14:38 / 03.04.2023
67201

“Эримдан ўч олишни ўйлабману, ўзимнинг шаънимни ўйламабман” — пушаймон аёл ҳикояси

“Қизимнинг таъна, алам тўла нигоҳлари ҳеч қачон кўз олдимдан кетмаса керак. Ҳеч бўлмаса мени, келажагимни ўйламадингизми, деган сўзи ҳали ҳам қулоқларим остида акс садо беради. Эримдан ўч олишни ўйлабману, фарзандларимнинг, ўзимнинг шаънимни ўйламабман...”

Фото: KUN.UZ

Гоҳида кимгадир аччиқ қилиб шундай хатога йўл қўямизки, унинг товонини бутун умр тўлашимизга тўғри келади. У хато нафақат бизнинг, балки яқинларимизнинг ҳам ҳаётини остин-устун қилиб юборади. Ҳаётимиз саҳифасида ўчмас доғ бўлиб қолади.

“Ҳаётий ҳикоялар”нинг бу галги қаҳрамони ҳам хатосининг товонига умрининг энг гўзал лаҳзаларини  бериб, кунларини афсус, надомат билан ўтказаётганлардан.

“Туркияга келганимга ҳам анча йил бўлди. Ҳатто саноқдан ҳам адашиб кетдим. Уч йилми, тўрт йилми, балки беш йил бўлгандир. Кунларни санашимдан фойда йўқ, чунки мен ортимга, ватанимга, оилам бағрига қайтолмайман.

Бу ерга одамлардан қочиб келганман. Аммо одамлардан қанчалик қочмай, ўзимдан қочолмадим, хаёлларимдан қутулолмадим. Бир вақтлар оилам, хиёнаткор бўлса ҳам эрим, бир-биридан ширин фарзандларим, ота-онам бор эди. Ўйламай босган қадамим мени барчасидан айирди...

Ота-онам оддий, меҳнаткаш инсонлар эди. Отам новвой, биз уларга кўмакчи эдик. Ҳовлимизда иш тугаганини эслолмайман. Суягим меҳнатда қотди. Тиним бўлмаса-да, оиламизда хотиржамлик, барака бор эди.

Вақти соати билан мени турмушга узатишди. Турмуш ўртоғим бўйлари баланд, хушсурат йигит эди. Уни жуда яхши кўрардим. Шу қадар яхши кўрардимки, жонимни беришга ҳам тайёр эдим.

Саҳар туриб келинлик вазифаларимни қилар, доимо унга эътиборли бўлишга уринардим. Тун ярмида хамир қориб, тонг отмасдан тандирга ўт қалардим. Оила аъзоларим уйғонмасдан нонларни узардим. Қайнотам қайнонамга бу келининг ухлайдими ўзи, дер эканлар.

Катта фарзанд бўлганлари учун алоҳида ҳовлига кўчиб чиқдик. Қайнотам яхши жойларда ишлаган, ўғилларига улар улғаймасдан туриб уй-жой солиб қўйган эканлар. Бирга яшаганимизда билинмаган экан, эримнинг тайинли иши йўқлиги алоҳида чиққанимиздан сўнг сезила бошлади.

Отасининг давлатига керилиб юрган йигитлардан эканлиги кун сайин билиниб борарди. Бозор-ўчар қилишни билмас, кийим-кечакни қўятуринг, рўзғорга етарли маблағ тополмасди. Бу вақтда мен ҳомиладор эдим. Кўнглим бир нималар тусаса ҳам эрим қийналмасин деб айтишга ийманардим.

Қайнона-қайнотам қарашиб туришса-да, рўзғорда етишмовчиликлар бўлаверди. Отамнинг новвойхоналарида ишлай бошладим. Уларга ёрдамлашиб, кунлик иш ҳақи ва нон, озиқ-овқатлар олиб кела бошладим. Эрим аввалига хижолат бўлди. Лекин кейин уялмай қўйди.

Оила бошлиғи эканини ҳис қилиб туриши, масъулиятни унутмаслиги учун ишлаб топган пулларимни эримнинг қўлига олиб келиб берардим. Керак бўлса, сўраб олардим. У-бу устачилик ишларига чиқиб турган эрим кунлар совигач умуман ишга чиқмай қўйди.

Қорним анча катталашиб қолган, ой-куним яқинлашгани сари ишлашим ҳам қийинлашиб борди. Отамникига борганимда мени новвойхонага киргизмай қўйишди. Бўлди, ўзингни асра, рўзғорингни ўзим қилиб бераман, дедилар дадам.

