вақти билан соат 21:47 да Афғонистонда рўй берган 6,6 балли зилзила Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида сезилган, Тошкент шаҳрида ер силкиниши кучи 5 баллни, Сурхондарё вилоятида 6 баллни ташкил этганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ҳудудида бунга қадар энг кучли зилзила 2011 йил 20 июлига ўтар кечаси, соат 01:35 да рўй берган, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида 6,2 баллдан 7 баллгача баҳоланган ер силкиниши оқибатида 13 киши ҳалок бўлиб, 86 киши тан жароҳати олганди.

Минтақада сўнгги энг кучли зилзила 2008 йил 5 октябрида, соат 21:52 да Қирғизистон жанубида рўй берган, ўшанда қарийб 8 балли зилзила оқибатида 70 дан ортиқ киши вафот этган, юздан ортиқ киши тан жароҳати олган, 144 бино вайрон бўлган.

1966 йил 26 апрелида эса 5,2 балли зилзила оқибатида Тошкент шаҳрининг марказий қисми амалда буткул вайрон бўлган. Ўшанда сейсмик тебраниш оқибатлари туфайли камида 10 киши ҳалок бўлиб, бир неча юз киши жабрланган, 300 мингга яқин киши бошпанасиз қолган. Зилзила оқибатларини бартараф этиш ишларига СССРнинг барча республикаларидан ёрдам келганди, шаҳарни тиклаш ишлари уч йил давом этган.

2023 йил 6 февралида Туркия жануби-шарқи ва Сурия шимоли-ғарбида сўнгги ўн йилликлардаги энг вайронкор зилзила содир бўлди. Қурбонларнинг аниқ сони ҳозирга қадар маълум эмас, аммо Туркияда бу рақам 50 мингдан ошган.

Top