Бир томондан виждоним қийналар, бир томондан эримни қаттиқ севганим учун хафа қилиб қўйишдан қўрқардим. Шундай қилиб кўзим ёриди. Биз қизли бўлдик.

Фарзандимиз уйимизни нурга тўлдирган бўлса, бир томондан турмушимиз янада қийинлашиб қолди. Яхши еб-ичмаганим учун сутим ҳам яхши келмай, болам тўймагани учун йиғлаб инжиқлик қилар, у йиғлагани сари менинг асабларим чарчаб бораверарди.

Шундан сўнг орамизда жанжаллар чиқа бошлади. Ора-сира қайнотам ва отамникидан келадиган озиқ-овқатга қараб қолдик. У етмасди. Кимдир ишлаши керак эди. Эрим кунлар исиса устачиликка чиқишини, амаллаб отамнинг олдида ишлаб туришимни тинимсиз уқтирарди.

Чиллам чиққач уйга бордим. Онамга яна ишламоқчилигимни айтдим. Янги келинлигингдаёқ ишлашингга қарши эдим. Эринг тайинли ишнинг бошини тутмасдан сен топганингга ўрганиб қолмасин, деб қўрққандим. Отанг қўймагандилар. Ноилож индамадим. Лекин белингни тутиб олмасингдан ишга чиқишингга қўймайман. Ўрнингга эринг келиб ишласин, дедилар.

Аввалига кўнмади, лекин бошқа иложимиз ҳам йўқ эди. Эрим аста-секин новвойчиликнинг сир-асрорларини ўргана бошлади, аввалига хамир қоришни, кейин зувала узишни, ясашни. Аммо нон ёпишни ўрганолмади.

Мен нонни яхши ёпардим. Эр-хотин маслаҳатлашиб, уйда новвойхона очишга қарор қилдик. Эрим хамир қориб берар, мен ёпардим. Аста-секин мижозлар йиға бошладик. Ишимиз юришган сари эрим ўзгара бошлади. Қўлига бир-икки сўм пул тушиб, босар-тусарини билмай қолаётганди.

Кечқурунлари ҳовли этагига бориб, кимлар биландир телефонда соатлаб гаплашадиган одат чиқарди. Шу қадар чарчардимки, бориб уни пойлашга ҳолим ҳам қолмасди. Саҳар туриб нон ёп, дўконларга тарқатиб кел, уй ишлари, бола, эр, рўзғор... Хуллас, кунларим шундай ўтаверарди.

Барабаннинг ичига тушиб қолган сичқончадек тинимсиз югурардим. Эрим ҳамир қориб берарди-да, чарчадим деб кун бўйи ухларди. Туни билан телефонда гаплашиб чиқарди.

Шу зайл иккинчи, учинчи фарзандларимни дунёга келтирдим. Қорнимнинг ўнг томони тез-тез оғрийдиган бўлиб қолди. Аввалига оғриқ қолдирувчи уколлар олиб юрдим. Лекин борган сари зўрайиб бораверди. Текширувда жигаримда қурт борлигини, зудлик билан олдиришим кераклигини айтишди.

Операциядан кейин бир ҳафта шифохонада қимирламай ётдим. Уйга келганимдан сўнг ётиш қаёқда. Ҳали тўлиқ тузалмаганим учун эрим нон ёпди. Ҳаммасининг орқаси қорайиб чиқди. Уларни дўконларга ялиниб, ёлвориб ярим нархида ўтказиб чиққунча адо бўлдим.

Ҳозир ўйлаб эрим кўп нарсага эпсиз бўлганини тушунаман. Лекин ўшанда кўзларим кўр эди. Эримни телбаларча севар, унга қаттиқ ишонардим. Агар бунчалар яхши кўрмаганимда хиёнатини шу қадар қаттиқ олмасмидим, деб ўйлайман.

Болалар, рўзғор, иш, буларнинг барига улгуролмай қолдим. Рўзғор ишларини қилиш учун бир қизни ишга олдим. Олис тумандан келган бу қиз уйимизда туриб ўқув курсига қатнар, бўш вақтларида уй юмушларимни бажарарди. Албатта, бунинг учун унга ҳар ой ҳақ тўлардим.

Аввалига эътибор қилмадим, аммо эримнинг бегона қизга нисбатан ортиқча меҳрибончиликлари ғашимни келтира бошлади. Тунда қизлар билан телефон орқали гаплашиб юришини эркакчиликка йўйиб кўз юмгандим. Лекин кўз ўнгимда бегона қизга хушомад қилиши мени камситар, аёллик нафсониятимга тегарди.

Қизимиз юқори синф, ўғилларим ҳам эсини таниб қолганда отаси эсини емагандир, деб ўзимни юпатиб юрдим. Аммо қўрққаним содир бўлди. Уларни бирга ушлаб олдим. Тафсилотларини эслашни, бирма-бир гапиришни истамайман.

Хуллас, жанжаллар, кечирим сўрашлар, ялиниб ёлворишларидан сўнг кечирдим. Бироздан сўнг эрим яна қилиқларини бошлади. Бир кечирди, бундан кейин доим кечиради, деб ўйлади чоғи.

Ишонасизми, аёллигимни ҳис қилмай қўйдим. Ширин гап, меҳрибончилик у ёқда турсин, бир дастурхонда овқатланмасдик. Эрим тушда чиқиб кетиб, ярим тунда кириб келадиган бўлди.

Рашк, алам, нафрат кўзларимни кўр қилди. Эримдан топмаган бахтни мен ўзгалардан излай бошладим. Шундай инсонни топдим ҳам. Узоқ суҳбатлашардик. У мени тингларди, тушунарди, ширин сўзларини аямасди. Мен у билан ҳеч бир тубанликка бормадим, аммо, кундан кун унга боғланиб бордим.

Тез тез ёзишадиган бўлдим. Бир-биримизга расм жўнатиб, ҳар соатда аҳволимизни сўрайдиган бўлдик. Эримга ўзимни фақат пул, рўзғор учун керакдек ҳис қилардим. Ўзимга яраша ҳусним, чиройим бўлса, унга фарзандлар туғиб берган бўлсам, рўзғорини бутлаб ўтирган бўлсам, тинмасам, нега менга бундай ноҳақлик қилишини тушуна олмасдим.

Кўза кунда эмас, кунида синади, дейишади. Менинг кўзам ҳам синди. Доим ёзишмаларни ўчирардим. Ўша кун ёзишиб ётиб, ухлаб қолибман. Ярим тунда келган эрим қўлимдан телефонимни олиб хабарларни ўқиб чиқибди.

Жанжал, тўполон қилди. Қариндош-уруғ, қўни-қўшни, маҳалла-кўйни бошимга йиғиб келди. Унинг қўлида далил бор эди. Мен эса унинг хиёнатларини исботлаб беролмасдим.

Қизим кўзларимга термулиб, ойи, ҳеч бўлмаса мени ўйламадингизми? Ким деган одам бўлдим, синфдошларим ичида қандай бош кўтариб юраман, дегандаги нигоҳлари ҳеч қачон эсимдан чиқмаса керак.

Эрим жавобимни берди. Болаларим ҳеч бири мен билан кетишни истамади. Отам оқ қилди, онам юзимга ҳам қарамади, фақат юм-юм йиғлади. Хиёнаткор эримни хиёнат билан жазоламоқчи бўлиб ўз ҳаётимни барбод қилдим.

Мен билан ёзишиб юрган инсоннинг ҳам оиласи, фарзандлари бор экан. Бўлган воқеадан хабар топгач, менинг оилам ҳам шундай бўлишини истамайман, мени тушунинг, деди. Қанчалар катта хатога йўл қўйганимни тушуниб етдим. Лекин жуда кеч эди...

Мана, энди юрибман, ўзга элларда одамларнинг боласини боқиб, қари онасига қараб. Ҳозирги ақлим бўлганда эрим билан ўшандаёқ ажрашган бўлардим. Ота-онам, болаларим бағрида бўлардим ҳозир. Шаъним ҳам оёқ ости бўлмасди.

Аввалига яшаш жуда қийин бўлди. Аммо болаларимни соғиниб яшашга ҳам кўникиб қолдим. Бир ўй доим юрагимни ўртайди: болаларим мен ҳақимда гапиришга уялади, мен ҳақимда гап кетса отамнинг боши хам бўлади. Уларга муносиб фарзанд, муносиб она бўла олмадим. Ўлсам ҳам биров билмайди, ортимдан йиғламайди...”       

Мавзу
Ҳаётий ҳикоялар
Турфа тақдирлар ва умр манзаралари
Барчаси
Top